Кеча, 25 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси 2-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биносида ҳарбий округлар спорт взводлари ўртасида дзюдо бўйича Мудофаа вазирлиги чемпионати ўтказилди, бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ушбу мусобақада 5 та округдан 30 нафар спортчи иштирок этди. Чемпионатни Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев очиб, спортчиларга омад тилади.
Мусобақа давомида спортчилар 6 вазн тоифасида: 60, 66, 73, 81, 90 ва 100 килограммда ўзаро беллашди.
Чемпионат натижаларига кўра 1-ўрин Шимоли-ғарбий ҳарбий округига, 2-ўрин Тошкент ҳарбий округига, 3-ўрин эса Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи жамоаларига насиб қилди.
Мусобақа сўнгида Қорақалпоғистон Маданият вазирлиги санъаткорлари ҳамда Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси томонидан концерт дастури ҳавола этилди.
Ғолиб ва совриндорлар кубок, диплом, медал ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Изоҳ (0)