Президент Шавкат Мирзиёев 13 март куни Урганчда ўтказилган фаоллар йиғилишида Хоразм вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Хивада «Хоразм хонлари шаҳарчаси»ни ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

«Сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Шовот каналининг икки ёнида кичик туризм зонасини, Хивада ‘Хоразм хонлари шаҳарчаси’ни ташкил этиш бўйича топшириқ берилди», — дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Аввалроқ, 12 март куни Шавкат Мирзиёев Хивадаги Ичан-қалъага ташриф буюриб, Амир Тўра мадрасасининг реставрацияси билан танишгани ҳақида хабар берилган эди. Худди шу ерда Президентга Хоразмда туристик соҳада амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилган эди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2020—2021 йилларда вилоятда туризмни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган. Масалан, Хива туманида «Анор», «Анжир», Янгиариқ туманида «Меннонит қишлоғи» номли тематик парклар барпо этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Лазги академиясини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун, Хива 1598 йилдан 1920 йилга қадар Хива хонлигининг, 1920 йилдан 1924 йилга қадар эса Хоразм Халқ Совет Республикасининг пойтахти бўлган. Шаҳарнинг пойтахтлик мақоми 1643—1663 йилларда ҳукмронлик қилган Абулғозихон даврида тўла мустаҳкамланган. Абулғозихондан сўнг шайбонийлар, чингизийлар, қўнғиротларга мансуб 30 дан ортиқ хон Хивани бошқарган.