2018 йил учун адабиёт бўйича Нобель мукофоти польшалик адиба Ольга Токарчукка берилди (2018 йилда бу мукофот берилмай қолгани боис ғолиб бу йил эълон қилинди).

Токарчукни танқидчилар энг оригинал замонавий ёзувчилардан бири сифатида таърифлайди. Шунга қарамай, у ўзбек китобхонига деярли таниш эмас. Бу камчиликни тўлдириш мақсадида «Дарё» колумнисти Нурбек Алимов Ольга Токарчукнинг «Югурувчилар» романи билан танишиб чиқди. Қуйида унинг роман ҳақида мулоҳазаларини тақдим этамиз.

Бу асарни ўтган ҳафта ўқиб чиқдим. Польшалик украин миллатига мансуб ёзувчи Ольга Токарчук ҳақида 2018 йилда эшитган эдим. Бирорта ҳам асарини ўқимаган эканман. Адабиёт бўйича Нобель мукофоти 2018 йил учун бу ёзувчига топширилгач, унинг ижодига қизиқиш уйғонди. «Югурувчилар» деб номланган асари диққатимни тортди, бунга сабаб эса асарнинг янги жанрда ёзилгани бўлди.

Асар ҳақида

Ольга Токарчук – замонавий Польшанинг энг севимли муаллифларидан бири. «Югурувчилар» романи унга мамлакатдаги энг нуфузли «Ника» адабий мукофотини олиб келган. «Югурувчилар» – дунё бўйлаб саёҳат қилишнинг ўзига хос адабий монографияси бўлиб, фантастика билан боғланган ва қисқа ҳикоялар, иншо парчалари, саёҳат қайдномалари ва бошқа қисқа фикрлар ёрдамида асар сўнгида бир сюжетни ўз ичига олади. Бу асар ҳақида яққол тушунчага эга бўлишни хоҳласангиз, тасаввур қилинг, буюк ўзбек адиби Ўткир Ҳошимовнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китоби, фақат ўша қисқа-қисқа фикрлар йиғиндисидан асарнинг мураккаб сюжети келиб чиқади.

Фото: Google Photos

Бу – замонавий кўчманчилар ҳақида янги роман. Бирор инсон ўз уйини тарк этишига олиб келадиган ички ташвишлар ҳақида қисса. Муайян мақсад сари интилган инсонлар ва ўша мақсад сари элтувчи йўлнинг ўзи мақсад бўлиб чиқиши ҳақидаги асар. Асарда жуда кўп фалсафий фикрлар, ҳаётдан маъно излашга интилишлар мавжуд:

Сафарга кетаётиб, хариталардан ғойиб бўламан. Қаердалигимни ҳеч ким билмайди. Мен йўлни бошлаган нуқтадаманми ёки мен интилган нуқтада? Қандайдир «ўрта» борми? Ёки мен шарққа парвоз пайтида йўқолган кунга ва ғарбга парвоз пайтида кириб келган тунга ўхшайманми? Квант физикасини гултожини ташкил этувчи «зарра бир вақтнинг ўзида иккита жойда мавжуд бўлиши мумкин» қонуни менга тегишли эмасми? Ёки бизга ҳали номаълум ва исботланмаган яна бир нарса: бир жойда биз икки марта мавжуд бўлолмаймизми?

Ольга Токарчук насрининг экзистенсиал тажрибаси ва мавзуси Шарқий Европа интеллектуалларининг ярим асрлик социализм меросини «томчилаб чиқариб ташлаш»га уриниши эмас, аксинча бу тажрибадан халос бўлишдир.

Асар сюжети жуда мураккаб бўлгани сабабли уни қисқа сюжети ҳақида ёзиш мумкин эмас, 116 та фрагментдан иборат қисқа фикрларда ўқувчининг ўзи марказий сюжетни билиб олади.

