99 фоиз омадсизлик ўзини оқлашга уринаётган одамлар сабаб юз беради.Бугун АҚШ президентлари шахси хоҳ у республикачи бўлсин, хоҳ демократ, дунёдаги сиёсатига таъсир этади. Шунинг учун бутун дунёда АҚШ президентлиги сайлови диққат билан кузатилади, президент номзодларининг сайлов олди дастурлари таҳлил қилинади, президентликка номзодларнинг праймеризлардаги дебат-баҳслари қизиқиш билан томоша қилинади. АҚШ президенти лавозимини бу даражага олиб чиқишга хизмат қилган шахслар кўп, лекин улардан бири ажралиб туради, бу ҳам бўлса ушбу лавозимни биринчи бўлиб эгаллаган Жорж Вашингтондир.Жорж Вашингтон
22 февраль – Жорж Вашингтоннинг таваллуд санаси. Шу муносабат билан «Daryo.uz» колумнисти Жаҳонгир Эргашев АҚШ давлатига асос солишда улкан хизматлари сингган, ўринли тарзда америкаликлар орасида «Миллат отаси» ва «Миллат халоскори» деган фахрли номларга эга бўлган президент Жорж Вашингтон ҳақида фикр юритади.
Оддий фуқаро бўлишни истаган зодагон
Жорж Вашингтон 1732 йилнинг 22 февраль санасида Шимолий Америкадаги Виржиния штатида бой зодагон оиласида дунёга келади. Тарихий фактларнинг гувоҳлик беришича, бўлғуси президентнинг шажараси Буюк Британиянинг Тюдор ва Стюарт қироллик хонадонига XII асрдан бери сидқидилдан хизмат қилиб келган шонли рицарларга бориб тақалади. Аммо Жорж ҳеч қачон бу шажараси билан мақтанмаган.
XVIII аср Англияда олатасир даврлар эди. Инқилобдан ҳолдан тойган инглизлар тинч-осуда ҳаёт умидида Янги дунё – Америкага қочиб қутулиш истагида эди. Ёш Вашингтоннинг отаси Жон Августин Вашингтон тинч ҳаёт кечириш мақсадида Виржинияга кетишга қарор қилади.
Жорж дастлабки таълимни уйда олади. Фантазияси бой бўлган Жорж бўш вақтларида отда сайр қилар, тенгдошлари билан Потомак дарёси бўйида денгиз жанглари ўйини билан машғул бўлар ва катта бўлганда адмирал бўлишни орзу қилар эди. Қолган вақтларда эса математика, геометрия ва ер ўлчаш асосларини қунт билан ўрганади. Унинг фикрича, бу илмлар унинг келажакда ўз мулкидан самарали фойдаланишда жуда фойдали эди. Бундан ташқари, ёш Жорж каллиграфия санъатини ҳам мустақил ўрганар – васият, шартнома, олди-сотди ва олди-берди шартномаларини дафтарларига кўчириб ёзиш орқали ўзининг ҳуснихатини мукаммал даражага етказиш билан бирга ўрганишга анча вақт сарфларди.
11 ёшга тўлган Жоржнинг отаси Августин Вашингтон вафот этади ва 11 ёшли Жоржнинг тарбияси билан акаси Лоуренс Вашингтон шуғуллана бошлайди.
Ёш Жорж 15 ёшга тўлганда унинг акаси Лоуренс йирик мулкдор лорд Ферфакснинг қизига уйланади. Акасининг бу никоҳи Жорж Вашингтонга келажакда анча фойда келтиради. Лорд Ферфакс ёш Жоржга тарих ва бошқа фанларни ҳам ўрганишга ҳамда энг яхши ер ўлчовчи мутахассис бўлиб камол топишида ёрдам беради.
Ҳарбий фаолиятининг бошланиши
1752 йилда Жорж Вашингтон яна бир айрилиққа дучор бўлади – севимли акаси Лоуренс вафот этади. Васиятга кўра, Потомак дарёси бўйидаги Маунт-Вернон Жоржнинг тасарруфига ўтади. Маунт-Вернонда кўпинча денгиз зобитлари тўхтаб ўтар, генераллар ўзларининг қизиқарли ва шу билан бирга хавфли ҳаётий тажрибалари ҳақида суҳбат қурар эди. Бу эса ёш Жоржни бефарқ қолдирмас, болаликдаги орзуларни эслашига имкон берарди. Вашингтон, ўз таъбири билай айтганда, «энг олийжаноб ва шарафли» касби – фермерлик билан шуғулланиб, унча-мунча бойлик ортирган эди; ҳали 20 ёшга тўлмаган Жорж 1 500 акр – 600 гектардан кўпроқ ерга эгалик қиларди.
