Машҳур россиялик маданиятшунос ва санъатшунос олим, академик Дмитрий Лихачёв 1985 йилда чоп этилган ва бестселлерга айланган, дунёнинг ко‘плаб тилларига таржима қилинган «Яхши ва гўзал нарсалар ҳақида хатлар» китобида умрбоқий қадриятлар устида бош қотиради ва ёш авлодга маслаҳатлар бериб ўтади. «Дарё» ушбу асардан нима учун карьерага муккасидан кетиш инсонни бахтсиз қилиб қойиши ва унга тоқат қилиб бўлмайдиган инсонга айлантириши, қандай қилиб зиёлилик узоқ умр кўришга ёрдам бериши ва нима учун инсонга китобларни «беғараз» ўқиш кераклиги ҳақидаги бир нечта хатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ўн биринчи хат
Карьерага муккасидан кетиш рақида
Одам туғилган кунидан бошлаб ривожланади. У келажакка интилади. У ўқийди, ҳатто ўзи тушунмаса-да, олдига янги вазифаларни қўйишни ўрганади. Ҳаётда ўз ўрнини қанчалик тез эгаллаб олса, шунчалик тез қошиқни ҳам ушлашни ўрганади ва биринчи сўзларини айтишни бошлайди. Кейин ўспиринликка ва йигитликка ҳам ўрганади. Ниҳоят доим интилгани билимларини амалда қўллайдиган вақт етиб келади. Балоғат ёши. Ҳозирги кун билан яшаш керак... Лекин шижоат сақланиб қолади ва кўпчилик учун ҳаётда ўз ўрнини топиш вақти келади. Ҳаракат инерция бўйича кетаверади. Инсон ҳар доим келажакка инитилаверади, келажак эса реал билимларда, маҳоратга эга бўлишда эмас. Аксинча, ўзини фойдали жойга ўрнаштиришда. Айнан ҳозирги вақт келмайди, қоладиган нарса эса бекордан бекорга келажакка интилишдир. Мана шу карьерага муккасидан кетиш бўлади. Инсонни ич-ичидан бахтсиз ва бошқаларни унга нисбатан тоқатсиз қилиб қўядиган ички нотинчликдир.
Ўн иккинчи хат
Инсон зиёли бўлиши шарт
Инсон зиёли бўлиши шарт! Унинг касби зиёлиликни талаб қилмасачи? У таълим ололмасачи: шароит шундай бўлиб қолди? Атроф муҳит йўл қўймасачи? Зиёлилик уни ҳамкасблари, дўстлари, қариндошлари ичида «оқ қарға»га айлантириб қўйса ва бошқалар билан яқинлашишига халақит берсачи?
Йўқ, йўқ ва яна йўқ! Зиёли бўлиш ҳар қандай ҳолатда керак. У ҳам атрофдагиларга, ҳам инсоннинг ўзи учун керак.
Ҳаммасидан ҳам бахтли ва узоқ умр кўриш учун жудаям, жудаям муҳим. Ҳа, узоқ яшаш учун! Чунки зиёлилик маънавий саломатликка тенг, саломатлик эса узоқ умр кўриш учун зарур, нафақат жисмоний саломатлик, балки ақлий саломатлик ҳам. Эски бир китобда ёзилган: «Отангни ва онанингни ҳурмат билан ёдга олиб тур, узоқ яшайсан». Бу бутун халққа ва алоҳида инсонга ҳам тегишли. Бу доноликдир.
Лекин келинг аввал зиёлилик нима эканини аниқлаштириб олайлик, кейин эса у узоқ умр билан қандай боғлиқлиги ҳақида.
Кўпчиликнинг фикрича, зиёли инсон – кўп ўқиган, яхши таълим олган (ҳатто гуманитар бўлса ҳам), кўп саёҳат қилган, бир нечта тилни билади. Ҳолбуки буларнинг барчасига эга бўла туриб зиёли бўлмаслик ҳам мумкин ва, аксинча, юқоридагиларнинг маълум қисмига эга бўлмасдан туриб ҳам ич-ичидан зиёли бўлиш мумкин.
Ўқимишлини зиёли билан адаштирмаслик зарур. Ўқимишлилик эски маъно-мазмун билан яшайди, зиёлилик – янгилик яратиш ва эскини янгича англаш билан.
Бундан ташқари... Ҳақиқий зиёли инсонни ҳамма билимларидан жудо қилинг, хотирасидан айиринг. Дунёдаги барча нарса эсидан чиқсин, адабиётдаги класцикларни танимасин, буюк санъат асарларидан хабари бўлмасин, муҳим тарихий воқеаларни ёдидан чиқарсин, лекин шунда ҳам интеллектуал бойликларни қабул қила олса, тарихга қизиқса, эстетик дидга эга бўлса, ҳайратлантириш учун яратилган ҳақиқий санъат асарини қўпол «ахлатдан» фарқлай олса, табиатнинг гўзаллигидан илҳомлана олса, бошқа инсоннинг характери ва индивидуаллигини тушуна олса, унинг ўрнига ўзини қўйиб, уни тушина олса, унга ёрдам берса, қўполлик қилмаса, бефарқлик, ичиқоралик, ҳасад қилмаса, бошқаларни қадрлай олса, қадим маданиятларга ҳурмат билан қараса, тарбияли инсон кўникмаларини кўрсата олса, ахлоқий саволларда қабул қилган қарорларига маъсулиятни ҳис қилса, ўз тилининг бойлиги ва аниқлигидан фойдалана олса – ёзма ва оғзаки – мана бу зиёли инсон бўлади.
Интеллигентлик фақат билимларда эмас, балки бошқаларни тушунишда. У минглаб майда нарсаларда намоён бўлади: ҳурмат билан баҳслаша олишда, дастурхон олдида ўзини камтар тутишда, атрофдагиларга сездирмасдан (айнан сездирмасдан) бошқаларга ёрдам беришда, табиатни асрашда, атроф-муҳитни ифлослантирмаслигида – сигарет қолдиқлари ёки сўкиниш, аҳмоқона ғоялари билан (бу ҳам чиқинди, яна қанақа!).
Мен Рус Шимолидаги ҳақиқатан ҳам интеллигент бўлган деҳқонларни билардим. Улар уйларидаги тозаликни ҳайрон қоларли даражада сақларди, яхши қўшиқларни баҳолай оларди, бошларидан ўтган воқеаларни ҳикоя қилиб бера олади, тартибли рўзғор билан яшарди, бошқаларнинг ғамига ва хурсандчилигига шерик бўла оларди.
Интеллигентлик – бу тушуна олиш, идрок қилиш, олам ва одамларга сабрли муносабатга бўла олиш. Зиёлиликни ўзида шакллантириш керак, меҳнат қилиш керак – руҳий қувват устида худди жисмоний қувват устида ишлагандек ишлаш керак. Бунинг эса ҳар қандай ҳолатда имкони ва зарурияти бор. Жисмоний жиҳатни соғломлаштириш ва шуғуллантириш узоқ умр кўришга олиб келиши – бу тушунарли. Узоқ умр кўриш учун руҳиятни ҳам ривожлантиши кераклигини озчилик тушинади.
Гап шундаки, атрофдагиларга қаҳрли реакция, қўполлик ва бошқаларни тушунмаслик – бу маънавий ва руҳий заифлик, одамнинг яшаш қобилияти йўқлиги белгиси... Тўлган автобусга заиф ва асабий, тинкаси қуриган, ҳамма нарсага хато реакция билдирадиган инсон тиқилади. Қўшнилари билан ҳам – яшашни билмайдиган, руҳан кар одам жанжаллашади. Эстетик зеҳни паст одам ҳам – бахтсиз инсон. Бошқаларни тушуна олмайдиган, уларга ёвуз мақсадларни илиб қўядиган, ҳамма вақт бошқалардан хафа бўлиб юрадиган ҳам ўз ҳаётини еб битирадиган ва бошқаларнинг яшашига халақит берадиган одамдир. Руҳий заифлик жисмоний заифликка олиб келади. Мен врач эмасман, лекин бунга ишончим комил. Узоқ йиллик малакам туфайли бунга ишонаман.
Хушмуомалалик, очиқ юзлилик ва яхшилик инсонни нафақат жисмоний соғлом қилади, балки чиройли ҳам. Ҳа, айнан чиройли.
Афтидан, қаҳр ёғилиб турадиган одамнинг юзи образсиз, ҳаракатлари эса нафисликдан мосуво бўлади – атайин ўргатилган нафислик эмас, ундан қимматроқ турадиган табиий бежиримликдан.
