Президент Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 10 октябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободга жўнаб кетди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, кенгаш мажлиси 11 октябрга мўлжалланган. Саммит доирасида Шавкат Мирзиёевнинг қатор давлатлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Аввал хабар берилганидек, саммит якунида бир қатор ҳужжатларни, жумладан, 2020 йилда МДҲда раисликнинг Ўзбекистонга ўтиши тўғрисида қарор, Стратегик иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида декларация, Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари ва халқаро ҳамжамиятга мурожаати, 2020—2022 йилларда терроризм ва экстремизмнинг бошқа зўравонлик кўринишларига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастурини қабул қилиш кўзда тутилган.