Шу даврга келиб Жорж Вашингтон маҳаллий халқ қўшинида майор зобитлик даражасига кўтарилади. У ҳарбий ўқотар қуролдан фойдаланишда ва чавандозликда устаси фаранг бўлиб етишади. Табиат ҳам Жорж Вашингтонга ёрдам қилганди – унинг баланд бўйга эга экани зобитлик рутбасига эришишида асқатади.
1755 йилда Дюкен истеҳкомини ишғол қилиш муҳорабасида қатнашиб, асир тушади. Асирликдан озод бўлгач, Вашингтон яна бир марта истеҳкомни ишғол қилишга уринади. Бу сафар унинг ҳарбий юриши муваффақият келтириб, Жорж Вашингтон полковник рутбасига эришади.
Ҳарбий фаолияти давомида Жорж Вашингтон келишувлар ва битимларни куч ишлатишга нисбатан афзалроқ ва фойдалироқ деб ҳисоблар эди.
Ёш Жорж Вашингтоннинг юзага келаётган дунёқарашида ва фиркларида XVIII аср инглиз адабиётининг таъсири кучли эди. Америкалик маърифатпарварлар Томас Пейн, Томас Жефферсон, Жеймс Медисон, Жон Адамс каби шахслар АҚШнинг дастлабки президенти маслакдошлари бўлган; улар қирол Георг III нинг янги қитъада олиб бораётган сиёсатидан норозилик билдираётганди. Уларнинг муқаддас орзуси мустақил янги Америка давлатига асос солиш эди.
Сиёсат. Мустамлакалар ҳуқуқи учун кураш
Ҳарбий фаолиятига нуқта қўйиб, Жорж Вашингтон 1758 йилда Виржиния Қонунчилик Кенгаши депутатлигига сайланади. Бу лавозимда бўлғуси президент 1774 йилгача фаолият юритади.
Йирик мулкдор сифатида Вашингтон ўз тажрибасидан Буюк Британиянинг ўша даврдаги сиёсати эскирганини англаб етди. Буюк Британиянинг мустамлакаларидаги саноатнинг ривожланишини, савдо-сотиқни босим остида ушлаб туришга, назорат қилишга интилиши АҚШнинг маърифатпарвар доираларида борган сари норозилик келтириб чиқара бошлайди. Жорж Вашингтон Виржинияда иттифоқ ташкил қилади. Иттифоқ инглиз маҳсулотларини бойкот қилишга чақиради.
Жорж Вашингтон Британия колонияларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўзининг асосий мақсади этиб белгилайди. Инглиз ҳукумати солиқлар миқдорини белгилаб берар ва бу кўпинча Американи ҳали кўрмаган Англиядаги лордлар тарафидан адолатсиз амалга оширилар эди. Бундай мантиқсизликнинг олдини олиш учун 1769 йилда Жорж Вашингтон солиқлар фақат маҳаллий қонунчилик органлари томонидан белгиланишини англатадиган қарорни тасдиқлатади.
Буюк Британиянинг босими ва зулми кучайиб борган сари халқнинг метрополияга нисбатан нафрати ҳам ўсиб боради. Ситамларнинг чеки йўқлигини тушунган Жорж Вашингтон кун келиб колония ва метрополия ўртасида уруш келиб чиқиши муқарралигини тушунади. Янги қитъа эндиликда Буюк Британиядан абадий ажралишни танлаган эди.
Мустақиллик учун кураш
1773 йилда ҳинду кийимларини кийган «Озодлик фарзандлари» гуруҳи Бостондаги инглиз кемалари бортига кириб олади ва 342 қути чойни денгизга улоқтиради. Тарихда бу воқеа «Бостонча чойхўрлик» номи билан машҳур.
Инглиз ҳукумати бунга жавобан Массачусетсда репрессияларни ва тақиқларни кучайтириб юборади. Денгиз савдоси тақиқлаб қўйилади, Массачусетснинг қонунчилик кенгаши тарқариб юборилади.
1775 йилда Шимолий Американинг шарқий қирғоғида жойлашган 13 та мустамлака вакиллари Жорж Вашингтонни континентал армиянинг бош қўмондонлигига сайлайди. Бу Американинг мустақиллик учун кураши бошланганини билдирар эди. Континентал армия аскарлари асосан кўнгиллилардан иборат бўлиб, континентал армия кўпинча ҳарбий таъминот, озиқ-овқат, ҳарбий таълим берувчи мутахассис кадрлар борасида танқисликни сезар, бундай муаммолар бир қараганда профессионал Буюк Британия ҳарбийлари учун ютуқ ҳам эди. Аммо бахтли тасодифми ёки тақдирми, инглиз ҳарбийлари тартибсиз ҳаракатланаётган америкаликларнинг қўшинларига қарши ҳаракат қилмайди. Қамалда қолган инглизлар 1776 йилнинг март ойида Бостондан кетишга мажбур бўлади. Бу кун ҳозирга қадар Массачусетсда Эвакуация куни сифатида нишонлаб келинади.
