Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

ГКЧП («Государственний комитет по чрезвичайному положению», ўзбекчаси – ФВДҚ ёки «Фавқулодда вазият бўйича давлат қўмитаси») – бундан роппа-роса 28 йил аввал, бор-йўғи уч кун давлат тўнтариши ортидан СССРда ҳукмрон бўлган қўмита номи. Қисқа муддат яшаган бу тузилма СССР ҳамда унинг таркибига кирувчи давлатлар, умуман дунё тарихида муҳим роль ўйнади. Бу ҳақда «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош ҳикоя қилади.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

1991 йил 19 август. Совет Иттифоқининг барча бурчакларида телевидение ва радио орқали хабар берилди: “Президент Михаил Горбачёв соғлиғи ёмонлашгани учун мамлакатни ортиқ бошқара олмайди. У бошлаган ислоҳотларнинг аксарияти боши берк кўчага кириб қолди. Шу сабабли мамлакат бошқарувини саккиз кишидан иборат Фавқулодда вазият давлат қўмитаси ўз қўлига олади. Олти ой давомида мамлакатга янги раҳбар сайланади”. Бу хабарни эшитган одамлар бироз хавотирга тушди. “Горбачёвга нима бўлган экан-а?!” деган ўй кўпчиликнинг хаёлидан ўтди. Мамлакат аҳли ҳали Сталин вафот этганда “соғлиғи ёмонлашди” деб маълумот тарқатиб ўзаро тахт талашишганини, Хрушчёв Брежнев томонидан “соғлиғи ёмонлашгани туфайли ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди” деган баҳона билан тахтдан кетказилганини унутгани йўқ эди. Қолаверса, бундай “сценарий” иттифоқдош республикаларнинг ҳар бирида неча марталаб қўлланганди. Одамларнинг хавотирлари бежиз эмаслиги уч кун ичида ойдинлашди. Фавқулодда вазият давлат қўмитасига ҳам мамлакатни олти ой бошқариш насиб этмади. Ҳаммаси уч кунда тугади.

* * *

1985 йил 11 март санасида СССР «тахти»га ўтириб, Совет Иттифоқи коммунистик партиясининг биринчи котиби лавозимини олган Михаил Сергеевич Горбачёв сал ўтмай мамлакатда «қайта қуриш» номи остида янги ислоҳотлар бошланганини маълум қилди. Олдинига ислоҳотлар олдинга силжиши бироз сустроқ бўлди. Ахир Сталин вафотидан кейин 30 йилдан ошиқ вақт бир хил тартибда ишлаб келган амалдорларни ўзгартириш жуда қийин эди. Аммо 1986 йилдан бошлаб мамлакатдаги аксарият тартиблар ўзгарди. Биринчи навбатда, Горбачёв КПССнинг 1986 йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган XXVII сездида Афғонистондаги беҳуда урушни тўхтатиш ва қўшинларни босқичма-босқич бу мамлакатдан олиб чиқиш ҳақида гапирди. Октябрь ойида илк олти полк Афғонистондан олиб чиқилди. Шунингдек, Горбачёв мамлакатда коммунистик партия гегемонлигига чек қўядиган қарор қабул қилди ва бошқа партиялар тузишга ҳам рухсат берилди. Шунингдек, диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар бўлди ва мамлакатда 1991 йилгача турли конфессияларга тегишли ибодатхоналар қайта очилди, янгилари қурилди. Сўз эркинлиги масаласида жуда катта олдинга силжишлар кузатилди.

Энг муҳими, маҳаллий халқларда миллий ўзликни англаш, шу жумладан, мустақилликка интилиш ҳаракатлари бошланди. 1987–1988 йиллардан бошлаб Болтиқбўйи давлатлари 1940 йилда СССР уларни зўрлик билан босиб олгани, шу туфайли энди улар СССР таркибидан чиқиб, мустақил бўлиши ҳақида турли чиқишлар қила бошлади.

