Италия олдида короновирусдан ташқари яна қандай хавф турибди? Коронавирус пандемияси вақтидаги Лотин Америкаси қамоқхоналарида вужудга келган вазият ва Хитой ҳукуматининг коронавирус борасидаги статистик маълумотларига ишончсизлик ҳақида жаҳон матбуоти шарҳи рукнининг коронавирусга бағишланган навбатдаги сонида маълумот оласиз.
Коронавирус ва итальян мафияси
Итальян мафияси мамлакатдаги карантиндан фойдаланиб ўз сафига янги ишсиз, пулсиз қолган аҳоли қатламларини жалб қилишга уринмоқда, деб ёзади The Daily Beast нашри.Италияда тўрт ҳафталик муддатга мўлжалланган карантин давом этар экан, аҳоли орасида намойишларга, ҳукумат қабул қилаётган қарорларга бўйсунмасликка чақириш авж олмоқда.
Италиянинг Палермо шаҳри (Сицилия) кўчаларида полиция карантиндан норози бўлган аҳолини тинчлантиришга ва уйда қолишга чақирмоқда. Бу шаҳарларда бир қатор савдо дўконларининг ойналари синдирилган ва пештахтадаги маҳсулотлари ўғирлаб кетилган. Бундай ҳолат оммавий тус олмоқда. Коронавирусдан ваҳимага тушган маҳаллий аҳоли дўконлардан озиқ-овқат маҳсулотларини пул тўламасдан, баъзида таҳдид билан жазава олдида ожиз қолган дўкон эгаларидан тортиб олиб кетмоқда. Шу сабабдан дўконлар олдида полиция қўриқлов хизмати тун-у кун қўриқчилик қилмоқда.
Ҳозирда блоклаб қўйилган Facebook’даги гуруҳларда аҳолини ҳукумат талабларига бўйсунмаслик чақириқлари янграган, натижада кўчаларда тартибсизликлар ҳам юзага келган. Италияда етакчи озиқ-овқат етказиш хизмати – Tirrenia CIN компанияси банкрот бўлганини эълон қилди.
Ҳукумат эса мамлакатдаги тартибсизликлар ортида мафия турганини, айнан мафия мамлакат шимолида коронавирус эпидемияси билан овора бўлиб қолган вазиятдан фойдаланиб, мамлакатда қора бозорни йўлга қўйиш ва тартибсизликни келтириб чиқаришга уринаётганини айтмоқда. Мамлакатдаги энг йирик Коза Ностра мафияси итальянларни пандемия шароитида ўз сафига қўшиб олишни мақсад қилган.
Шундай бир мураккаб даврда ҳукумат тўрт ҳафталик карантин муддатини Пасха байрамигача чўзганини билдирган бўлса, айрим сиёсатчилар карантин июнь ойигача ҳам давом этиши мумкин демоқда.
Италия шимолидаги аҳоли олдидаги энг катта хавф коронавирус бўлиб турган бир вазиятда, мамлакат жанубидаги итальянларнинг муаммоси норозилик ва ғазабга айланган. Кредитлар ва ижара ҳақларини тўлаш муҳлати кечиктирилди, фабрика ва заводлар ишламаяпти, мамлакатдаги 3,7 миллион атрофидаги ноқонуний ишлайдиган аҳоли ҳукуматдан товон ололмаслиги натижасида қийинчиликларни бошидан кечирмоқда.
Палермо шаҳри ҳокими Леолуча Орландо агарда ҳукумат тезкорлик билан бирор чорага қўл урмаса, мамлакатдаги вазият тубдан издан чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, шаҳар ҳокими Facebook ижтимоий тармоғида тарқаган норозилик ва тартибсизлик уюштиришга чақирувлар ортида италян мафияси тургани борасида хавотир билдирди.
Италиядаги ҳар бир вилоятда COVID-19 вирусига чалинганликни аниқловчи тестлар ўтказилаётган бўлса-да, айримлар бу касаллик мамлакат жанубида истиқомат қилувчилар орасида бу энг асосий таҳдид эмас деган ташвиқот юритилмоқда. Италиянинг жануби шимолга таққослаганда анча қашшоқ экани инобатга олинса, COVID-19 пандемияси жанубий вилоятларда тарқайдиган бўлса, бу янада кўпроқ қурбонлар олиб келиши мумкин. Сабаби, Италиянинг бой, саноатлашган шимолий вилоятлари ҳам коронавирусга қарши туролмаяпти.
