Азалдан ерлардан оқилона фойдаланиш, ушбу соҳага замонавий технологияларни татбиқ этиш долзарб вазифа саналган. Президент томонидан имзоланган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун эса бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришда дастуриламал вазифасини ўтайди.

Хўш, мазкур ҳужжатга мувофиқ қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларни хусусийлаштириш ҳуқуқи кимларга берилди ва у қандай тартибда амалга оширилади? Журналист Жонибек Маърупов шу каби саволлар билан Олий Мажлис Сенати аъзоси Толибжон Мадумаровга мурожаат қилди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

«Қайд этиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ер омилига алоҳида урғу берилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ‘Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида’ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Сабаби, мазкур ҳужжат асосида ер участкаларини хусусийлаштириш имконияти берилди. Қолаверса, унда ушбу йўналишдаги қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳам белгилаб берилди. Хусусан, ‘Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида’ги қонун бу борада асосий ҳужжат бўлади, десак муболаға бўлмайди» — дейди сенатор Толибжон Мадумаров.

Президент томонидан имзоланган мазкур қонун 2020 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.

Яна бир жиҳат, давлат раҳбарининг 13 августдаги фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 февралга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомиллари апробация қилинади. Бу эса ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш, аҳолини бизнес билан шуғулланишга жалб қилиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадларига йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Шу ўринда айтиш жоизки, хусусийлаштирилган ерларда замонавий тармоқлар, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар қад ростлаши учун ҳуқуқий асослар яратилади. Бу билан маҳаллий тадбиркорларнинг инвестиция имкониятларини кенгайтириш ва унинг самарали ишлатилиши таъминланади. Энг муҳими, хусусий мулкчилик ҳуқуқининг давлат томонидан муҳофаза этилиши янада мустаҳкамланади.

— Кимлар ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга? 

— Фақат Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириб олиши мумкин.

— Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларнинг ҳаммаси хусусийлаштириладими? 

— Йўқ. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларнинг барчасини ҳам хусусийлаштиришга рухсат берилмайди. Ер участкасининг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиққан ҳолда, ер участкалари ва улар билан мустаҳкам боғланган объектлар бирлиги принципи белгиланади. Унга биноан жойлашган ер участкаси мулкдорига тегишли бўлган бино ёки иншоотга мулкдорлик ҳуқуқи берилганда, бино ёки иншоот билан банд ҳамда ундан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик ҳуқуқи бино ёки иншоотни сотиб олувчига ўтади.

Шу билан бирга, Қонунда бу борада аниқ норма белгиланган. Яъни:

* белгиланган тартибда режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ерлар;

* фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ерлар;

* табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар;

* ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари;

* эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ҳамда шу каби бошқа ерлар хусусийлаштирилмайди.

— Ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби қандай? 

— Ер участкаларини хусусийлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорлари асосида пуллик амалга оширилади. Бунинг учун тўлов миқдори ер участкаси хусусийлаштирилган кундаги ер солиғи ставкасининг каррали миқдорларида белгиланади.

Бўш турган ва Урбанизация жамғармасига ўтказилган ер участкаларини хусусийлаштириш электрон онлайн-аукцион орқали бажарилади. Энг муҳими, ер участкаларини хусусийлаштириш фақат бош режалар ва батафсил режалаштириш лойиҳалари, шунингдек, кўчмас мулк кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган аҳоли пунктларида жойлашган ер участкаларига нисбатан амалга оширилади. Белгиланган ер участкаларининг бошланғич баҳоси аукционга қўйилган вақтда уларнинг бозор қийматига тенг этиб белгиланади.

Шунингдек, қонунда хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган мулкдорлик ҳуқуқи давлат томонидан муҳофаза қилиниши мустаҳкамланган. Яъни уларнинг дахлсизлигини кафолатлайди. Бу ўз навбатида белгиланган тартиб-таомилларга зид равишда ерларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан олиб қўйилиши каби ҳолатларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.