1990 йилга келиб бир пайтлар иккинчи қутб сифатида дунёни титратган СССРнинг тарқаб кетиш эҳтимоли анча ойдинлашди. Бу пайтга келиб Болтиқбўйи давлатлари СССР бошқаруви остидан чиққанини бир томонлама эълон қилиб, ўзини бошқариш йўлига ўтган эди. Шунингдек, 1990 йилга келиб бир пайтлар социалистик тизимнинг муҳим бўлаклари сифатида СССРнинг қаноти остида унга суянчиқ бўлган Шарқий Европа давлатлари – Польша, Болгария, Венгрия, Руминия, Югославия, Чехословакия, Албания каби мамлакатлар социалистик бошқарув усулидан воз кечиб, Ғарбий Европа томон юз бурди. Уларда мамлакатни бошқариб турган раҳбарларнинг айримлари бу ишларга ўзи бошчилик қилган бўлса, айрим қаршилик қилганлари халқ томонидан ағдариб ташланди.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Бунинг ортидан социалистик тузумларнинг ҳарбий бўлинмаларини бирлаштирган ва бир пайтлар НАТОга қарши куч ўлароқ ташкил этилган Варшава шартномаси ташкилоти (ВШТ, русча ОВД) ҳам 1991 йил 1 июль санасида тарқаб кетди. Бунгача эса Шарқий Европадаги собиқ социалистик мамлакатларда СССР ҳарбий базаларини фаолият юритишига қарши кўплаб намойишлар ҳам бўлиб ўтди ва бунинг натижасида СССР Шарқий Европадаги бир қатор мамлакатлардаги ҳарбий базаларини ёпиб, уларда фаолият юритган қўшинларини СССРга қайтарган эди.

СССРнинг Европа марказидаги муҳим таянч нуқтаси – Германия демократик республикаси 1990 йил 3 октябрда йилда Германия федератив республикасига қўшилди ва Германия бирлашди. СССР эса Европа марказидаги муҳим таянч нуқтасидан айрилди. СССР аҳолиси бу воқеаларни синчковлик кузатарди; шунинг ортидан СССРда яшовчи турли миллатлар, иттифоқдош республикаларда мустақиллик учун ҳаракатлар кучайиб бораверди. Шу йўлда 1990 йилда иттифоқдош республикаларнинг аксарияти мустақиллик декларацияларини қабул қилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Мустақиллик декларациясини 1990 йил 20 июнда қабул қилган.

Мустақиллик декларациясининг бирин-кетин қабул қилиниши иттифоқдош республикаларнинг мустақиллик йўлида қўйган илк муҳим қадамлари эди.

1991 йилга ўтиб эса мустақиллик учун ҳаракатлар бироз жонланди.

Ўша пайтда СССР раҳбари сифатида ишлаб келаётган Горбачёв 1988–1989 йилларда ҳам, 1990–1991 йилларда ҳам мамлакатнинг турли ҳудудларида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бирмунча хотиржам қаради. Айниқса 1990–1991 йилларда СССРнинг турли ҳудудларида мустақиллик учун қилинаётган ҳаракатларга ҳам анча босиқ муносабатда бўлди.

Аммо Москвада ўтирган СССРнинг бир неча юқори мартабали шахсларига рўй бераётган ҳодисалар маъқул келмади ва улар Горбачёвни муносабат билдиришда кўнгилчанлик қилаётганликда айблади.

1991 йил 17 март куни СССРда умумхалқ референдуми ўтказилди. Унда қатнашган аҳолининг 77,85 фоизи СССРни сақлаб қолишни ёқлаб овоз берди. Горбачёв СССРни тарқатиш ва унинг ўрнига Мустақил давлатлар конфедерациясини тузиш режасини эълон қилди. Режага кўра, 20 август куни иттифоқдош республикалар раҳбарлари Мустақил давлатлар конфедерацияси битимини имзолашлари керак эди. Бу режа СССРни сақлаб қолиш тарафдорлари бўлган кўпгина раҳбарларга ёқмади.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

1991 йилнинг 4 август куни Горбачёв дам олиш учун Қримдаги ҳукуматга тегишли Форос дам олиш резинденциясига жўнаб кетди. 16 август куни Горбачёв Форосдан туриб 20 август куни таътилдан қайтиши ва иттифоқдош республикалар билан Мустақил давлатлар конфедерацияси шартномасини имзолашини маълум қилди.

1991 йил 18 августдан 19 августга ўтар кечаси СССР президенти Горбачёвнинг мамлакатда олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатидан норози бўлган бир гуруҳ раҳбарлар унинг СССРни тарқатиб юбориб, ўрнига конфедерация тузишига қарши чиқиб, СССРда давлат тўнтариши уюштирди ҳамда Горбачёвни Форосдаги дала ҳовлисида дам олаётган жойида назоратга олиб, унга режасини бекор қилиш талабини қўйди.

Аммо Горбачёв бу талабга кўнмади. Шундан сўнг улар Горбачёвни дала ҳовлидан чиқа олмайдиган қилиб назоратга олди. Улар Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат қўмитаси тузилганини ва мамлакатни вақтинча шу қўмита бошқариши ҳақида телевидение ва радио орқали эълон қилди.

Улар давлат тўнтаришини содир этишидан асосий мақсад СССРни сақлаб қолиш эди. Улар Горбачёв 1991 йил 20 август куни СССРни тарқатиб юборса, эгаллаб турган мансабларидан айрилиши аниқлигини яхши билар эди. Шу учун ҳам улар бу режага мутлақо қарши эди.

Улар мамлакат бошқарувини қўлга олар экан, давлат тўнтариши уюштирилгани ҳақида умуман гап бўлмади. Фақат Горбачёв охирги пайтлар СССРни бошқариш лаёқатини йўқотгани, шу туфайли мамлакат тақдири жар ёқасига келиб қолгани, Горбачёв охирги кунларда соғлиги ёмонлашгани туфайли истеъфо бергани ва даволанаётгани, шу сабабли мамлакатни янги раҳбар тайинлангунча қўмита бошқариб туриши ҳақида узундан-узоқ мурожаатномани ўқиб берди.

Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитаси таркибида СССР вице-президенти Геннадий Янаев, бош вазири Валентин Павлов, ички ишлар вазири Борис Пуго, мудофаа вазири Дмитрий Язов, давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) раҳбари Владимир Крючков, мудофаа вазирининг 1-ўринбосари Олег Бакланов, деҳқонлар иттифоқи раиси Василий Стародубцев, қурилиш, транспорт, алоқа ва давлат корхоналари ва объектлари ассоциацияси президенти Александр Тизяковлар бор эди.

Кадр: YouTube

Кадр: YouTube

Шунингдек, уларни мудофаа вазири ўринбосари, қуруқликдаги қўшинлар қўмондони Валентин Варенников, президент аппарати раҳбари Валерий Болдин, КПСС МҚ котиби, сиёсий бюро аъзоси Олег Шенин, СССР президентини қўриқлаш хизмати бошлиғи Вячеслав Генералов, КГБ ДХҚ қўриқлаш хизмати бошлиғи Юрий Плеханов, Олий Кенгаш раиси Анатолий Лукьянов ва яна бир қатор юқори мартабали амалдорлар қўллаб-қувватлади.

Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитасини ДХҚнинг «Альфа» гуруҳи, мудофаа вазирлигининг Дзержинский, ҳарбий десант қўшинларининг Тула дивизияси, Тамань мотоўқчи дивизияси ва Кантемир дивизиялари фаол қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, давлат телерадиокомпанияси ҳам ФВДҚ ихтиёрига ўтди.

Қўмита раҳбари СССР вице-президенти Геннадий Янаев бўлди.

1991 йил 19 августда «Горбачёвнинг соғлиги ёмонлашгани туфайли мамлакат конституциясининг 127,7-моддасигига кўра Фавқулодда вазиятлар давлат қўмитаси мамлакат бошқарувини ўз қўлига олганини» эълон қилган ФВДҚ мамлакатнинг айрим ҳудудларида фавқулодда вазият жорий этилганини эълон қилди.

ФВДҚ мамлакатда коммунистик партиядан бошқа партиялар фаолиятини тақиқлади. Митинглар уюштириш, намойиш ўтказиб кўчаларга чиқишларга ҳам чек қўйди.

Яна бир қарорга кўра эса «Труд», «Рабочая трибуна», «Известия», «Правда», «Красная звезда», «Советская Россия», «Московская правда», «Ленинское знамя», «Сельская жизнь» газета ва журналларидан бошқа ҳар қандай газета-журналларни чоп этиш тақиқланди.

Бу пайт Горбачёв Форосда ташқи дунёдан узилган ҳолда назорат қилинди.

1991 йил 19 августда армия бўлинмалари ва ҳарбий техника Москва шаҳридаги барча шоҳкўчаларни назоратга олди. Айниқса Кремлга келадиган йўллар қаттиқ назорат қилинди.

Москва шаҳрига 4 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи, 362 танк 427  зирҳли транспортёр ва БМП олиб кирилган эди.

Ленинград, Таллин, Тбилиси, Рига шаҳарлари атрофига қўшимча ҳарбийлар жалб қилинди.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Турли шаҳарларда ҳарбий бўлинма ва техникаларнинг киритилиши Москва ва яна бир қанча шаҳарларда оммавий намойишлар бошланиб кетишига сабаб бўлди. Одамлар СССРнинг йирик шаҳарлари – Ленинград, Киев, Минск ва бошқаларда ФВДҚга қарши намойишларга чиқди.

