ЎзА «Инсон бир кун нафас олишининг ўзига ярим литр сув керак» номли мақола чоп этди. Унда ёз ойларида қандай ва қанча сув истеъмол қилиш кераклиги, қандай ичимликлар ичишдан сақланиш зарурлиги ҳақида сўз боради. Қуйида ушбу мақола тўлиғича ҳавола этилди.

Фото: ЎзА

Қишда кишининг иссиқ ичимлик истеъмол қилгиси келса, ёзда табиийки, муздеккина ичимлик ичгиси келади. Аммо мутахассислар ёзнинг иссиқ кунларида ҳам, қишнинг совуқ кунларида ҳам илиқ ичимликларни истеъмол қилишни тавсия қилади.

– Иссиқ ҳаво инсонни кўп суюқлик истеъмол қилишга мойиллик туғдиради, — дейди диетолог Қаҳрамон Оқилов. – Бунда инсон организми салқин ичимлик ичишни хоҳласа-да, биз сув ва турли шарбатлар ичишни тавсия қиламиз. Ҳаво иссиқ бўлгани учун шираси ўткир бўлган ичимлик истеъмол қилмаган маъқул. Чунки у кишининг янада чанқоғини оширади. Бундай пайтда шираси ўртача, нордон ва табиий таъмга эга шарбат ичиш ўринли.

Ҳар қадамда турли рангдаги ва турфа таъмли шарбатлар тайёрлаб сотаётганларга кўзингиз тушади. Бу ҳам бир тадбиркорлик. Бундан ташқари, