Жорий йил ноябрь ойида Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романи Мичиган университети аспиранти Кристофер Форт таржимасида инглиз тилида нашрдан чиқади. Бундан олдин Фортнинг Чўлпон ижоди ҳақидаги мақоласи эълон қилинди. «Минбар» тақдим этган мақолада тадқиқотчининг роман ҳақидаги фикр-мулоҳазалари келтирилган.

Фото: «Ziyouz.com»

«Кеча ва кундуз» романининг фақат «Кеча» қисми мавжуд. Олимларнинг тахминича, Чўлпон «Кундуз» қисмини ҳам режалаштирган ёки ёзган бўлиши ҳам мумкин. Дилогиянинг тўлиқ эмаслиги олимларга Чўлпоннинг мақсади ҳақида тахмин қилиш имкониятини беради.

Баъзи олимлар Чўлпон фақат «Кеча»ни ёзган, «Кундуз» қисми борлиги ҳақидаги мулоҳазалар совет кузатувчиларини мамнун қилиш учун айтилган дейишади. Бошқалари эса Чўлпон «Кундуз»ни ҳам ёзган, лекин НКВД уни ҳибсга олишганда асар мусодара қилиниб, йўқ қилинган деб ҳисоблашади.

Бу фикрлар мени қониқтирмаган, шунинг учун таржимага киришганимдан бери янги далилларни излаяпман.

Мен «Кундуз» қисмининг йўқлиги Чўлпоннинг эстетик ниятига мос келади деб ҳисоблайман. Чўлпон ҳаёти давомида эстетик жиҳатдан беқиёсликка интилган, унинг қаҳрамонлари чексиз эпифанияларни бошдан кечиради ва ҳеч қачон охирига етиб бормайди. Қаҳрамонларининг ривожланиши сингари Чўлпоннинг дилогияси ҳам хулосаланмайди.

Чўлпоннинг бу адабий талқинлари Ўзбекистоннинг бугуни ва келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.

Мен таржимам билан бу ажойиб ва сирли санъаткорни инглиз тилли ўқувчиларга етказаман. ХХ аср бошидаги ўзбек адабиёти ва тарихини тавсифловчи матн ва маълумотларнинг камлиги билан танишган инглиз тилли китобхонлар Чўлпон ва Ўзбекистоннинг ўтмишига оид муҳокамаларга қўшилишлари мумкин.

Маълумот учун, Кристофер Форт АҚШнинг Детройт шаҳрида яшайди. ХХ аср ва замонавий ўзбек адабиёти мутахассиси. Ёзувчи Исажон Султоннинг «Боқий дарбадар» романини инглиз тилига ўгирган.