Таҳлил

Асарнинг тузилиши китобнинг номини ҳам, унинг «дунё харитаси ва вақт оқимида доимий ҳаракатланиш» деган асосий ғоясини ҳам бирдек жуда яхши очиб беради. Биз бутун сюжетнинг парчаларини ўқиймиз, узоқ вақт давомида худди югуриб кетаётган одам каби сюжетга чуқур кириб бориш учун уни ўқишдан тўхтамаймиз.

Бу асар калейдоскоп каби, ҳаттоки унинг ўртасини, кейин бошини, кейин охирини ёки фрагментларни танлаб ўқисангиз ҳам ўша қисқа фикрлардан гўзаллик пайдо бўлаверади ва ундан олам-олам завқ олишингиз мумкин. Бу – муаллифнинг сайёрадаги ва вақт аро уч ўлчовдаги саёҳати.

Китоб – ҳаётда доимо югуриб юрувчилар ҳақида. Асар қаҳрамони Куницкийнинг хотини каби, Аннушка ёки кема ҳаракати туфайли жароҳатлардан вафот этган 80 ёшли профессор каби югуриб юрувчи инсонлар ҳақида. Умуман олганда, муаллиф таъкидлаганидек, агар сиз бетартиб юриб кетаётган оломоннинг оёқлари ҳаракатига узоқ вақт қараб турсангиз, бизнинг ҳаётимиз шунчаки ердаги чангни топташдан иборатга ўхшайди, деган хулосага келасиз.

Аслида бу китоб муаллифнинг ўз саёҳатлари ҳақидаги хотиралари натижасидир. Меҳмонхоналар ва уларнинг меҳмонлари, доимий ўзгариб турадиган «аҳоли»га эга бўлган аэропортлар, барчамиз ҳақидаги ёзувлардан иборатдир. Бу асарда ҳатто яшаш жойи бутун Ер сайёраси бўлган, замонавий ҳаёт манбаи – пластик пакетлар учун ҳам жой бор. Муаллиф натижасини ҳар доим ҳам олдиндан айтиб бўлмайдиган хотираларини биз билан баҳам кўради.

Ольга Токарчук гўёки вақтни тўхтатиб қўйиб, фикрларни қоғозга тушириб боришни истайдиган одамдай кўринади. Одам туғилганидан кейиноқ югурувчига айланади. Қўлёзмалар ёнмаса ҳам, одам танаси осонгина йўқ бўлиб кетиши мумкин. Лекин у ўз ҳаёти давомида югуриб-елиб, ўзидан фақатгина қуруқ тана қолдирмаслиги керак...

Асардаги биринчи жуда кичик ҳикоя ўқилиши биланоқ ўқиш осон ва қизиқарли бўлиши аниқ бўлади. Ушбу роман турли узунликдаги кўплаб ҳикоялардан ва фикрлардан иборат, уларни тасодифий танлаб, саёҳат ва ҳаёт, аэропортлар ва меҳмонхоналар ҳақида янги ва қизиқарли нарсаларни ўрганишингиз мумкин. Аммо бир-бирига бегона туюлган ҳикояларни битта катта романга яхлит ва жозибали қўшилишини кузатиб, кетма-кет ўқиган маъқул. Албатта, бу ҳикоялардаги ҳамма нарса қувончли ва беғубор эмас, инсон ўлик танасини ёриб кўрилишининг таърифлари ва инсон аъзоларининг кўргазмаси ҳам мавжуд, аммо буларнинг барчаси ҳикояга шунчалик уйғунлашганки, китобни кечиктириш ёки бу ҳикояларни ўқимаслик учун сабаб бўлмайди.

Фото: Google Photos

Бундан ташқари, китобнинг ўзига хос стилистикаси алоҳида эътибор талаб этади. Асар тили жуда чиройли, бой, таққослаш ва синонимларга бой. Ўқиш ниҳоятда ёқимли. Ҳақиқий филологик ҳаяжон. Агар сиз диққат билан қарасангиз, китоб бир неча кишининг ҳикояси эмас, балки унинг барча қўрқувлари, йўқотишлари, кашфиётлари ва завқлари билан деярли ҳар қандай замонавий одамнинг портрети бўлиб, унинг асосий мақсади қанчалик ғалати ва ҳайратланарли бўлмасин, ҳаракатдир.

