Карантин вақтида автомобиль кўпчиликнинг ягона ҳаракатланиш воситасига айланиб қолди. Тошкент шаҳрида ҳам 22 мартдан автобус, метро ва «маршрутка»лар ҳаракати тўхтатилди. Шахсий автомобилингизда юрсангиз ҳам айрим эҳтиёт чораларига риоя қилиш керак. CARtaUA автомобиль лойиҳаси ҳайдовчилар учун вирусдан ҳимояланишда ёрдам берадиган маслаҳатлари билан бўлишди, деб ёзади «Корреспондент.net».

Фото: Pixabay

Экспертлар биринчи навбатда автомобилнинг эшик тутқичларига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлайди. Кўп ҳолларда ундан бошқа инсонлар ҳам фойдаланади. Уни антисептик воситалар билан яхшилаб артиб туриш кереак. Машинага ўтиришдан олдин қуйидаги алгоритмга риоя қилиш тавсия этилади:

  • Эшикни очиш;
  • Эшик тутқичини ушлаган қўлни антисептик воситалар билан дезинфекциялаш;
  • Ўтириб олиш ва шундан кейингина бошқа предметларга тегиниш.

Бу каби қоидаларга нафақат ҳайдовчи, балки йўловчилар ҳам риоя қилиши керак.

Шунингдек, экспертлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташилоти ҳамда АҚШ касалликлар назорати марказининг тавсияларида коронавирусдан ҳимояланиш учун келтирилган тавсияларга диққатли бўлишга чақиради. Вирусни ўлдирадиган воситалар:

  • Сув ва совун;
  • Маиший оқартирувчи воситалар;
  • Таркибида 70 фоиздан ортиқ спирт бўлган суюқликлар.

«Автомобиль салонида оқартирувчи воситалардан фойдаланмаслик керак — улар ҳар қандай материални чиритиб юбориши ва пластикларга зарар етказиши мумкин. Совун эритмаси билан ўриндиқлар ёки чарм салонни арца бўлади, бироқ материаллар яхшилаб қуриб олиши учун бу ишни кечаси қилган маъқул. Спиртли антисептик воситалар билан салоннинг барча пластик деталларини артиш мумкин», — дейилади хабарда.