2020 йилнинг 24 июль куни Токиода Олимпиада ўйинларига старт берилади.

Мусобақа 42 та спорт объектларида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Уларнинг айримлари 1964 йилги ўйинлардан сақланиб қолган, бундан ташқари янги бинолар ҳам қурилган: баъзилари фақат мусобақа вақтида фаолият юритса, қолгани келажакни ўйлаб барпо қилинган.

Қуйида Японияда тайёргарлик қай даражада кетаётганини кўриб чиқамиз.

Фото: Getty Images

Токио—1964 га бўлган ҳурмат ва келажак бинолари

Токио—2020 Олимпиадасида 42 та объектдан фойдаланилади, бу эса рекорд ҳисобланади. Рио—2016 ва Пекин—2008 ўйинларида 37 тадан объект бўлганди, Лондон—2012 да эса — 31.

Биноларнинг кўпи бир-бирига ёнма-ён жойлашган, бироқ алоҳида ўйингоҳлар ҳам бор. Масалан: сёрфинг, баскетбол ва ўқ отиш спорти учун мўлжалланган ареналар. Ареналардан бир-бирига ўтиш муаммосини эса мукаммал транспорт тизими ҳал қилади: Токиода 285 метро станцияси бор, ареналарнинг ҳаммаси транспорт узелларига яқин жойда.

Шаҳар марказидаги майдонлар шартли икки ҳудудга ажратилган: «Ўтмиш ҳудуди» ва «Токио кўрфази ҳудуди». Биринчисида 1964 йилги ўйинларга оид бир нечта объектлар бор, иккинчисида эса шаҳар ярим аср ичида қай даражада ривожланганини кўрсатувчи замонавий бинолар бўлади. Икки ҳудуд чегарасида эса ўтмиш ва келажакни бирлаштирувчи тимсол сифатида Олимпия шаҳарчаси бўлади.

Фото: Reuters

42 та объектдан — 8 таси янги, 24 та аввал қурилган (уларнинг бештасидан 1964 йилги Олимпиада ёки ундан аввал ҳам фойдаланилган) ва 10 таси замонавий бино.

Олимпиададан кейин ҳам барча майдонлардан фойдаланишда давом этилади. Халқаро олимпия қўмитаси Токио мусобақадан кейин ҳам ушбу мажмуалардан фойда чиқара олиш бўйича бошқа шаҳарларга ўрнак бўлишига умид қилмоқда. Зеро, Рио—2016 Олимпиадасидан кейин ташландиқ ҳолга келган майдонлар Олимпиаданинг нохуш рекламасига айланганди. Шундан кейин кўплаб мамлакат ва шаҳарлар Олимпия ўйинларини ўтказишга қўрқиб қолганди. Балки, Токио—2020 ушбу анъанани ўзгартирар, гарчи Японияда ҳам мусобақа ўтказилишидан хурсанд бўлмаётганлар топилса-да.

Яқинда Токионинг юзга яқин аҳолиси шаҳар марказида норозилик намойишларида қатнашди. Улар Олимпиадага қарши чиқмоқда ва мусобақанинг бюджетини ошириб юборган ҳукуматни танқид остига олган.

Фото: Reuters

Молиявий томондан ҳақиқатда муаммолар бор: дастлаб японлар 7 миллиард доллардан камроқ пул ажратганди, ҳозирда смета 12,6 миллиардга етган. Умумий харажат 20 миллиардгача бориши кутилмоқда, унинг 70 фоизини солиқ тўловчилар қоплайди.

Бироқ мусобақа бу харажатларни қоплаши мумкин: ижроқўм чипталар сотувида ажиотаж бўлишини кутмоқда ва бўш трибуналар бўлмаслигини таъкидламоқда.

Эски стадион бузилди, бироқ янгиси билан муаммолар бор

Фуқароларнинг норозилиги Токио—2020 объектлари билан ҳам боғлиқ.

Токио—1964 Олимпия стадионининг бузилиши кўпчиликка ёқмади. Арена унинг ўрнида янгисини барпо қилиш учун бузиб ташланди.