Мафия қурбонларига ёрдам хайрия жамғармасининг президенти Жузеппе Анточи фикрича, мафияга қарши кураш ва уларни тизгинга солиш юз йиллаб давом этган катта қон тўкилишлари асосида ҳукумат ғалабаси билан тугади, аммо вирус қўлга киритилган барча ютуқларни бой беришга сабабчи бўлиши мумкин.
Мамлакатда кичик ва ўрта бизнес оғир вазиятни бошидан кечираётган бир вазиятда мафия яна ҳокимиятни ўз назоратига олишни мақсад қилган. Бу мақсадда мафия қийналган аҳоли қатламларига арзон-гаров қарзлар бериш орқали мурожаат қилмоқда. Агарда қарз ўз вақтида тўланмаса, қарз олганлар эвазига мафия домига тушиши мумкин.
Италия жанубида карантин сабаб қашшоқлик ва очлик кундан кунга ўз кучини кўрсатар экан, аҳоли норози бўлиб кўчаларга чиқадиган бўлса, ҳукумат норозилик намойишини бостириш учун етарли кучга эга бўлмай қолади, деб огоҳлантиради Палермо шаҳри ҳокими Леолуча Орландо.
Сицилия ва Италия жанубидаги вилоятларда вужудга келган вазият коронавирусдек тез ёйилиш имконига эга бўлмаса-да, вазиятни юмшатиш учун Италия бош вазири Жузеппе Конте карантин вақтида даромадларидан айрилган аҳоли қатламига 400 миллион евро миқдорида ёрдам берилиши ҳақида кўрсатма берди. Жанубий вилоятлардаги ҳокимлар назарида молиявий инқироз ёқасига келиб қолганлар учун 400 миллионлик ёрдам денгиздан бир томчидир.
Бу эса Италия жанубидаги вазият оғирлигидан юзага келган ижтимоий-молиявий инқироз мамлакат шимолига ҳам кўчиши мумкинлигидан. Юзага келган муаммони ижобий ҳал қилиш Италия ҳукумати олиб бораётган сиёсатга боғлиқ бўлиб, коронавирус пандемияси муаммосини кам қурбонлар билан енгиши ҳам жуда муҳим.
Коронавирус пандемияси вақтидаги Лотин Америкаси қамоқхоналаридаги вазият
Мураккаб вазият ва жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумлар миқдорининг ўсиб бориши вазиятида қамоқхоналар вирус кенг тарқалиши учун қулай шароитни яратмоқда. Коронавирус Америка қитъасини кезиб юрар экан, Лотин Америкаси мамлакатлари миллионлаб одамларни карантинга ўтказишдек мураккаб муаммо билан тўқнашмоқда.Шунингдек, Лотин Америкаси мамлакатлари тиббиёт ходимларидан тортиб ҳукумат амалдорларигача ҳибсхоналардаги 1,4 миллион нафарга етиб қолган маҳкумлар соғлиғини қай тарзда ҳимоя қилиш масаласида боши қотиб қолган, деб ёзади The Bloomberg нашри.
Айрим ҳукумат мансабдорлари орасида ҳибсхоналардаги маҳкумларнинг соғлиғи муҳим муаммо эмаслиги сабаби улар аллақачон карантинда эканига урғу бериб, ҳеч ким уларни карантинга амал қилишга буюриши ёки карантинда ўтириши ҳақида огоҳлантириши шарт эмас демоқда. Боз устига, панжара ортида касаллик аломатлари аниқланган пайтда касалланганлар алоҳида камераларга ўтказилиб, бошқа маҳбуслардан ажратиб қўйиш осон бўлишини ҳам айтмоқда. Бундан ташқари, ҳибсхоналардаги маҳбусларнинг аксари 40 ёшдан кичиклиги ҳисобга олинса, бу ёш туркуми касалликка ёши катталардан кўра камроқ мойил деган тасаввур ҳам бор.
