ИИББ Тошкентда вояга етмаган қизларга қизиқиш билдираётган эркак ҳақидаги хабарлар юзасидан текширув бошлаган эди. Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан 27 ёшли О.Д. исмли шахс қўлга олинган.

Telegram’да мактаб ўқувчиларининг оналари бир-бирларига Тошкентда бир эркак вояга етмаган қизларга қизиқиш билдираётганлиги ҳақидаги хабарни тарқатган эди. ИИББ бошлиғи ушбу аудиохабарларни ариза сифатида кўриб чиқиш топшириғини берган.

Суриштирув ишлари давомида мактаб ўқувчиларининг ота-оналари ва ўқувчиларнинг ўзлари, маҳаллий аҳоли сўроқ қилинган ва гумонланувчининг тахминий чизгилари яратилган.

Маҳаллий ҳудудни ўрганиш вақтида эркак қўлга олинган. Таъкидланишича, ўқувчилардан бири уни таниб қолган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 129-модда 1-қисми билан (шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда, унга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш) жиноят иши очилган.

ИИББ аҳолидан бу каби ҳолатларда зудлик билан профилактика инспекторларига ёки 102 рақамига қўнғироқ қилишни сўради.

«Хабарларни ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерлардаги гуруҳлар орқали тарқатгунча қимматли вақтингиз кетаётганини унутманг. Шунингдек, сизлардан тахмин ва башоратларингиз орқали аҳоли ўртасида ваҳима уйғотмасликни сўраймиз», — дейилади хабарда.