Фото: Getty Images

Токио—2020 асосий стадионининг илк лойиҳасини британиялик машҳур архитектор Заҳа Ҳадид (2016 йилда вафот этган) ишлаб чиққан эди. Ҳадидда олимпия биноларини қуриш тажрибаси бор эди, у Лондондаги сув спорти Марказини лойиҳалаганди.

Бироқ лойиҳанинг харажати 2 миллиард доллардан ошиб кетди ва бу японлар учун ўта қимматлик қилди. Янги вариантнинг архитектори япониялик Кенго Кумо бўлиб, у тақдим этган лойиҳанинг сметаси 1,25 миллирд долларга тенг.

Кума ноодатий материалларни яхши кўради, бу унинг лойиҳалари номларида ҳам ўз аксини топган: «Тошли музей», «Пластмас уй», «Буюк бамбукли девор». Токиодаги олимпия стадиони томининг каркаси мамлакатнинг ҳар бир перфектурасида учрайдиган кедр ва тилоғоч дарахтидан қилинган. Японлар ингичка ва рамзий деталларни яхши кўради.

Янги Миллий стадионда (бу аренанинг расмий номи) очилиш ва ёпилиш маросимлари, енгил атлетика бўйича мусобақалар ҳамда футбол баҳсларининг финал ўйини бўлиб ўтади.

Стадион енгил атлетика мусобақаларида 68 минг мухлисни ўз бағрига сиғдира олади, футбол ўйинларида эса бу сиғим 80 мингтагача етади. Арена классик услубда қурилган (Ҳадид футуристик услубни таклиф қилганди), айни дамда у 90 фоизга тайёр ва декабрь ойида битади.

Ташкилотчилар олимпия машъаласи қаерга ўрнатилишини ҳали ҳам сир тутмоқда. Очилиш маросими қоидаларига кўра, у аренанинг исталган қисмидан кўриниб туриши керак.

Фото: Getty Images

Қизиқарли ареналар ҳам бўладими?

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Ниппон Будокан

Спорт тури: дзюдо, каратэ

Қурилган йили: 1964 йил.

55 йил аввал дзюдо олимпия дастурларида дебют қилганди. Бино номи «жанг санъати зали» дея таржима қилинади, бироқ 14 минг мухлисга мўлжалланган майдон мусиқага ҳам бегона эмас. Бу ерда AC/DC, Queen, ABBA, Led Zeppelin ва Kiss каби жаҳон юлдузлари чиқиш қилган.

Регоку Кокугикан

Фото: Getty Images

Спорт тури: бокс

Қурилган йили: 1985 йил.

Сумо учун мўлжалланган машҳур стадион 2020 йилда бокс мусобақаларини ўзида қабул қилади. Майдон атрофида айлана бўйлаб трибуналар жойлашган. Осма том Исе ибодатхонасидаги муқаддас дарахтдан ясалган.

Стадионда яккакурашлар учун арена доимо бўлган, 1946 йилги истило пайтида майдон муз билан қопланиб, чанғи учишга мослаштирилган.

Император саройи

Фото: Getty Images

Спорт тури: енгил атлетика (марафон, спортча юриш)

Қурилган йили: 1457 йил

Император саройида марафон югуриш ва спортча юриш мусобақаларининг марра чизиғи бўлади. Мусобақаларга тонг отганда старт берилади, бунга сабаб спортчиларни жазирамадан сақлаш. Тиеда қасрининг ҳудуди 1869 йилдан императорлар қароргоҳига айланган. Ёғочдан ишланган конструкция бир неча бор ёнғин ичида қолган, замонавий бино 1959-68 йиллардаги ёнғиндан кейин қайта тикланган.

Токио халқаро форуми

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Спорт тури: оғир атлетика

Қурилган йили: 1996 йил.

Бу Маруноути бизнес-кварталида жойлашган Япониядаги йирик конгресс-марказ ҳисобланади. Бинодан кўргазмалар маркази сифатида фойдаланилади, унда концерт ва конференциялар ўтказишга мўлжалланган заллар мавжуд. Уларнинг энг каттаси 5 минг ўринга эга, айнан ўша ерда оғир атлетика мусобақалари ўтказилади.

Токио спорт саройи

Фото: Getty Images

Спорт тури: стол тенниси

Қурилган йили: 1954 йил.