ФВДҚ Горбачёвни Қримдаги дала ҳовлига қамаб қўйиб, мамлакат бошқарувига эгалик қилишни бошлаши ўша пайтда аксарият соғлом фикрли кишиларга ёқмади. ФВДҚ аъзолари баёнотларида «Горбачёвнинг соғлиги ёмонлашгани учун» дейгани билан кўпчилик давлат тўнтариши бўлганини билиб бўлган эди.

Ўша ҳолатда ФВДҚга қарши энг асосий куч сифатида ўртага РСФСР раҳбари Борис Ельцин ҳамда унинг бошчилигидаги РСФСР раҳбарияти чиқди. Ельцин кетма-кет иккита фармон эълон қилди. Уларда ФВДҚнинг мамлакатга вақтинчалик раҳбарлик қилаётгани ноқонуний экани, улар халқни алдаётгани, аслида эса СССРда давлат тўнтаришини амалга оширгани, РСФСР раҳбари ФВДҚнинг ҳеч қандай қарор ва буйруқларига бўйсунмаслигини, мамлакатнинг ҳақиқий раҳбари Горбачёвни ўз қонуний ўрнига қайтариш ҳақида ёзилган эди.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Шундан сўнг РСФСР Олий Кенгаши жойлашган бино (кейинчалик у «Оқ уй»деб аталди) ФВДҚга қарши кураш маркази бўлди ва давлат тўнтаришига қарши бўлган минглаб москваликлар намойиш ўтказиш учун шу бино олдига тўпланди.

Бино атрофига Тамань дивизиясининг аскарлари келиб жойлашди.

Борис Ельцин Тамань дивизиясига қарашли танклардан бирининг рўпарасига чиқиб ўзининг «Россия фуқароларига мурожаат»ини ўқиб берди. У мурожаатида ФВДҚ мамлакат конституциясини қўпол равишда бузиб, мамлакатда давлат тўнтариши уюштирганини, ҳар бир фуқаро ФВДҚнинг ноқонуний ишига ўз муносабатини билдириши лозимлиги ҳақида гапирди.

Мурожаат остига РСФСР президенти Борис Ельцин, Вазирлар Кенгаши раиси Иван Силаев, Олий Кенгаш раиси Руслан Хасбулатовлар имзо чеккан эди.

19 август куни кечки пайт ФВДҚ аъзолари матбуот анжумани ўтказди. Унда СССР бош вазири Валентин Павлов ҳам қатнашди.

ОАВ ходимлари берган турли-туман саволлар олдида ФВДҚ бошлиғи Янаев анча асабийлашди. Буни ҳатто матбуот анжуманини телевизордан кўрган томошабинлар ҳам сезди.

20 август куни Москвада ФВДҚга чарши катта намойиш бошланиб кетди. ФВДҚ Москвада комендантлик соатини жорий этди.

Оқ уй атрофида бинони ФВДҚ буйруқларига бўйсуниб ҳаракатланаётган ҳарбийлардан ҳимоя қилиш учун қурол кўтарган кўнгиллилар пайдо бўлди.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Уч кун ичида маълум бўлдики, ФВДҚнинг давлат тўнтаришини фуқаролар мутлақо қўллаб-қувватламади. Москвада жойлашган ҳарбийлар Ельцин бошчилигидаги демократик кучлар тарафига ўтганини эълон қилди. 21 август куни Москвадан ҳарбий қўшинлар ва техникани олиб чиқиш бошланди.

Ўша куни соат 11:30 да РСФСР Олий Кенгашининг навбатдан ташқари фавқулодда сессияси иш бошлади. Сессияда депутатлар РСФСР бош вазири Иван Силаев ва вице-президент Александр Руцкойга Қримга бориб, Горбачёвни озод қилиб Москвага олиб келиш топшириғини қўйди.

22 август куни Ту-134 самолётида Россия ҳукумати раҳбарлари Горбачёвни оиласи билан бирга эсон-омон Москвага олиб келди.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

ФВДҚ барча аъзолари қўлга олинди. Уларга РСФСР Жиноят кодексининг 64-моддасига кўра ватанга хиёнат айби қўйилди. Қама-қамалар бошланганда давлат тўнтариши қатнашчиларидан бири бўлмиш СССР ички ишлар вазири Борис Пуго ўз жонига қасд қилди.

