Автоматни ёйиб-йиғиш, кўчма зенит ракета комплексини жанговар ҳолатга келтириш, ҳимоя кийимларини кийиш ва бошқа кўплаб талабларни саноқли сониялар ичида бажариш талаб этилди, деб маълум қилади Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати «Дарё»га.
Нукус ва Урганч гарнизонининг зенит бўлинмалари «Нукус» полигонида «Мен ғолиб» шиори остида ўтказилган эстафетада иштирок этди. Муросасиз кечган баҳсларда учта зенит ҳисоби алоҳида-алоҳида Калашников автоматини ёйиб-йиғиш, кўчма зенит ракета комплексини жанговар шай ҳолатга келтириш, кимёвий заҳарланишга қарши кийимларни кийиш ва зенит қурилмасини жангга тайёрлаш бўйича машқларни бажарди.
Қизғин кураш шукуҳи бутун эстафета давомида ҳеч кимни тарк этмади. Жамолар ўз рақибларини ортда қолдиришга уринди. Полигоннинг ўзи эса мухлисларнинг қарсак ва баралла овозда ҳайқириғига тўлиб кетди. Муддатли ҳарбий хизматчилар ўз ҳаракатлари билан ҳар қандай вазиятда Ватан ҳимоясига шай эканлигини намойиш этди.«Машғулот вақтида осон бўлмайди. Беллашувда эса худди «жангдагидек». Ҳар қандай хато — мағлубиятга йўл очади. Аскарлар жуда қаттиқ ҳаракат қилди. Бошқарув ҳужжатларида белгиланган нормативлар ортиғи билан бажарилди. Хато қилган жамоалардан эса қимматли баллар айириб ташланди. Айнан ушбу баллар орқали кам жаримага тортилган жамоалар орасидан энг яхшилар аниқланди», — дейди катта ҳакам майор Абдураҳмон Тўлашев.
Қуруқликдаги қўшинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа қилиш бўлинмалари ўртасида ўтказилган навбатдаги эстафетанинг якуний натижаларига кўра, биринчиликни Нукус гарнизонининг «Овчи-қирғийлар» жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин эса «Ватан фидоийлари» жамоасига (Нукус гарнизони) насиб этган бўлса, кучли учликка Урганч гарнизонининг «Урганч қалқони» жамоаси якун ясади.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда медаллар билан тақдирланди.
Изоҳ (0)