Панжара ортидаги вазият эса айтилганидек кўнгилни тинчлантирадиган эмас. Вирус тарқалиши натижасида панжара ортида ҳам норозиликлар, ғалаёнлар бошланган. Ўтган ойда Венесуэла, Бразилия, Аргентина ва Мексика қамоқхоналарида маҳбусларнинг исёнлари, қуролли тўқнашувлари ва ҳаттоки қамоқхонадан қочиб кетиш каби ҳолатлар бўлди. Колумбиядаги Модело қамоқхонасидаги исён натижасида 23 маҳбус ҳалок бўлди ва кўплаб маҳбуслар ва полиция ходимлари яраланди.
Перу қамоқхоналарида маҳбуслар COVID-19 ни аниқлаш учун тестлар олинишини талаб қилмоқда. Аргентинада коронавирус пандемияси аниқланган ҳолатлар бир нечтага етганда жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳбуслар ғалаён кўтарди. Ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар бўлди. Ҳуқуқ фаоллари эса ҳибсхоналардаги ёши каттароқ маҳбуслар ва ижтимоий хавфи камроқ бўлган маҳбусларни уй қамоғига ўтказиш орқали карантинни жорий қилиш оқилона сиёсат бўлиши ҳақида ҳукуматга тавсия бермоқда.
Игарапа институтининг хавфсизлик масалалари бўйича тадқиқотчиси Роберт Мугганинг фикрича, «минтақа жазони ижро этиш муассасалари пандемия тарқалиши учун қулай экани жамиятнинг бошқа аъзолари соғлиғини ҳам хавф остида қолдиради».
Лотин Амрикасидаги қамоқхоналар аллақачон зарарли масканга айланди. Лотин Америкасидаги ҳар юз фуқаронинг ўн учтаси қамоқхонада муддат ўтаб келади. Битта камерага уч ёки ундан кўп маҳбус жойлаштирилади. Қотиллар ва майда ўғрилик билан қўлга тушганлар битта камерада жазо ўтайди.
Охирги ўн йил мобайнида Лотин Америкаси қамоққхоналаридаги маҳбуслар сони уч маротабага кўпайди. Қамоқхонадан оммавий қочишлар, тез-тез содир бўлиб турадиган исёнлар ахлоқ тузатувчи муассаса эмас, аксинча, вирус тарқаладиган бўлса, касалликни назорат қилиш ва олдини олиш қийин кечадиган маскан бўлиб қолди.
Лотин Америкаси шифохоналарида койкалар, тиббий ускуналар ва сунъий ҳаво олдиргичлар етишмаслиги кузатилаётган бир пайтда, қамоқхоналарда бу каби тиббий воситалар деярли йўқ. Мисол учун, Венесуэладаги 6 500 та жазони ижро этиш муассасаларидаги 19 минг маҳбус сурункали касалликлардан азият чекади ёки мураккаб соғлиқ билан боғлиқ ҳолат учун ўз жонига қасд қилиш қарорига келади.
Бразилия эса ҳибсхонада сақланаётган маҳбусларнинг миқдори бўйича дунёнинг учинчи маҳбуслар кўп мамлакати. Бразилияда 813 мингдан кўпроқ маҳбус мавжуд. Маҳбусларнинг аксарида ОИТС, сил касалликлари даражаси ўта юқори. Шундай аянчли вазиятда коронавирус пандемиясининг тарқалиши минтақада қурбонлар ва касалликдан азият чекадиганлар миқдори кам бўлмайди.
Сан-Паулу қамоқхонасида (Бразилия) 235 минг маҳбус сақланади ва бу рақам Италия ва Франциядаги маҳбусларнинг умумий сонидан ҳам анча кўп. Сан-Паулу қамоқхонасида касалликнинг олдини олиш учун кекса ёшли маҳбуслар ва кекса ёшли қамоқхона назоратчилари изоляцийга олинмоқда, янги келган маҳбуслар эса касалликни аниқловчи тестлардан ўтказиляпти. Маҳбусларга ниқоб тарқатилди ва штат вирус аниқланган маҳбуслар учун янги касалликка қарши курашиладиган саккиз дона махсус жой барпо қилди.
