Жон Ҳопкинс Университети маълумотларига кўра вирус инфекциясининг оқибатида вафот этганлар сони 23 минг нафардан, бутун дунёда COVID-19 коронавирус инфекциясига чалинганлар сони эса 500 минг кишидан ошган. Ушбу маълумотлар турли мамлакатлар соғлиқни сақлаш тизимлари томонидан берилган ахборотларга асосланган.

Фото: China Daily

27 март Тошкент вақти билан соат 01:00 ҳолатига кўра, касалланганлар сони 521 086 нафарга етган. COVID-19 юқтириб олганларнинг умумий сони бўйича Хитой етакчи бўлиб турибди – 81,7 мингта ҳолат кузатилган. Кейинги ўринда Италия бормоқда ва у ерда касалликни юқтириб олиш бўйича 80,5 мингта ҳолат қайд этилган. АҚШ 75,2 минг нафар бемор билан учинчи ўринда бормоқда.

Инфекция оқибатида бутун дунёда 23 568 нафар одам вафот этган. Қурбонлар сони бўйича Италия биринчи бўлиб турибди — 8215 нафар одам инфекциядан вафот этган. Кейинги ўриндаги Испанияда коронавирус туфайли 4145 киши оламдан ўтган.