Ўзбекистон экстремал ва тоғ туризми федерацияси Жиззах вилоят бўлими томонидан «Ёшларда тоғли ва экологик ҳудуд маршрутлари бўйича гид кузатувчилик кўникма ва билимларни ошириш йўли билан Жиззах вилояти бўйича ички туризм салоҳиятини оширишга кўмаклашиш» номли лойиҳа амалга оширилмоқда, деб хабар бермоқда «Ўзбектуризм» қўмитаси.
Лойиҳага кўра, Жиззах вилоятининг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида яшовчи аҳолини туризм соҳасига жалб қилиш ҳамда сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш кўзда тутилган.
«Экстремал ва тоғ туризмини ривожлантиришда жамоат ташкилотларининг роли жуда муҳим. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Экстремал ва тоғ туризми федерацияси ташкил этилган. Биз Жиззах вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш учун кўплаб бу каби лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз», – дейди Ўзбекистон экстремал ва тоғ туризми федерацияси Жиззах вилоят бўлими раҳбари А.Шарипов.
Ҳозирда вилоятнинг Шароф Рашидов, Бахмал, Зомин, Фориш ҳамда Ғаллаорол туманларида ўқув машғулотлари ўтказилиб келинмоқда. Машғулотларга мактаб ўқувчилари ва ёшлар томонидан қизиқиш билдирилмоқда.
Изоҳ (0)