Туркиянинг Анталия вилоятига ёпирилган кучли ёғингарчилик сабаб сув тошқинлари юзага келмоқда, минтақада энг юқори даражадаги об-ҳаво хавфи эълон қилинди, деб хабар беради «Интерфакс».
Кучли ёғингарчилик 10 декабрь куни бошланган бўлиб, 12 декабрь кечгача давом этиши кутилмоқда. Ёмғирлар билан бирга кучли шамол ҳам кўтарилган. Айниқса, вилоятнинг олтита туманида муаммоли вазиятлар юзага келган, хусусан, туристлар орасида машҳур бўлган Кемер курорти кучли ёғингарчилик домида қолди.
Анталия метеорология бош маркази «қизил» — энг юқори даражадаги хавфни эълон қилган, бу табиий офат инфратузилмага катта зарар етказиши мумкинлигини билдиради.
Минтақа раҳбарлари аҳолини зарур бўлмаган ҳолларда уйдан чиқмасликка ва эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. Мактабдаги дарслар ҳам бекор қилиниши мумкин.