Самарқандда 15 февраль куни кузатилган ёғингарчилик оқибатида Оқдарё тумани «Лойиш» бозори олдида юзага келган катта кўлмакка Nexia автомобили «чўкиб кетгани» ҳақида ёзгандик.

Мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.

‘Лойиш’ бозорида сувда қолган автомашина тўғрисида тарқалган видео юзасидан шуни маълум қиламизки, унда кўрсатилган жой бугунги кунда бозор ҳудудида эмас. Ушбу ер майдонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ипотека кредити механизимларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда ер қазиш ишлари амалга оширилган.

Видеода акс этган автомобиль ҳайдовчиси бозорга йўлни яқин қилиш мақсадида ҳайдаш мумкин бўлмаган жойдан ҳаракатланиб, бетон тўсиқ устидан ўтган. Натижада сув тўпланган хандаққа тиқилиб қолган.

Кейинги кунларда ёғингарчиликлар кўпайганлиги сабабли ушбу ҳудуднинг пастлик қисмига сув тўпланиб қолган. Ҳозирда тегишли мутасаддилар томонидан тўпланган сувни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Оқдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати