Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда «Она қизини урган ўқитувчи устидан орадан 10 ой ўтиб ИИБга арз қилмоқчи» сарлавҳали хабарга муносабат билдириб, иш Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилганини маълум қилди.
Аниқланишича, бундан 10 ой аввал, 17 январь куни Ангрен шаҳрида жойлашган 44-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчиси Манзура Мирзабоева 3 «Б» синфдаги меҳнат дарсида ўқувчи Д.О. ёнида ўтирган синфдоши билан жанжаллашган. Ўқувчилар Манзура Мирзабоеванинг огоҳлантиришига қарамасдан жанжални давом эттиришган. Дарсга ҳалал берганлари учун Манзура Мирзабоева қўлидаги елим идишни улар томонга беҳосдан (ИИВ хабаридан шундай дейилади) отган ва бунинг оқибатида идиш Д.О.нинг бурнига тегиб, уни жароҳатлаган.
Шундан сўнг, Манзура Мирзабоева Д.О.ни тиббиёт муассасасига олиб бориб, тиббий кўрикдан ўтказган ва барча зарурий дори-дармонларни ўз ҳисобидан олиб берган. Д.О.нг онаси Н.О. қизига етказилган жароҳати юзасидан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини маълум қилиб, ёзма тилхат ёзиб берган. Қизнинг онаси шу кунга қадар ички ишлар органларига мурожаат қилмаган.
Шу йилнинг 16 октябрь куни Н.О. 10 ой аввалги ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқлари орқали шикоят билан мурожаат қилган.
Ички ишлар вазирлигига ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан барча зарурий ҳужжатларни жамлаб, Ангрен шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.
Изоҳ (0)