Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78
Европа Чемпионлар Лигасининг тўртта гуруҳида 1 октябрь, сешанба куни 2-тур учрашувлари бўлиб ўтди. «Дарё» мазкур гуруҳлардаги тур тафсилотлари билан ўртоқлашади.

«А» гуруҳи

Фото: Twitter

Фото: Twitter

Биринчи турда Парижда йирик ҳисобда мағлуб бўлган «Реал» бу сафар ўз майдонида гуруҳ аутсайдери деб ҳисоблаётган «Брюгге»ни қабул қилди. Ўйин бир қарашда мадридликлар учун осон ўтиши тахмин қилинганди, бироқ танаффусга қадар белгияликлар барча башоратларни йўққа чиқарди. 9-дақиқада Эммануэл Бонавентуре Деннис чап қанотдан ташкил қилинган ҳужумни муваффақиятли якунлади. Нигериялик футболчи Тибо Куртуа билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва ноқулай ҳолатга тушиб қолганига қарамай дарвозани ишғол қилди. Шундан кейин майдон эгалари вазиятни ўнглашга уринди, бироқ Лука Модричнинг қўпол хатоси иккинчи голга олиб келди. Яна Деннис яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, Куртуани доғда қолдирди. Танаффусда Зинедин Зидан жароҳат олган Начо ўрнига Марсело, Куртуа ўрнига эса Ареоляни майдонга ташлади. Испан ОАВ Куртуа бош айланиши ва қорнидаги оғриқ сабаб захирага олинганини таъкидлади. Начо эса икки ярим ойга сафдан чиққани айтилмоқда.

Иккинчи бўлимда меҳмонлар эътиборни ҳимояга қаратди ва биринчи таймдагидан фарқли ўлароқ, қарши ҳужумларга кам чиқди. 56-дақиқада Карим Бензема томонидан узатилган тўпни Серхио Рамос боши билан дарвозага аниқ йўналтирди. Дастлаб гол офсайд туфайли инобатга олинмади, бироқ видеотакрорлардан кейин ҳисоб қисқаргани қайд этилди. Ўйин якунланиши арафасида Каземиро жаримадан ошириб берилган тўпни боши билан чиройли айлантирган ҳолда меҳмонлар дарвозасига жойлаб қўйди. Шу тариқа «Реал» Чемпионлар Лигасида кетма-кет учинчи уй ўйинида ғалабага эриша олмади.

Фото: Twitter/@PSG_inside

Фото: Twitter/@PSG_inside

Гуруҳнинг иккинчи баҳсида ПСЖ Истанбулда «Галатасарой» билан ўйнади. Мазкур баҳсда парижликлар Мауро Икардининг иккинчи бўлим аввалида урган голи эвазига ғалабага эришди. Аргентиналик футболчининг ПСЖдаги дебют голи жамоага муҳим уч очкони тақдим этди.

2-турдан сўнг ПСЖ юз фоизлик натижа билан гуруҳ пешқадамлигини ўз қўлига олган. Ундан кейин иккита дуранг қайд этган «Брюгге» бормоқда. «Галатасарой» ва «Реал» (1 очкодан) охирги поғоналарни бўлишиб турибди.

«Б» гуруҳи

Фото: Twitter

Фото: Twitter

Сешанба оқшомининг марказий ўйини Лондонда бўлиб ўтди. Мусобақанинг амалдаги вице-чемпиони «Тоттенҳэм» «Бавария»ни қабул қилди. Дастлаб мезбонлар Сон Ҳён Миннинг голидан кейин олдинга ўтиб олган бўлса, унинг ортидан кетма-кет «зарба»ларни қабул қилиб олди. Мюнхенликларнинг дарвоза томон аниқ йўллаган ҳар икки зарбасидан биттаси голга айланаверди. Бир пайтлар «шпорлар»нинг азалий рақиби ҳисобланмиш «Арсенал»да тўп сурган Серж Гнабри покерга эришди. Роберт Левандовски дубль қайд этган бўлса, яна бир голга Йозуа Киммих муаллиф бўлди. Шу тариқа Маурисио Почеттино шогирдлари янги стадиондаги энг йирик мағлубиятни қабул қилиб олди.

Параллел бўлиб ўтган баҳсда «Црвена Звезда» ўзида «Олимпиакос» устидан иродали ғалабани қўлга киритди. Биринчи бўлимда греклар ҳисобда олдинга ўтиб олди, бироқ иккинчи тайм аввалидаги четлатиш ўйинни буткул ўзгартириб юборди. 62-дақиқада мувозанатни тиклаган сербияликлар сўнгги дақиқаларда иккита гол уриб ғалабани рақибидан тортиб олди.

Шу тариқа «Бавария» 6 очко билан биринчи ўринда турибди, «Црвена Звезда» эса (3 очко) бу ғалабадан кейин иккинчи ўринга кўтарилди. «Тоттенҳэм» ва «Олимпиакос» 1 очкодан тўплаган.

«C» гуруҳи

Фото: Twitter/@ManCity

Фото: Twitter/@ManCity

Гуруҳ фаворити «Манчестер Сити» ўз майдонида Загребнинг «Динамо»си билан учрашди. Бу ўйинда манкунианлар вазиятлардан унумли фойдаланишда оқсади, бироқ шундай бўлса-да, якуний натижа Пеп Гвардиола жамоаси учун қониқарли бўлди. Ўзига хос жиҳати бу ўйинда «Сити» асосий таркибидан инглиз футболчиси ўрин олмади ва бунақаси «шаҳарликлар» ижросида 2013 йилдан кейин илк бор кузатилди. Бироқ учрашувдаги иккита голга захирадан қўшилган англиялик футболчилар муаллифлик қилди. Раҳим Стерлинг майдонга тушганидан ўн дақиқа ўтиб ўз ҳисобига гол ёздириб қўйган бўлса, Филип Фоден учун тўрт дақиқа кифоя қилди.