Инсоннинг жамият олдидаги қарзи – зиёли бўлиш. Бу ўз олдидаги қарзи ҳам. Бу шахсий бахтининг ва унга «яхшилик тиловчи ауранинг» кафолати (яъни унга ёрдам қўлини чўзадиганлар).
Бу китобда ёш ўқувчиларим билан гаплашадиган барча гапларим – зиёли бўлишга, руҳан ва жисмонан соғломликка, гўзал бўлишга чақириш. Ҳам одам ҳам халқ сифатида узоқ умрли бўламиз! Ота-онани ёдга олишни эса кенг маънода тушуниш зарур – буюк бахтга эга бўлган бугунги кунимизнинг ота-оналари бўлган тарихимиздаги энг яхши нарсаларимизни ёдга олмоқ даркор.
Йигирма иккинчи хат
Китоб ўқишни севинг
Ҳар бир инсон ўзининг интеллектуал ривожланиши ҳақида қайғуришга мажбур (таъкидлаб ўтаман – мажбур). Бу у ўзи яшаб турган жамият ва шахсан ўзи олдидаги мажбурияти. Сизнинг интеллектал ривожланишингизнинг асосий (албатта, ягона эмас) йўли – китоб ўқиш.
Тўғри келган нарсани ўқимаслик керак. Бу вақтни бекорга ишлатиш, вақт эса – беҳудага сарфлаб бўлмайдиган қимматбаҳо бойлик. Маълум дастур асосида ўқиш керак, албатта, вақти-вақти билан ундан четга чиқиб қизиқишларга мос қўшимча адабиётни ҳам унутмаслик даркор. Бироқ бирламчи дастурни ҳар ким ўзи учун янги қизиқишларни пайдо қилувчи адабиётлардан тузиш зарур.
Ўқиш самарадор бўлиши учун у ўқувчини қизиқтириши керак. Китоб ўқишга ёки маданиятнинг маълум бўлимларига қизиқишни шакллантириш зарур. Қизиқиш эса қайсидир маънода ўз-ўзини тарбиялашнинг махсули бўлиши мумкин.
Ўқиш учун дастур тузиш осон иш эмас, шунинг учун ҳам буни билимли ва турли соҳаларда маслаҳат бера оладиган инсонлар ёрдамида тузиш мақсадга мувофиқ. Ўқишнинг хавфли томони – матнни «диагонал» кўришга мойилликниннг ёки тез ўқишнинг ривожланишига олиб келиши. Тез ўқиш билимларни сиртдан кўрсатади. Уни фақат маълум касб эгалари, тез ўқиш одати пайдо бўлиб қолишидан эҳтиёт бўлган ҳолда, қўллаши мумкин, чунки бу диққат бузилиши касаллигига олиб келиши мумкин.
Хотиржам, шошилмасдан, беҳаловат бўлмасдан, мисол учун, дам олишда ёки диққатни бузмайдиган, оғир бўлмаган касаллик вақтида ўқилган асарлар катта таассурот қолдиришини сезганмисиз?
Адабиёт бизга улкан, кенг ва чуқур ҳаётий малака беради. У одамни интеллигент қилиб тарбиялайди, нафақат гўзалликни хос қилишни, балки ҳаёт ва унинг мураккабликлари ҳақида тушунтириш беради, бошқа давр, халқлар ва сизнинг ўртанингизда кўприк бўлади, сизга одамлар юрагини очиб беради. Бир сўз билан айтганда, сизни доно қилади. Аммо буларнинг ҳаммаси майда деталларгача эътибор билан ўқисангизгина юзага чиқади. Чунки энг асосий билимлар кичик нарсаларда мужассамлашган. Бу эса сиз китобни қанақадир бошқача асарни ўқиш зарурлиги (мактаб дастури бўйича ёки модага ва шуҳратпарастликка эргашиб) учун эмас, ҳузурланиб ўқиш зарур, ана шунда у сизга ёқади – муаллиф нима демоқчилигини, сиз билан бўлиша оладиган нарсаси борлигини ва унинг қўлидан ҳис қиласиз. Агар биринчи марта диққат билан ўқимаган бўлсангиз – яна ўқинг, учинчи марта ўқинг. Одамда унга бир неча марта мурожаат этадиган, деталларигача биладиган, мос фурсат келганда у ҳақида эслай оладиган ва атрофдагиларининг кайфиятини кўтара ёки вазиятни юмшата