АҚШ давлат котиби Майк Помпео бошлиқ Америка делегациясининг 5—6 январь кунларига режалаштирилган Тошкентга ташрифи бошқа санага қолдирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Майк Помпео

Фото: АП

«Ўзаро келишувга биноан, 2020 йил 5—6 январь кунларига режалаштирилган АҚШ давлат котиби Майкл Помпео бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга расмий ташрифи ва Тошкент шаҳридаги ‘Марказий Осиё—АҚШ’ (C5 + 1) форматидаги вазирлар учрашуви бошқа санага қолдирилди», — дейилади ТИВ ахборотида.

Вазирлик матбуот хизматининг қўшимча қилишича, ташрифнинг аниқ саналари дипломатик каналлар орқали келишилади.

Маълумот учун, АҚШ давлат котиби Майк Помпео 31 декабрь куни Fox News телеканалига берган интервьюсида Бағдоддаги Америка элчихонаси олдида бўлаётган воқеалар сабабли январь ойи бошида Украина, Марказий Осиё мамлакатлари ва Кипрга режалаштирган сафарларини қолдириши мумкинлигини таъкидлаб ўтганди.

Эслатиб ўтамиз, 5—6 январь кунларига режалаштирилган ташриф доирасида Майк Помпео Президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлиши, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида икки томонлама музокаралар ўтказиши кўзда тутилган эди.