Бостон америкаликлар ихтиёрига ўтгач, Жорж Вашингтон Нью-Йоркни мудофаа қилиш учун йўл олади. Жорж Вашингтон қўл остидаги қўшинлар секин-аста Нью-Йорк, Ню-Жерси ва Филадельфияда ютуқларга эриша бошлайди. Саратогадаги жанглар америкаликларнинг мустақиллик учун курашидаги туб бурилиш бўлади. Филдельфиядаги мағлубиятдан умидсизланган аскарларда яна озодлик ва Буюк Британия истибдодидан озод бўлиш мумкинлигига ишонч ҳосил бўлади. Саратога жангларидан сўнг Франция америкаликлар билан сулҳ тузишга мажбур бўлади.
1776 йилнинг 4 июль санасида 13 штатдан иборат Британия колониялари Мустақиллик декларациясини қабул қилади. Мустақиллик декларацияси билан бир қаторда «Валюта ҳақидаги қонун» ҳам қабул қилиниб, бу қонун Америка штатларига ўз пулини чиқаришни тақиқлаб, барча олди-берди шартномаларини олтин ва кумуш тангалар стандарти бўйича олиб бориш мажбуриятини юклайди. АҚШ энди мустақил давлат эди.
Мустақиллик учун курашда ҳиндулар иштироки
Ҳинду қабилаларининг аксари оқ танлилар бир-бири билан уруш олиб бораётганига аралашмайди. Шундай бўлса-да, ҳинду қабилалари Буюк Британия тахти тарафида эди. Бунинг боиси Британия ҳукумати ҳиндулар билан низони кучайтирмаслик учун Аппалачи тоғларидан ғарбга бирор-бир оқ танли жойлашишини тақиқлаб қўйганида эди.
Баъзи қабилалар кейинчалик ихтилофга қўшилади. Тарихий манбаларнинг қайд этишича, ҳиндуларнинг ирокез қабиласи британияликларга иттифоқчи сифатида америкаликларнинг чегара постларига тез-тез ҳужумлар уюштириб турган бўлса, Нью-Йорк штатида истиқомат қилаётган онейда ва тускарора ҳинду қабилалари озодлик учун курашаётган америкалик инқилобчилар тарафида туриб инглзиларга қарши кураш олиб боради.
Уруш якунланиши ортидан америкаликлар барча ҳиндуларнинг ерларини америкаликларнинг ери деб эълон қилади.
Мустақиллик учун курашда қора танли аҳоли иштироки
Озод қора танли америкаликлар ҳам инглизлар, ҳам Жорж Вашингтон бошчилигидаги инқилобий кучлар тарафида туриб кураш олиб боради. Қора танлилар ихтилофлашувчи кучларнинг қайси бирига мансуб бўлишидан қатъий назар, улар ҳам ўз сиёсий иродалари, орзулари – қулликни бекор қилиш, оқ танлилар билан бирдек ҳуқуққа эга бўлиш учун курашади.
Немис сиёсатчиси Отто фон Бисмарк айтганидек, ҳеч ким уруш, сайлов ва ов пайтидаги каби кўп ёлғон гапирмайди. Қора танли америкаликлар ҳам оқ танлиларнинг сиёсий ўйинларида қатнашган эди. Буюк Британия қора танлиларга эркинлик беради деган ишонч ҳавога сизиб улгурган, қора танлилар урушда Буюк Британия ғалаба қозонса, қора танлилар эркинлиги таъминланади деган хомхаёлда эди. Бошқа тарафдан, Британия ҳукумати қора танлиларга эркинлик берилиши бутун колонияда оқ танлиларга нисбатан адоватни юзага чиқариб, янги қўзғолонга рўбарў қилишидан ҳайиқарди.
Либерал Америка эса бир қатор штатлар – Вермонт, Массачусетс, Нью-Йорк, Нью-Жерси ва Коннектикут қулликни бекор қилган илк штатлар сифатида тарихда қолади. Виржиния, Мериленд, Делавер штатлари эса қулликдан халос бўлишнинг енгил тартиботларини қўллай бошлайди.
Жорж Вашингтон озодлик, эркинлик тарафдори бўлса-да, қора танлилар борасида консерватив дунёқарашга эга инсон эди. Унинг тасарруфидаги қора танлилар фақатгина унинг вафотидан кейин қолдирилган васияти сабаб озод қилинади.