Спорт саройининг тарихи бой: у эркин кураш бўйича 1954 йилги Жаҳон чемпионати учун барпо қилинган. Ўн йилдан кейин у ерда Олимпиаданинг гимнастика бўйича мусобақалари ўтказилган. 1991 йилда бино реконструкциядан чиққан ва япон маданиятига хос футуристик кўриниш олган.

Тацуми халқаро сузиш маркази

Фото: Reuters

Спорт тури: сув полоси

Қурилган йили: 1993 йил.

Бино лойиҳаси Табиат дизайни институти томонидан ишлаб чиқилган. 3,5 минг сиғимли катта бўлмаган арена ноёб дизайнга эга: футуристик ташқи кўринишни ичкаридаги ўзига хослик тўлдириб туради.

Колизей Ариаке

Фото: Reuters

Спорт тури: теннис

Қурилган йили: 1987 йил.

Япония очиқ чемпионати ва Toray Pan Pacific Open мусобақаларининг марказий корти теннис бўйича асосий ўйинларни ўзида қабул қилади. Комплекс 20 минг мухлисга мўлжалланган, марказий корт эса 10 мингта томошабинни ўз бағрига сиғдиради.

Ариаке Арена

Фото: Reuters

Спорт тури: волейбол

Қуриладиган йили: 2020

Волейбол мусобақалари учун 15 минг мухлисга мўлжалланган ихчам янги арена қурилмоқда. Олимпиададан кейин бу ер спорт ва маданият маркази бўлади.

Сув спорти Олимпия маркази

Фото: Getty Images

Спорт тури: Сузиш, сувга сакраш ва синхрон сузиш мусобақалари

Қуриладиган йили: 2020 йил.

Бу ултразамонавий бино қолган объектлардан анча нарида қад ростлайди. Атрофида катта ҳиёбон бор, арена 20 минг мухлисга мўлжалланган. Токиодаги кўпчилик олимпия стадионлари сингари бу ҳам камтарона дизайнга эга.

Фудзи Спидвей

Фото: Reuters

Спорт тури: велошоссе

Қурилган йили: 1965 йил.

Мазкур трасса тўрт бор Formula-1 бўйича Гран-при мусобақасини қабул қилган. 1965 йилда қурилиш ишларига пул қолмагач, аввалига мўлжал қилинган тухумсимон шакл қисқартириб қўйилган. Бунинг натижасида шоссе ўзига хос ҳалқа кўринишини олган.

2007 йилда трасса замонавий стандартларга мослаштирилган. Бу ерда велопойгачилар марраси жойлашади.

Сайтама—2002

Фото: Getty Images

Спорт тури: футбол

Қурилган йили: 2001 йил.

Футбол мусобақалари еттита майдонда ўтказилади, бироқ уларнинг ичида энг ўзига хоси «Сайтама—2002» ҳисобланади. Арена Жаҳон Чемпионати—2002 мусобақаси учун барпо қилинган, Осиёдаги йирик стадионлардан бири 63 минг мухлисни ўз бағрига сиғдира олади.

Халқаро кўргазмалар маркази

Фото: Reuters

Қурилган йили: 1996 йил.

Матбуот маркази — Токио—2020 биноларига ўзига хос қўшимча. Бино кўрфаз қирғоғида жойлашган, унинг ўзига хос томони — 8 қават ва 58 метр баландликка эга анжуманлар зали. Титан панеллар ва ойнадан иборат минора ўгириб қўйилган тўртта пирамидага ўхшайди. Минора атрофида бутун дунёга машҳур ҳайкалтарошлик ва рассомчилик асарлари мавжуд.

Токиодаги объектларда синов мусобақалари бошланиб кетди. Ҳозиргача бешкураш, эшкак эшиш ва сёрфинг бўйича мусобақалар ташкил қилинди. «Адзиномото» стадиони сентябрь ойининг охирида Регби бўйича Жаҳон Чемпионати—2019 мусобақасининг очилиш ўйинига мезбонлик қилади.

Ўтмиш ва келажакни бирлаштириш ғояси — янгилик эмас, бироқ бу анъана ва тарихини ҳурмат қиладиган, шундай бўлса-да доим олдинга интиладиган Япония маданиятини яққол намоён қилади.

«Sports.ru» материали асосида тайёрланди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!