Яқинда Ўзбекистонда Chevrolet Onix савдо белгиси рўйхатдан ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди. Айтилишича, 24 сентябрь куни Интеллектуал мулк агентлигига Chevrolet Onix савдо белгисини рўйхатга олиш тўғрисида General Motors LLC US’дан мурожаат келиб тушган.

Аввалроқ UzAuto Motors компанияси янги моделлар ва янги ранглардаги автомобилларни йил охирига қадар тақдим этиши, унинг арзон моделлари Chevrolet Onix ва янги Tracker бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.

Бу янгиликлар пайдо бўлганидан сўнг «Дарё» яқин келажакда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши кутилаётган Chevrolet Onix автомобили қайси давлатларда ишлаб чиқарилаётганига ва дунёда қандай нархларда сотилаётганига қизиқиб кўрди.

Chevrolet Onix, Бразилия.
Фото: Wikipedia

Chevrolet Onix General Motors’нинг Бразилия бўлими конструкторлари томонидан яратилган ва 2012 йилдан бери концерннинг Риу-Грандиду-Сул штатидаги (Бразилия) Граватаи шаҳрида жойлашган заводида ишлаб чиқарилади. Бошида бу автомобиль фақат хетчбек кўринишида бўлган, орадан бир йил ўтиб, 2013 йилда унинг седан кўринишидаги русуми ҳам ишлаб чиқилган. Ушбу русумдаги автомобиллар нафақат Бразилия, балки Жанубий Америкадаги барча давлатларда автомобиль ихлосмандларига тақдим этиб келинмоқда ва зўр муваффақият билан сотилмоқда.

Автомобиль General Motors’нинг Бразилиядаги заводларида бугунги кунда ишлаб чиқаришдан олиб ташланган тўрт цилиндрли 1,0 ва 1,4 двигателга эга Aveo автомобили платформасида лойиҳалаштирилган.

Шу ўринда кичик бир эслатма: Бразилияда ишлаб чиқариладиган автомобиллар асосан Жанубий Америкага хос тарзда бензин ва этил спирти, этанолда ҳаракатланадиган қилиб ишлаб чиқарилади. Сабаби, бу икки ёқилғи тури бу қитъада етарлича кўп ишлаб чиқарилади, бошқа ёқилғи турлари бу давлатларда камёб ҳисобланади ва уларни бошқа қитъалардан келтириш қимматга тушиб кетади. Шу сабабдан Бразилияда ишлаб чиқарилаётган Chevrolet Onix бензин ва этанолда ҳаракатланади.

2016 йилда автомобилнинг хетчбек кўриниши янгича қиёфага эга бўлди. Кузовнинг олд ва орқа қисмида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди. Шунингдек, машинага янада замонавий мультимедиа ускуналари ўрнатила бошланди. Ички интерьер чиройли ва мукаммал кўринишга келтирилди.

2019 йили яна бир модификация ишлаб чиқилди. Бу модификация Chevrolet Onix Plus номини олди.

Chevrolet Onix’нинг янгиланган русуми 1,4 литр ҳажмли двигателлар билан жиҳозланиб, механикалиси беш, автомати олти узатмали қилиб ишлаб чиқарилади.

Chevrolet Prisma, Бразилия, 2013 йил.
Фото: Wikipedia

Шунингдек, 2013 йилда Chevrolet Onix негизида Chevrolet Prisma номи остида седан яратилди. 2016 йилда унинг ҳам янгиланган модификация чиқди.

Chevrolet Onix’нинг техник тавсифи:

Ишлаб чиқарила бошланган йили: 2012 йил;

Ишлаб чиқараётган давлат: Бразилия;

Кузов тури: хетчбек – 5 эшикли (5 ўринли), седан (Chevrolet Prisma) – 4 эшикли (5 ўринли);

Платформа: GM Gamma II;

Двигатель ҳажми: 98 от кучига тенг, 1,389 литрли;

Транмиссия: механик узатма қутилиси – 5 босқичли,  автомат узатма қутилиси – 6 босқичли;

Узунлиги: хетчбек – 3930 миллиметр, седан – 4275 миллиметр;

Эни: 1705 миллиметр;

Баландлиги: 1484 миллиметр;

Ғилдирак базаси: 2528 миллиметр;

Орқа трек: 1493 миллиметр;

Олд трек: 1487 миллиметр;

Оғирлиги: 1004 килограмм;

Юк кўтариш қуввати: 453 килограмм;

Оғирлиги (юк билан): 1457 килограмм;

Ёқилғи бакининг ўлчами: 54 литр;

Ўхшаш русумлар: Fiat Palio, Ford Fiesta, Volkswagen Gol, Hyundai HB20, Toyota Etior.

