2019 йил 26 июль куни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Мактабгача таълим вазирлигининг 2019 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширилиши белгиланган мақсадли вазифаларни бажариш юзасидан ҳисоботи эшитилди, бу ҳақда журналист Жонибек Маърупов «Дарё»га маълум қилди.
Мажлисда мамлакатда узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, бу борада олиб борилаётган ислоҳотларга эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, соҳага доир долзарб масалалар ҳамда вазирлик фаолиятини ўрганиш чоғида аниқланган хато ва камчиликлар қизғин муҳокама қилинди.
Хусусан, бугунги кунда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 1,5 миллиондан ортиқ бола ёки уларнинг 60 фоизи мактабгача таълим муассасаларига жалб этилмай қолинмоқда. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида янги қурилаётган уйлар атрофида мактабгача таълим муассасаларига бўлган эҳтиёж ошиб бормоқда. Айни вақтда ҳудудларда 981 та маҳаллада мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишга эҳтиёж борлиги ҳам мажлисда алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, жойлардаги туман мактабгача таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларда замонавий шароитларни таъминлаш йўналишида вазирлик томонидан йўл қўйилган камчиликлар мажлисда атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, кўпгина муассасаларда компьютер воситалари билан таъминлаш ва уларни интернет тармоғига улаш билан боғлиқ ишлар ўз ниҳоясига етмаган. Айниқса, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида мазкур топшириқ тўлиқ бажарилмаган.
Изоҳ (0)