Июль ойида Бухоро шаҳрида яшовчи бир қатор фуқаролар фирибгар томонидан кибержиноят қурбонига айланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар беради.
Республиканинг турли оммавий ахборот воситалари орқали интернетдаги алдов ва ўғирликлар юзасидан қилинаётган огоҳлантиришларга қарамай, айрим фуқаролар ё соддалиги ёки бўлмаса ушбу ҳолатга ишончсизлик билан қараётганлиги туфайли кибержиноятларнинг қурбонига айланиб қолмоқда.
Шу йилнинг июль ойида Бухоро шаҳар Кўксарой кўчасида яшовчи 33 ёшли Салима исмли аёл, Моҳитабон кўчасида яшовчи 39 ёшли Сардор ва М.Ғофур кўчасида яшовчи 45 ёшли Саида исмли аёллар интернет тармоғидаги «Olx.uz» онлайн-эълонлар сайтига диван сотиши тўғрисида эълон жойлаштирган.
Ушбу эълон юзасидан бир неча бор Россия Федерациясига тегишли телефон рақамидан қўнғироқ қилиб, ўзини «Сергей» деб таништирган номаълум шахс, улардан диванларни сотиб олишни ваъда қилиб, ушбу диваннинг пулларини «Click-Бот» пул ўтказиш тизими орқали уларнинг номидаги пластик карточкасига кўчириб беришни айтиб ишонтирган.
Шундан сўнг, номаълум шахс уларнинг номидаги пластик карточкаларнинг 16 ва 5 та рақамлардан иборат махфий кодларини алдов йўли билан сўраб олиб, Салиманинг пластик карточкасидан 2 615 000 сўм, Сардорнинг пластик карточкасидан 1 313 000 сўм, Саиданинг пластик карточкасидан 470 000 сўмни, умумий 4 398 000 сўм пулларни ечиб олган.
Мазкур ҳолат юзасидан учала шахс ҳам Бухоро шаҳар ИИО ФМБга қилган мурожаатига асосан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу жиноятни содир этган номаълум шахсни аниқлаш ва ушлаш чораси кўрилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
(Мазкур ҳолатда қайд этилган шахсларнинг исмлари қонунчиликда белгиланган нормаларга мувофиқ ўзгартириб берилди)«Ўз ўрнида яна бир бор юртдошларимизга мурожаат қилиб, ўзлари танимаган, кўрмаган ва билмаган шахслар билан интернет тармоқлари орқали олди-сотди ёки қандайдир келишувларни амалга ошираётганда ҳамиша ҳушёр бўлишларини сўраб қоламиз. Чунки доно халқимиз «Синалмаган отнинг ортидан ўтма», деб бежизга айтмаган. Шундай экан ҳушёрлик ва огоҳлик барчамиз учун бирдек фойдалидир», — деди ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси ходими Мирзо Улуғбек Мадалимов.
Изоҳ (0)