оладиган (бир – бирига қарши жиззакилик тўпланиб қолганда) ёки кулдира оладиган ва ёки ўзи ёки бошқалар билан юз бераётган воқеага муносабатини билдириш учун севимли асари бўлиши шарт. Мени китобларни «беғараз» ўқишга мактабдаги адабиёт ўқитувчим ўргатган. Мен ўқиган йилларда ўқитувчилар тез-тез дарсларни қолдиришга мажбур бўларди – ёки Ленинград остонасига окоп қазишарди, ёки қайсидир фабрикада ёрдам беришлари керак эди, ёки шунчаки бетоб бўлиб қоларди. Леонид Владимирович (адабиёт ўқитувчимнинг исм-фамилияси шундай эди) бошқа ўқитувчи йўқ бўлганда синфимга тез-тез келарди, ўқитувчи столига келиб ўтирарди ва портфелидан китобларни чиқариб, бизга нимадир ўқиб беришни таклиф қиларди. Биз билардик: у моҳирлик билан ўқир, ўқилган нарсани тушунтириб бера олар, биз билан биргаликда кулар, нимадандир биз билан бирга завқланар, ёзувчининг санъати билан бизни ҳайрон қолдира оларди ва келгуси учун қувона биларди. Шундай қилиб, биз «Уруш ва тинчлик»нинг кўп жойларини, «Капитан қизи», Мопассаннинг бир нечта ҳикоялари, Соловьёв Будимирович ҳақидаги достонларни, Добриня Никитич ҳақидаги бошқа достонларни, Криловнинг масалларини, Державин қасидаси ва бошқа кўплар асарларни эшитдик. Ҳозиргача болалигимда эшитган ўша асарларни яхши кўраман. Уйда эса дадам ва онам кечалари ўқишни ёқтиришарди. Ўзлари учун ўқишарди, баъзи ёққан жойларини эса бизга ҳам ўқиб беришарди. Лесковни, «Она Сибир»ни, тарихий романларни ўқишарди – уларга нимаики ёққан бўлса, аста-секин бизга ҳам ёқа бошлади.
«Қизиқтирилмаган», лекин ўқиш қизиқ бўлган адабиёт – мана нима адабиётни севишга мажбурлайди ва инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради. Фақат мактабдаги саволларга жавоб олиш ёки ҳаммага эргашиб модалиги учун ўқиманг. Шошилмасдан, қизиқиш билан ўқишни ўрганинг.
Нима учун китоб телевизорнинг соясида қолиб кетади? Ҳа, чунки телевизор кўрсатувларни шошилмасдан кўришга мажбур қилади, ҳеч нарса халақит бермаслиги учун қулайроқ ўтириб олишни талаб қилади, ғамларинингизни бир четга суриб, у сизга қандай томоша қилиш ва нимани томоша қилишни айтиб туради. Дидингизга мос китобни танланг, қулайроқ жойлашиб олинг ва дунёдаги барча нарсани эсингиздан чиқарининг. Ишонинг, кўрсатувлардан кўра қизиқроқ, муҳимроқ ва уларсиз яшаб бўлмайдиган китоблар борлигини англаб етасиз. Телевизор кўришни тўхтатинг демоқчи эмасман. Лекин танлаб томоша қилинг деяпман. Вақтингизни сарфлашга арзийдиган нарсага сарфланг. Танловингизни ўзингиз аниқлаштиринг, сиз танлаган китоб классикага айланиши учун инсон маданияти тарихида қандай роль ўйнаган. Бу эса унда арзирли нимадир борлигини англатади. Балки, бу инсон маданияти учун арзирли нарса берган китоб сиз учун ҳам нимадир бера олар?
Классик асарлар вақт синовига бардош берган. Улар билан вақтингизни йўқотмайсиз. Бироқ классика ҳозирги кун саволларига жавоб бера олмайди. Шунинг учун замонавий адабиётни ҳам ўқиш мақсадга мувофиқ. Фақат ҳар бир урфдаги китобга ташланманг. Бир шохдан иккинчисига сакрайверманг. Бу одамни энг қиммат капитали бўлган вақтни ўйламасдан беҳудага сарфлашга мажбур қилади.
