Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти – IKAO томонидан таъсис қилинган байрам санаси 1994 йилдан буён бутун дунёда кенг нишонланиб келинади. Сана ўша йили IKAO таъсис этилганининг 50 йиллик тантаналари асносида белгиланган. 1996 йилдан эътиборан санани БМТ ҳам тан олган ва алоҳида резолюция орқали халқаро байрам куни сифатида эътироф этган.
Халқаро фуқаро авиацияси куни байрамини нишонлашдан мақсад кенг жамоатчиликка соҳадаги ютуқлар ҳақида ахборот бериш, турли қитъа, мамлакат ва маданиятларни ўзаро боғлашда халқаро фуқаро авиацияси аҳамиятини кўрсатиш ҳамда авиациянинг замонавий глобал транспорт тармоғидаги инкор қилиб бўлмас етакчи аҳамиятига урғу беришдир.
Ҳақиқатан ҳам, фуқаро авиацияси бутун бошли қитъаларни бирлаштирувчи, инсонларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилувчи энг муҳим транспорт тармоғидир. У туфайли биз бугун аввалги замонларда ҳафталаб ва балки ойлаб сафар орқали етиб борилган манзил-маконларга саноқли соатларда етиб бормоқдамиз. Шу жиҳатдан фуқаро авиацияси бутун башариятга жуда катта хизмат қилаётган ўта муҳим ижтимоий, иқтисодий ва гуманитар аҳамиятга эга соҳадир.
Ўтган 2018 йил мобайнида халқаро мунтазам қатновлар орқали 4,3 миллиард нафар йўловчи манзилга элтиб қўйилган. Бу ундан аввалги йилга нисбатан 6,1 фоизга кўп демакдир. Умуман олганда, фуқаро авиациясида бундай йиллик ўсиш салмоғи анча йилдан буён сақланиб келмоқда ва 2019 йил якунлари бўйича ҳам бундан кам бўлмаслиги кутилмоқда. Йиллик авиақатновларнинг умумий сони эса 38 миллионга етган. Фуқаро авиацияси соҳаси самолётларининг умумий парвоз масофаси 8,2 триллион километрни ташкил қилган.
Бўш вақтингиз бўлса, қизиқиш юзасидан «Flightradar.com» сайтига ташриф буюрсангиз, бутун Ер шари бўйича айни дамда парвозда бўлган самолётлар сонини кўриб ҳайратга тушасиз. Бутун дунё бўйича турли мамлакатларга саёҳат қилаётган туристларнинг 1,4 миллиард нафари айнан авиақатновлар орқали сафар қилади. Бу рақамларнинг ўзиёқ замонавий дунёда фуқаро авиацияси нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди.
Биз ҳам «Дарё» жамоаси номидан соҳа вакилларини касб байрамлари билан табриклаймиз. Парвозингиз доимо бехатар бўлсин дея тилак билдирамиз!
Изоҳ (0)