Қамоққа олинганлар орасида СССР Олий Совети раиси Лукьянов ҳам бор эди.

Тергов бошланиб кетди. Орадан бироз ўтиб, ФВДҚ уюштирганлар турли муддатларга қамоқ жазоси олишди.

1994 йил 23 февралда Россия Давлат Думаси томонидан эълон қилинган амнистияга кўра ФВДҚ аъзоларининг ҳаммаси афв этилди, қамоқда сақланаётганлари қамоқдан озод қилинди.

* * *

СССР аҳолиси уч кун таҳликада яшади. Айниқса ҳарбийлар томонидан ўраб олинган Москва шаҳрида вазият анча оғир эди. Алалоқибат тинч аҳоли вакилларидан уч кишининг ҳалок бўлганини айтмаганда, ҳаммаси яхшилик билан тугади.

Энг муҳими, ФВДҚ аъзоларининг давлат тўнтаришига уриниши СССРнинг тезроқ тарқаб кетишига сабаб бўлди. Бу ҳодисадан кейин иттифоқдош республикалар аввал режалаштирилган Мустақил давлатлар иттифоқи битимини ҳам имзолашни хоҳламади ва мустақиллигини эълон қилди.

Болтиқбўйи республикалари биринчи мустақиллигини эълон қилган бўлса, Қозоғистон энг охирида – 1991 йил 16 декабрда мустақиллигини эълон қилди.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

25–26 декабрь кунлари СССР Олий Совети Республика Кенгаши иттифоқ тугатилгани ҳақида декларация қабул қилди. Горбачёв СССР президенти лавозимидан кетганини эълон қилди ва шу тариқа 70 йил мобайнида дунёнинг иккинчи қутби сифатида яшаб келган катта қудратли давлат парчаланиб кетди.

Шу нарсани таъкидлаш лозимки, ФВДҚ давлат тўнтаришини содир этмаганида ҳам бу давлат барибир парчаланар эди. Сабаби, иттифоқдош республикаларда миллийликка қайтиш, мустақил бўлишга уриниш ўзининг юксак чўққисига чиққан ва СССР раҳбари сифатида Горбачёв бу ишларга анча хотиржам қараётган эди.

1989–1990 йиллардан бошлаб СССРнинг турли ҳудудларида миллатчилик авж ола бошлади. Бунинг оқибатида Озарбайжонга тегишли Тоғли Қорабоғда этник арманилар Боку бошқарувига қарши исён кўтариб, ўртада қуролли можаро бошланиб кетди. Грузияда эса мухторият ҳуқуқига эга бўлган Абхазия ва Жанубий Осетия исён кўтариб, мустақил бўлишни хоҳлади.

Қирғизистон жанубида қирғизлар этник ўзбекларга тажовуз қилиб, қонли можаро келтириб чиқарди. Бундан олдинроқ Фарғонда ўзбеклар месхети туркларга қарши тажовузлар уюштирган эди. Молдовада асосан руслар ва гагаузлар яшайдиган Приднестровье ўлкасида Кишинёв бошқарувига қарши исён бошланди. Шу тариқа, 1990 йилдаёқ том маънода бошбошдоқликлар юзага келиб, бундай ҳолатда СССРнинг давлат сифатида узоқ яшамаслиги ойдинлашиб бўлган эди. ФВДҚнинг давлат тўнтаришига уриниши СССРни сақлаб қолиш учун амалга оширилган ҳаракат эди. Бу иш муваффақиятсизликка учрагач, СССР парчаланди ва шу тариқа давлат номи ҳам, ўзи ҳам тарих қаърида қолиб кетди. Жаҳон харитасида эса ўн бешта янги мустақил давлат пайдо бўлди.

Фото: «ТАСС»

Фото: «ТАСС»

Тарихчилар ва таҳлилчилар СССРдай катта ва кўп миллатли давлат урушсиз, қон тўкилмай йўқ бўлишини шу давлатда яшаётган халқлар учун ҳам, тарих учун ҳам муваффақиятли ҳодиса деб баҳолайди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Туркияда зилзила қурбонлари сони 3 мингга яқинлашди, янги силкинишлар қайд этилди
Шоу-бизнес
Голливуднинг ҳар қандай ролни маромига етказиб ижо этадиган актёр ва актрисалари (фото) 
Маҳаллий
Намангандаги уйда газ портлаб, 4 киши тан жароҳати олди