Йигирма олтинчи хат
Билим олишни ўрганинг
Биз таълим, билим, касбий маҳорат инсон тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнайдиган асрга кирмоқдамиз. Билимларсиз, айтиш керакки, ҳаммаси қийинлашиб боради, шунчаки ишлашнинг ва бошқаларга фойда келтиришнинг имкони бўлмай қолади. Чунки жисмоний меҳнатни машина ва роботлар зиммасига олади. Ҳаттоки ҳисоб-китоблар ва чизмалар, ҳисоботлар, режалаштириш ҳам компьютерлар томонидан амалга оширилади. Инсон эса янги ғояларни киритади, машина фикрлай олмайдиган нарсалар устида бош қотиради. Бунинг учун эса инсоннинг зиёлилиги, янгилик ярата олиши ва албатта, машина ўрнини боса олмайдиган маънавий маъсулияти керак бўлади. Ҳозирги асрда оддий нарса бўлган этика илм-фан асрида қийинчиликлар туғилган соҳага айланади. Бу тушунарли ҳолат. Демак, инсон олдида қийин ва оғир вазифа – шунчаки одам эмас, илм-фан одами бўлиш туради, машиналар ва роботлар асрида рўй бераётган воқеаларга маънавий жиҳатдан жавоб берадиган инсон. Умумий таълим келажак одамини, ижодкор, янгилик яратувчи ва барча янги яратилган нарсалар учун маънавий маъсулиятни ўз бўйнига оладиган инсонни тарбия қилиши мумкин.
Билим олиш – мана нима керак ёшларга. Ҳар доим билим олиш даркор. Катта-катта олимлар умрининг охиригача нафақат ўқитган, балки ўқиган ҳам. Билим олишдан тўхтадинг – ўқита олмайсан ҳам. Чунки билимлар ўсиб ва қийинлашиб боради. Айнан ёшликда, болаликда, ўсмирлик даврларида инсон зеҳни ўткир бўлади. Айнан шу пайтда тилларни ўрганишга (жудаям зарур бўлган нарса), математикага, янги билимларни ўзлаштиришга ва маънавий жиҳатдан ривожлантирадиган ва уни стимуллайдиган эстетик ривожланишга мойиллик юқори бўлади.
Вақтни беҳудага, баъзан энг оғир ишдан ҳам кўпроқ чарчатадиган «дам олишларга» сарфламасликка одатланинг, онгингизни туманли, аҳмоқона, мақсадсиз «маълумот» билан тўлдирманг. Фақат ёшлигингизда орттиришингиз мумкин бўлган билим ва кўникмалар учун ўзингизни асранг.
Шу ерда ёш ўқувчимнинг оғир хўрсинишини эшитяпман: биз ёшлар учун қанақа зерикарли ҳаётни таклиф қиляпсиз?! Фақат ўқиш. Дам олиш, ўйин-кулгучи? Энди биз хурсандчилик ҳам қилмайликми?
Йўғ-а. Билим ва кўникмаларни орттириш – бу ҳам спорт. Агар у бизга қувонч бермаса, билим олиш, ўқиш жуда ҳам қийин машғулот. Дам олиш ва ўйин-кулгунинг, эрмакнинг бизни нимагадир ўргатадиган шаклларини топиш керак. Билим олиш ёқмасачи? Бўлиши мумкин эмас. Демак сиз болакайга, қизалоққа қувонч келтирадиган билимлар эшигини ҳали очмагансиз.
Ёш болакайга қаранг – қандай хурсандчилик билан юришни, гапиришни, турли механизмларни чуқалашни (болалар), қўғирчоққа энагалик қилишни (қизлар) бошлайди. Мана шу қувончни янги билимларни эгаллашда давом эттиринг. Бу кўп жиҳатдан ўзингизга боғлиқ. Билим олишни ёқтирмайман деб онт ичманг! Мактабда ўқитиладиган ҳамма фанларни севинг. Агар бошқаларга ёққан бўлса, нега сизга ёқмасин? Қимматбаҳо китобларни ўқинг, хом асарларни эмас. Тарихни ва адабиётни ўрганинг. Буларни зиёли одам билиши шарт. Айнан улар инсонга маънавий ва эстетик дунёқараш беради, дунёни қизиқарли қилади, малака ва қувонч ҳадя қилади. Қайсидир фандан нимадир ёқмаса – унда қувонч манбаини топишга ҳаракат қилинг – янги нарсани ўзлаштириш қувончини.
Билим олишни севишни ўрганинг!
Изоҳ (0)