Андижон шаҳрининг Айланма кўчасида жойлашган «Андижон автотех» МЧЖ автосалонида ёнғин содир бўлди Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса 3 август куни соат 22:10 да рўй берган бўлиб, навбатчилик қисмига 22:15 да хабар келиб тушган. Орадан 7 дақиқа ўтиб, ёнғинни ўчириш бўлинмалари воқеа жойига етиб борган.
Маълум бўлишича, автосалон мамурий биноси иккинчи қаватининг тахминан 70 квадрат метр майдондаги ички ёғоч қопламаси, шифт қисми ва хона жиҳозлари ёнган.
Ёнғин соат 22:27 да қуршаб олинган ва 28 дақиқада ўчирилган. Бўлинмалар томонидан 200 квадрат метр майдон офатдан сақлаб қолинган. Ёнғинни бартараф этишда 5 та экипаж ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди иштирок этган.
Ҳодиса оқибатида қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқлиги айтилмоқда. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва кўрилган зарар миқдори аниқланмоқда.
Изоҳ (0)