Америкалик сиёсатчи Жо Байден биринчи бор омма олдида АҚШ президенти Дональд Трампнинг импичментини қўллаб-қувватлади, деб хабар беради Meduza.

Фото: Reuters

«Айтган гаплари ва ҳаракатлари билан адолатга қарши чиқиш ва конгресс саволларига жавоб беришдан бош тортиш орқали президент Трамп ўзини ўзи айбдор қилди. Бутун дунё ва Америка халқи олдида Дональд Трамп президентлик қасамёдини бузди, миллатга хиёнат қилди ва импичмент билан жазоланиши керак бўлган ҳаракатларни амалга оширди», — дейди Байден.

Жо Байден — Демократлар партиясининг 2020 йили ўтказиладиган президентлик сайловларида иштирок этувчи асосий номзоди.

Эслатиб ўтамиз, Трампга нисбатан импичмент жараёни унинг Украина президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган телефон суҳбати эълон қилингач бошланган эди. АҚШ президенти Зеленскийдан собиқ вице-президент Жо Байденнинг ўғлига нисбатан суриштирув ишларини олиб боришни сўраган. Трампнинг ўзи ушбу ҳаракатларни давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш деб баҳолаган.