Chevrolet Onix илк ишлаб чиқарилганда икки хил эди: бири 1,0 литр ҳажмдаги, бензинда 78 , этанолда 80 от кучи қувватига эга бўлган двигатель билан, иккинчиси 1,4 литр ҳажмдаги, бензинда 98 от кучи, этанолда 106 от кучига эга двигатель билан жиҳозланган.

Кейинчалик, 2016 йилда автомобилнинг янгиланган русуми тақдим этилганда двигателлар қуввати ҳам сезиларли оширилган

Бугунги кунда GM’нинг Жанубий Америка бозори учун автомобиль ишлаб чиқарадиган Бразилиядаги бўлими ва Хитой бозори учун автомобиль ишлаб чиқарувчи Хитойдаги бўлими бу гигант автоконцерннинг бошқа бўлимларига қараганда муваффақиятли ишлаяпти.

Ўтган 6–7 йил давомида Onix хетчбеки бразилияликларнинг том маънода севимли уловига айлана олди. Масалан, 2018 йилда бу машинадан Бразилияда 210 458 та сотилди. 2019 йилда эса таҳлилчилар бу кўрсаткич 250 000 дан ошишини тахмин қилмоқда. Сабаби, жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида Бразилияда Onix’дан 200 000 дан ошиқроғи аллақачон сотиб бўлинган.

Хитойда эса биргина Chevrolet Cavalier седанидан 2018 йилда 252 108 та сотилди; бу русум Хитойда энг кўп сотилган автомобиллар рейтингида 13-ўринни эгаллади.

Шундан келиб чиқиб, General Motors 2019 йил баҳорида Хитойдаги бўлимини янада ривожлантириш режасини эълон қилди. Режадан Onix’нинг тамомила янгиланган модификациясини ҳам ишлаб чиқариш ҳам ўрин олган. Шундан келиб чиқиб жорий йил баҳорда General Motors Хитойда ишлаб чиқаририлган Onix тақдимотини ўтказди, аммо фақатгина унинг ташқи кўриниши акс этган фотосуратни оммага эълон қилди. Ички дизайни эса кўрсатилмади ва маълум вақт сир сақланди. Афтидан, General Motors хитойлик автомобиль ихлосмандларини лол қолдириш пайида бўлди ва маълум маънода бунинг уддасидан чиқди ҳам. 2019 йил ёз ойларида Onix сотувга чиқарилди ва ҳозирча муваффақият билан сотилмоқда.

Chevrolet Onix, Хитой.
Фото: Wikipedia

Гарчи Хитойда ишлаб чиқарилирилаётган Onix’ни General Motors «мутлақо янги русум» деб таърифлаётган бўлса-да, қизиққон автоҳаваскорлар янги Onix шу пайтгача Хитойда муваффақиятли сотилган Chevrolet Cavalier русумининг ўзгартирилган ва такомиллаштирилган янги модификация деб ҳисобламоқда.

Нархларга келадиган бўлсак, Бразилияда янгиланган Onix Plus седани бугун 14 500–19 200 долларга сотилмоқда (модификацияга қараб). Хитойда йиғилаётган Onix эса 80 минг юандан 105 минг юангача (12–16 минг доллар атрофида) баҳоланмоқда.

Баҳорда ўтказилган ўша тақдимотдан маълум бўлди-ки, Хитойда ишлаб чиқарилаётган Chevrolet Onix икки хил кўринишга эга: бири 1,3 литр ҳажмдаги 103 от кучига эга двигатель билан ишлаб чиқарилса, иккинчиси 1,0 литр ҳажмдаги 116 от кучига эга кучайтирилган двигатель билан ишлаб чиқариляпти.

Умуман олганда, General Motors бугун Бразилия ва Хитойда муваффақият билан сотилаётган Chevrolet Onix русумини яқин келажакда «дунё русуми»га айлантирмоқчи ва ушбу русумдаги машиналар Ўзбекистондаги автозаводларда ҳам ишлаб чиқарилиши катта эҳтимол билан ўша режанинг бир қисмидир.

Тахминларга кўра, Ўзбекистонда Onix’нинг Хитойда ишлаб чиқаририлаётган энг янги модификацияси эмас, балки Бразилияда ишлаб чиқарилаётган версияси йиғилади. Бу ҳақда ҳали аниқ гап айтилмади. Нима бўлишини диққат билан кузатишда давом этамиз.