Гуруҳдаги иккинчи ўйинда «Аталанта» ва «Шахтёр» жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Бу баҳс бергамоликлар учун омадсиз якунланди. Аввалига Ёсип Иличич 16-дақиқада пенальтидан фойдалана олмади, шундай бўлса-да бироз ўтиб Дуван Сапата италянларнинг биринчи голини урди. Танаффус арафасида украинлар ҳисобни тенглаштирди. Барчаси муроса томон кетаётган пайтда «Шахтёр» вакиллари 95-дақиқада гол уриб, рақибдан ғалабани юлиб олди.

Гуруҳда «Манчестер Сити» (6 очко) биринчи ўринда қолди, «Динамо» ва «Шахтёр» уч очкодан тўплаган ҳолда кейинги поғоналарда бормоқда. Иккита турда очко тўплай олмаган «Аталанта» сўнгги ўринни банд қилиб турибди.

«Д» гуруҳи

Фото: Twitter/Жувентус

Фото: Twitter/Жувентус

«Ювентус» Туринда «Байер»ни қабул қилди. Унда Гонсало Игуаин, Федерико Бернардески ва Криштиану Роналдунинг голлари «кекса синьора»га ғалаба олиб келди. Маурицио Сарри шогирдлари ҳужумдаги самарадорликдан ташқари мудофаа чизиғида ҳам ишончли ҳаракат қилди. Немислар майдон эгалари дарвозаси томон бирор марта аниқ зарба йўллай олмади.

Гуруҳнинг нариги ўйинида «Атлетико» Москвага сафар қилди ва «Локомотив» билан ўйнади. Ўтган турда «Байер»ни доғда қолдирган «темирйўлчилар» бу ўйинда ҳам номдор жамоага қарши муносиб қаршилик қилди. Бироқ даражадаги устунлик ўз сўзини айтди ва «матрасчилар» иккинчи бўлим бошида иккита гол урган ҳолда ўйин масаласини ҳал қилиб қўйди.

Гуруҳда «Ювентус» ва «Атлетико» 4 очкадан жамғарган ҳолда пешқадам бўлиб турибди. «Локомотив» ҳисобида 3 очко бўлса, «Байер» ҳали очко қўлга кирита олмади.

Қизиқарли фактлар ва статистика

  • Криштиану Роналду ЕЧЛдаги ғалабалари сони (102 та) бўйича Икер Касилясни ортда қолдириб рекорд ўрнатди
  • Роналду ЕЧЛда ўзи дуч келган рақибларга (33 клуб) гол уриш бўйича Раулнинг рекордини такрорлади
  • Серж Гнабри 2015 йилдан бери ЕЧЛда покерга эришган илк футболчига айланди. Сўнгги бор мусобақа доирасида Роналду «Реал» сафида 2015 йил «Малмё»га қарши ўйинда 4 та гол урганди
  • Жоау Феликс «Атлетико Мадрид» сафида ЕЧЛда гол урган энг ёш (19 ёш 325 кунлик) футболчига айланди
  • «Реал» тарихда илк бор ЕЧЛ стартидаги икки ўйинда ғалаба қозона олмади
  • Ҳарри Кейн Чемпионлар Лигасида гол уриш бўйича (16 та) Девид Бекҳемга тенглашиб олди
  • Серхио Рамос ҳимоячилар орасида ЕЧЛда энг кўп ўйин (120 та) ўтказиш бўйича Роберто Карлосга етиб олди

ЕЧЛ

2-тур баҳслари

1 октябрь, сешанба

«А» гуруҳи

«Реал»—«Брюгге» 2:2

Голлар: 0:1 — 9 Бонавентуре, 0:2 — 39 Бонавентуре, 1:2 — 55 Рамос, 2:2 — 85 Каземиро

«Галатасарой»—ПСЖ 0:1

Гол: 0:1 — 52 Икарди

«Б» гуруҳи

«Тоттенҳэм»—«Бавария» 2:7

Голлар: 1:0 — 12 Сон Ҳён Мин, 1:1 — 15 Киммих, 1:2 — 45 Левандовски, 1:3 — 53 Гнабри, 1:4 — 55 Гнабри, 2:4 — 61, пенальти Кейн, 2:5 — 83 Гнабри, 2:6 — 87 Левандовски, 2:7 — 88 Гнабри

«Црвена Звезда»—«Олимпиакос» 3:1

Голлар: 0:1 — 37 Рубен Семеду, 1:1 — 62 Вулич, 2:1 — 87 Милунович, 3:1 — 90 Боачи

«C» гуруҳи

«Аталанта»—«Шахтёр» 1:2

Голлар: 1:0 — 28 Сапата, 1:1 — 41 Мораес, 1:2 — 90 Соломон

«Манчестер Сити»—«Динамо Загреб» 2:0

Голлар: 1:0 — 66 Стерлинг, 2:0 — 90 Фоден

«Д» гуруҳи

«Ювентус»—«Байер» 3:0

Голлар: 1:0 — 17 Игуаин, 2:0 — 61 Бернардески, 3:0 — 88 Роналду

«Локомотив М»—«Атлетико» 0:2

Голлар: 0:1 — 48 Жоау Феликс, 0:2 — 58 Томас

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!

Изоҳ
Асосий янгиликлар