Лондонда 2020 йилнинг ёзида 35 метр баландликда жойлашган дунёда биринчи осмон бассейни очилади, деб ёзмоқда Big Picture.
Чуқурлиги 3 метрни ташкил этувчи резервуарнинг узунлиги 25 метр, сув сиғими 400 тонна бўлади. У иккита янги ҳашаматли уйларни бирлаштирган ҳолда унда яшовчиларга икки бино орасида сузиш имконини беради.
Ҳозирда бу ажойиб бассейн Колорадодан Британия пойтахтига боришдан аввал сўнгги синовдан ўтмоқда.
Резервуар қалинлиги 20 сантиметрли шишадан ясалган бўлиб, лойиҳа муаллифларининг таъкидлашича, унда сузаётган одам ўзини осмонда учаётгандек ҳис қилиши мумкин.
Бассейн 11-қаватда жойлашган ва ундан қўшни бино — қурилиш ишлари тугалланиш арафасида бўлган, 2020 йилнинг январида очиш режалаштирилган АҚШ элчихонаси биносининг ажойиб манзараси кўринади.
Найн Эльмс туманининг янги The Embassy Gardens комплекси биноларида 2000 та квартира мавжуд. Уларнинг нархи ҳашаматли пентхаус учун 600 минг фунт (7 миллиард сўм)дан бошланиб, 5 миллион фунт (58 миллиард сўм)гача боради.
Замонавий биноларда истиқомат қилувчилар учун улар кўнгли тусаган барча шароит: ўта замонавий қулайликлар, кинозаллар ва бошқа кўнгилхушликлар бор. Sky Deck бассейнли комплексда спа, ёзги бар ва кўнгил ёзиш учун гулларга тўла хоналар бўлади.
Қурилиш ишларини 2019 йилнинг охирига қадар якунлаш режалаштирилган. Қуш баландлигида сузиш мумкин бўлган ушбу бассейн Лондоннинг яна бир диққатга сазовор жойига айланади.