Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони айни пайтгача яна биттага ошиб, 43 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, инфекция аниқланган 43-бемор Истанбулда бўлиб қайтган. Коронавирус инфекцияси Тошкент шаҳридан ташқарида — Хоразм вилоятида қайд қилинган.

Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 42 нафарга етгани, оғир аҳволдаги беморлар йўқлигини маълум қилганди.

21 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 41 нафарга етгани ҳақида хабар берилганди. Маълум бўлишича, коронавирус аниқланган 42-бемор Швейцарияда бўлиб қайтган. Қўшимча қилишларича, айни вақтда Вирусология илмий-текшириш институтида бўлиб турган 42 нафар беморнинг 9 нафарида ўпканинг яллиғланиши — пневмония қайд қилинган. Оғир аҳволдаги беморлар йўқ.

Тузатиш: Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Хоразмдаги беморда дастлабки текширув натижалари унинг коронавирусга чалинганини кўрсатган, ҳамда у коронавирус беморлари рўйхатига киритилган. Такрорий текширувда, бошқа тест текшируви натижасида эса унда коронавирус тасдиқланмаган. Айни вақтда у карантинда сақланмоқда.