Российда давлат думаси мамлакатдаги аэропортларда сигарет чекиш хоналарини ташкил қилишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Бироқ Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур қонун ҳужжатига қарши чиқмоқда. Вазирликнинг қайд этишича, аэропортларда чекиш хоналарининг қайта ташкил қилиниши чекувчилар сонининг ортишига ва у билан боғлиқ касалликлар сонининг ошишига олиб келади.
Қонун лойиҳасига кўра, аэропортларда ташкил қилинадиган чекиш хоналарининг деворлари шаффоф бўлмаслиги керак. Қонундан кўзланаётган мақсад жамоат жойларига тоза ҳавони қайтаришдан иборат, чунки чекувчилар барибир ҳожатхоналарда чекишни давом эттирмоқда.
Қайд этилишича, чекувчилар учун махсус жойлар транзит ҳудудларда, рўйхатдан ва текширувдан ўтган йўловчилар учун ташкил қилинади. Бу хоналар бошқа йўловчилардан ажратилган ва шамоллатиш тизими билан жиҳозланган жойларда бўлади.