Биринчи президент
Урушдан сўнг Жорж Вашингтон ўз мулкида кундалик ишлари билан банд бўлади. Шу билан бирга, сиёсатни кузатади. Барча штатларнинг раҳбарларига мактуб юборар экан, марказий ҳокимиятни қандай кучайтириш борасида маслаҳат беради. Унинг маслаҳатлари АҚШнинг бирдамлиги ва якдиллигини сақлашни ният қилган эди.
Тез орада Жорж Вашингтон Конститусиявий конвентнинг раиси этиб сайланади ва 1787 йилда АҚШ конституциясининг имзоланишида қўл қўйган тарихий шахслардан бирига айланади. 1789 йилда Жорж Вашингтон АҚШнинг биринчи президенти этиб сайланади.
1792 йилги сайлов кампаниясида қатнашмаслигига қарамасдан, Жорж Вашингтон якдил овоз билан иккинчи муддатга президент этиб сайланади.
Конгресс Жорж Вашингтонга 25 минг доллар миқдорида маош тайинлайди. Дастлаб Жорж бу маошдан мулкдор эканини айтиб воз кечган бўлса-да, кейинроқ маошни олишга розилик беради.
Жорж Вашингтон президент сифатида эришган муҳим ютуқлари:
- демократик тартиботни сақлаб қола олгани;
- АҚШнинг бугунги сиёсий тузумига асос солгани;
- инсон ҳуқулари ҳақида ҳужжат қабул қилиниши;
- икки партияли тизим жорий этилиши (республикачилар ва демократлар);
- АҚШ президентларининг Конгрессга йиллик мурожаати эълон қилиниши;
- икки муддатга сайланган президентлик даврида АҚШ Европадаги низоларга аралашмагани;
- АҚШ пойтахти ва президент қароргоҳи сифатида Оқ Уйнинг танланиши;
- АҚШ иқтисодиёти юксала бошлаши.
Жорж Вашингтонга учинчи муддатга ҳам президент сифатида қолишни таклиф қилишган, у бир киши бу лавозимда икки мартадан кўп қолиши мумкин эмаслигини айтиб, рад жавобини берган эди. Бу анъана ёзилмаган қонун бўлсада, Франклин Рузвельтнинг президентлигига қадар инобатга олинади.
Жорж Вашингтоннинг сўнгги кунлари
Президентликдан кетгач, Жорж Вашингтон Маунт-Вернонда қишлоқ хўжалиги билан шуғуллана бошлайди. Тез-тез янги қурилаётган пойтахт шаҳар Жоржияни бориб кўради. Кўп вақтини қишлоқ хўжалигига бағишлаб, мулкида шароб ишлаб чиқарадиган завод қуради. 1798 йилда президент Жон Адамс Франция–АҚШ муносабатларининг кескинлашуви ортидан Жорж Вашингтонни генерал-лейтенант рурбасида АҚШ қўшинлари қўмондонлигига тайинлайди.
Вашингтон 1799 йилнинг 12 декабрида яна ҳар доимгидай кундалик ишлари – отга миниб, фермасини кўздан кечириш, ёғаётган лайлак қордан баҳра олиш мақсадида сайрга чиқади. Аммо 14 декабрь санасида у кучли йўтал натижасида деярли гапира олмай қолади. Оила аъзолари шифокор Крейкни чақиради. Бу орада у васиятини иккинчи бор ўзгартириб, котиби Тобиас Лирга уч кундан кейин дафн қилишларини айтади.
Миллат халоскори вафор этар экан, табиби Жорж Крейкка «мен азоб чекиб ўлмоқдаман, аммо ўлимдан қўрқмайман», дейди. 1799 йил 14 декабрь санасида миллат отаси сўнгги йўлга сафарга чиққанида унинг бошида рафиқаси Марта, табиби Крейк, котиби Тобиас Лир, хизматкорлари Кристофер Шилс, Керолайн Бренам, Шарлот ва Моллилар бор эди.
Жорж Вашингтон ҳеч қандай дабдаба ва ҳашаматсиз дафн этилишини сўраган бўлса ҳам, маросим Потомак дарёсидаги кемалардан уч маротаба ўқ отилиши ва олти кишидан иборат гуруҳ биринчи президентни даҳмага қўйиши билан амалга оширилади.
Жорж Вашингтон АҚШ давлатчигининг пойдеворини яратган, бугун биз билган демократик тамойилларнинг рамзига айланган давлат пайдо бўлишига, ривожланишига туртки бўлган буюк шахслардан бири сифатида тарихда қолди.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)