Амалга оширлиши керак бўлган ишлар эса ҳали кўп. Улардан бири маҳбусларнинг барчасидан коронавирусга тест олиш, ижтимоий хавфи кам бўлган қонунбузарларни уй карантинига олиш. Хавфсизлик хизматининг собиқ бош котиби Хосе Висенте да Сильванинг маълумотларига кўра, Бразилия жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳбусларнинг 36 фоизи содир этган жинояти учун суд ҳукмини кутиб эҳтимолий жазо муддатини маълум қисмини ўтаб бўлган.
Бразилия судлари жиноятчиликка мойил бўлганларни уй карантинига қўйиб юбориш масаласини кўриб чиқаётган бир пайтда, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бундай қарор Бразилия кўчаларида жиноятчилик янада авж олиб кетишидан огоҳлантирмоқда.
Муаммо оқилона ҳал этилмаса, пандемия давридаги муаммолар Лотин Америкасидаги ижтимоий муаммоларни ҳозиргиданда чуқурлаштириб, Лотин Америкаси мамлакатлари тарихида навбатдаги қора кунлардан бирига айланиши эҳтимол.
Хитойнинг коронавирус борасидаги маълумотларига ишонса бўладими?
Ғарб ҳукуматлари Хитой ҳукуматининг ялпи ички маҳсулотдан тортиб коронавирус борасидаги статистик маълумотларигача ишончсизлик кўзи билан қараб келади. Бунда асосий эътиборга олинадиган жиҳат Хитой Халқ Республикасининг маъмурий буйруқбозлик тизимига асосланган бошқарув тизимидир. Бундай тизим Хитой халқига ўтмишда қандай офатларни келтиргани тарихдан кўпчиликка маълум, деб ёзади The Diplomat нашри.Бутун дунёда коронавирус билан касалланганлар сони миллиондан ошар экан, Хитой ташқи ишлар вазирлиги мамлакатда коронавирус билан боғлиқ назорат остида камайиб бораётгани, касалланганларга шифохоналардан уйларига кетишга рухсат берилаётгани борасида хабар тарқатмоқда.
Ғарб матбуотида Хитойда коронавирус билан боғлиқ иккинчи тўлқин пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида кўплаб тахминлар ва ташвишлар билдирилаётган бир вазиятда Хитойнинг бош эпидемиологи Чжонг Наншань тилга олинган иккинчи тўлқин борасида ташқаридан келадиган вирус билан боғлиқ ҳолатлар борасида муваффақиятли тадбир амалга оширилганини таъкидлади ва мамлакат вирусга қарши курашда «тўрт Э» дастурига эътибор берганини айтди: касалликнинг олдини олиш учун эрта чора , касалликни муолажа қилиш учун эрта аниқлаб , эрта ташхис ва эрта карантин.
Хитой ҳукумати 6 март санасига вирус билан зарарланганликнинг янги ҳолати 100 тадан ошмаганини ва асосий янги вирус аниқланган ҳолатларда хориждан келган хитойликларда экани ҳақида хабар берди. Шунингдек, коммунистик мафкурага асосланган Хитой ҳукумати мулозимлари 17 февралдан 22 мартгача бўлган даврда пандемия билан боғлиқ вазият 91 фоизга камайгани ҳақида маълумот тарқатди. Бундай маълумотлар сўз эркинлиги борасида чекловлар бўлган мамлакатдан келаётгани қанчалик ишонарли асосга эга, деб шубҳа остига қўяди The Diplomat нашри.
Хитой ҳукуматининг ялпи ички маҳсулот борасидаги статистик маълумотлари ошириб кўрсатилгани назарга олинса, COVID-19 борасидаги Хитой берган маълумотларга ҳам ишонмаслик керак, дейилади мақолада. Гонконг ва Чикаго университети иқтисодчи олимлари берган маълумотларга кўра, Хитой берган иқтисодий маълумотларда айрим статистик услубларга амал қилинмагани, фактлар бузиб кўрсатилгани ва рақамлардаги номутаносибликлар юзага келгани аниқланди. Бу эса авторитар режимлар томонидан очиқланаётган рақамлар ишончсиз ва мантиқий асосга эга эмаслигидан далолат. Хитой ҳам бундан мустасно эмас.
