Мустақиллик байрами ҳар йили Ўзбекистонда, Тошкент шаҳрида ўзига хос тайёргарлик, турли маърифий, маданий-кўнгилочар тадбирлар ила тантана қилинади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилади.
Жумладан, бу йил ҳам Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида истиқлолни тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарларини аниқлашга қаратилган «Ягонасан, муқаддас Ватан!», шунингдек, «Энг улуғ, энг азиз», «Ранглар жилосида — она диёр», «Ватан учун яшайлик!» каби анъанавий кўрик-танловлар ташкил этилди.
Мазкур байрам муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда, таълим муассасаларида «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!» ғояси остида учрашувлар, жонли мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирлар истиқлол даврида эришилган ютуқлар, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар самараларини ўзгариш ва янгиланишлар сарҳисоби сифатида ташкил этилмоқда. Бугунги кунгача шаҳар бўйлаб 400 га яқин ана шундай маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Пойтахтдаги 508 та маҳалла гузари, боғ ва майдонларда, 35 та олий ўқув юртининг ҳудудида ва мингдан ортиқ корхона, ташкилот, муассасаларда байрам сайиллари давом этади.
Шунингдек, мустақиллик байрами муносабати билан 11 та туман марказларида ҳамда барча истироҳат боғларида халқ сайиллари ўтказилади.
Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам тадбирларида мушакбозлик томошалари ҳам бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)