Хулоса

Адабиёт бўйича Нобель мукофотини олган Ольга Токарчук Букер халқаро мукофотига номзодлар рўйхатига киритилган пайтдан бошлаб Ғарб ўқувчиларининг эътиборини тортди. Шунингдек, Токарчук космополитлиги, миллатчиликка қарши қарашлари билан танилган ва баъзан шунинг учун ҳақоратланадиган фаол психолог ва активистдир. Унинг кенг доирадаги қизиқишлари бу асарида яққол намоён бўлади.

Умуман олганда, асар фазо ва вақт орқали саёҳат ғояси билан чамбарчас боғлиқ. Бир жойдан иккинчисига, бир фикрдан бошқасига ўтиш бу дискурсив матннинг диққат марказини ҳам, услубини ҳам аниқлайди. Куницкий исмли одамнинг ҳикояларидан бирида хотини ва боласи таътилда ғойиб бўлиб, бирдан пайдо бўлади.

Дастлабки ҳикоя қилувчи ҳаракатини бирма-бир эслаб, ҳаракат орқали ўзига хос хотирани таклиф этади. Токарчук, шунингдек, саёҳат ва мустамлакачиликнинг «экзотик» амалиётлар билан боғлиқлигини ўрганади. Иркутскдан Москвага парвоз қилганидаги медитация каби фалсафий фикрлар мавжуд.

Токарчук ажойиб юмор ҳиссига ҳам эга. Хуллас, бу китоб классик романларни ўқиб-ўрганган инсонларга янгилик, тоза ҳаводай туюлади. Наҳотки романни шундай жанрда ҳам чиройли қилиб ёзиш мумкин деб ўйлаб қолади одам. Мен бу китобни барча янгиликка интилувчи инсонларга ўқиб чиқишни тавсия этаман. Бадиий китоблар ўқишда консерватор бўлган инсонларга ёқмаслиги мумкинлигини ҳам эслатиб ўтаман.

Иқтибослар

Силлиқлик, ҳаракатчанлик, хаёлпарастлик – маданиятли одам бўлиш дегани. Варварлар саёҳат қилмайди, улар фақат мақсадли ёки талончилик қилиш учун боради;

Ҳаракатни тўхтатган одам қотиб қолади, тўхтаган одамни ҳашарот каби янчиб ташлашади, юраги ёғоч ва игна билан тешилади, қўллари ва оёқларини тешиб, остонага ва пештоққа қоқиб қўйишади;

Ишончим комилки, биз борлиқнинг бошқа томонида илоҳий ҳаракатлар орқали яратилган тақдиримизни тушунишимиз мумкин эмас. Бу бизларга, одамлар учун қора ва оқ рангда кўринади. Худо эса чап қўли билан кўзгудаги аксда кўринадиган қўлда ва биз тушунмайдиган тилда ёзади;

Тан олиб истиғфор айтилган гуноҳ кечирилди. Ҳикоя қилиб айтиб берилган ҳаёт беҳуда яшаш дегани эмас. Гапиришни ўрганмаган киши эса абадий тузоққа тушади;

Мени чет элларда ватандошлар билан учрашув мамнун қилмайди. Мен ўзимни ўз она тилимни тушунмаётгандай тутаман. Анонимликни хоҳлайман.

Қизиқарли фактлар

- Ольга Токарчук поляк ёзувчилари ичида Нобелm мукофотини олган бешинчи ёзувчи бўлди;

- Ольга Токарчук «Яшиллар» партиясининг азоси ва «Сиёсий танқид» журналининг муҳаррирлар кенгашида фаолият юритади;

- Адибанинг касби – психотерапевт.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.