Nissan компанияси бир қатор давлатларда ўзининг янги логотипини патентлаб, унинг янги кўринишини тақдим этди. Эмблема олдинги шаклини сақлаб қолган, аммо икки ўлчовлига айланган ва ўртадаги горизонтал чизиқ йўқолган. Бренд номи ёпиқ айлана ичига ёзилган, деб хабар беради Motor.
Янги дизайнга эга эмблемадан биринчи бўлиб қайси моделларда фойдаланилиши ҳозирча маълум эмас. Шуниси аниқки, модернизациялашган логотип Z линейкасидаги моделларга ўрнатилади — тегишли патент Канада ва Янги Зеландия идораларининг базасида пайдо бўлган.
Таъкидланишича, Nissan танлаган йўлни бундан аввал Volkswagen ва BMW компаниялари ҳам амалга оширган. Компаниялар бирин-кетин уч ўлчамли эмблемадан икки ўлчамлига ўтган. Volkswagen ушбу қарорни дизайн «марканинг ёшлар, рақамли технологиялар ва замонавийлик билан боғлиқлигини» акс эттириши билан изоҳлаган. BMW эса янги логотип «маркага рақамли дунёда яшаётган ёшларни жалб этишга қаратилгани»ни таъкидлаган.
Изоҳ (0)