Сирдарё вилоятида карантин қоидаларини бузган ва ИИБ ходимларини ҳақорат қилган фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Сирдарё ИИБ ахборот хизмати хабар қилган.

Фото: «Дарё»

Хабарга кўра, карантин эълон қилинганига қарамасдан 3 апрель куни соат тахминан 00:50 ларда Сирдарё туманидаги «Синдаробод» маҳалласи ҳудудида жойлашган блокпостга фуқаро У.Н. ўзига тегишли Nexia русумли автомашинада ниқобсиз келиб, жамоат жойида бақир-чақир қилиб, хизмат вазифасини бажараётган Сирдарё тумани ИИБ ходимларини ҳар хил куракда турмайдиган уятли сўзлар билан сўкиб, майда безорилик содир этиб, туман ИИБ ходимларининг уни тинчлантириш борасидаги қонуний талабларини бажармаган.

Фуқаро У.Н. ўзининг юқоридаги ҳаракати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси, 183-моддаси, 194-моддасининг 1-қисми ва 195-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Маъмурий ишлар бўйича Сирдарё тумани судига юборилган.

Маъмурий ишлар бўйича Сирдарё тумани судининг 3 апрелдаги қарорига асосан, фуқаро У.Н.га 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, қамоқда ўтирган кунлари учун ундан 501 750 сўм қамоқ харажатлари ундирилиши белгиланган.

Аввал Фарғонада карантин қоидасини бузиб, тунда ниқобсиз, велосипедда юрган маст фуқаро 15 суткага қамалгани, БААдан олиб келинган 7 киши карантин қоидаларини бузгани учун 15 суткага қамалгани, Фарғонада карантин қоидасини бузиб, ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатган аёл 5 суткага қамоққа олингани ҳақида хабарлар берилган.