Наманганда 16 март, душанба куни, аср намозидан сўнг барча масжидларда карантин сабабли диний маросимлар ўтказиш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Вилоятда жами 187 та масжид бўлиб, ҳозирда уларни дезинфекция қилиш тадбирлари бошланган.
Наманган шаҳридаги «Махдум эшон» жоме масжидида вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили Абдулҳай Турсунов шаҳар имом-хатибларига юзага келган вазиятда амалга ошириладиган ишлар юзасидан тушунтириш берди.
Вилоят санитария-эпидемиологик назорати маркази мутахассисларининг бу борадаги йўл-йўриқлари тингланди.
— Намангандаги «Ҳидоя» ўрта махсус билим юртининг 171 нафар талабасига ҳам таътил берилди. Уларнинг учдан бир қисми бошқа вилоятлар, хусусан, Фарғона, Андижон, Жиззах ва Сирдарёдан келиб, таҳсил олаётганлар эди. Барчалари манзилларига эсон-омон етиб олганлари ҳақида бизга хабар беришди. Дезинфекция ва тозалов тадбирлари мазкур билим юртида ҳам ўтказилади, — дейди Абдулҳай Турсунов.
Маълумот учун, Намангандаги масжидлар дезинфекция қилинишдан ташқари зарур тиббий асбоб-ускуналар, зарарсизлантирувчи воситалар ва дори-дармонлар билан ҳам тўлиқ таъминланади.
Изоҳ (0)