Хитой ҳукуматининг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш ташкилоти COVID-19 дан аввалроқ тарқалган Осиё гриппи – 1957–1958 йиллардаги эпидемия, 1996 йилдаги H5N1, 2002 йилдаги SARS, 2009 йилдаги H1N1 ва 2012 йилдаги H7N9 вируслари тарқалган вазиятда ҳам ёлғон маълумотлар тарқатгани вирусга қарши курашда муваффақиятсизликка учраганини билдиради.
Нега бир йил аввал Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш қўмитасининг раҳбари Гао Фу Хитой тиббиёти SARS каби вирусларнинг бошқа қайтарилмаслиги борасида жуда ишонч билан ваъда берган ва бунинг исботи сифатида мамлакатдаги ривожланган тиббиётни мисол қилиб кўрсатган эди. Аммо COVID-19 пандемияси «ривожланган Хитой тиббиёти»ни ҳам анча зир титрагани ва касаллик кўлами кенг тус олгани вазият анча мураккаблигини кўрсатиб қўйди.
Хитой ҳукумати декабрь ойининг ўзидаёқ Ухань ва Хубэй вилоятларида аниқланган COVID-19 билан боғлиқ вазият илк давридаёқ назоратга олиниб, тезкор тадбирлар амалга оширилгани ҳаиқда иддао қилмоқда. Бу эса Хитой ҳукумати вирус билан боғлиқ ҳолатни юзага келган давридан бери кузатгани ва вирус ҳақида илк марта маълумот берган Чжан Цзисянь давлат мукофотига сазовор бўлгани ва унинг маълумотлари асосида барча вирус билан боғлиқ тафсилотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига хабар қилинганини айтмоқда.
Бошқа тарафдан, COVID-19 эпидемияси борасида ваҳима уйғотишга эришган Ли Венлианг тақдири масаласи. Ли ҳукумат томонидан вирус борасида муолажа ишларидан тийилиш ҳақида қўл қўйдириб олингач, COVID-19 натижасида вафот этиши ҳам шубҳа уйгўтишга асос. Хитойда яна қанча тиббиёт ходими янги коронавирус ваҳимаси атрофидаги айбловлар билан ишдан четлаштирилгани ёки вафот этгани борасида маълумот сир. Янги COVID-19 вируси билан юзага келган муаммолар натижасида Ухандаги амалдорлар қонуний чора ҳам олди. Аммо вазиятга баҳо бериш биргина бу билан тугамайди.
Хитой ҳукуматининг вирус тарқалган илк кунлардаги тадбири ташвишланишга, хавотирланишга асос, чунки бугунда Хитойнинг вирусни мағлуб қилдик деб тарқатаётган хабарлари Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг сиёсий ҳокимиятини янада мустаҳкамлаш учун қилинаётган татбиқ ҳам бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам COVID-19 билан боғлиқ айбловлар халқаро жамиятда Хитой ҳукуматининг коронавирус билан боғлиқ статистик маълумотларига танқидий кўз билан қараш кераклигини уқтирмоқда.
Эҳтимол, COVID-19 атрофидаги ҳақиқий манзарани яшириш Хитой раҳбарияти учун ўз сиёсий ҳокимиятини мустаҳкамроқ ушлашга, курсида қолишга ёрдам берадиган нажот сифатида кўринган бўлиши ҳам мумкин. Халқ касаллик билан курашаётган бир вазиятда ҳукуматнинг ожизлгини тасаввур қилиб бўлмайди.
Коронавирус билан боғлиқ вазиятда расмий эълон қилинган хабарлардаги касалланган ва вафот этганлар сони аслида эълон қилинган, интернетга чиқиб кетган расмлар, видеолар, асл вазият ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради. Эълон қилинган маълумотларда Хитойда мобил телефонлардан фойдаланиш кескин қисқариши ҳам асл вазиятни яширишга бўлган уриниш.
Хитой ҳукумати вирусга қарши салмоқли ютуқларни қўлга киритган бўлса-да, аммо COVID-19 билан боғлиқ вазиятда рақамларни «тўғрилагани» аён бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам дунё ҳамжамияти Хитой статистик маълумотларига танқидий назар билан қараши муҳим. Шунингдек, пандемияга қарши курашда янги жиҳатларни диққат билан кузатиш, таҳлил қилиш ва энг асосийси, мамлакатдаги аҳоли саломатлиги борасида қайғуриш муҳим.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.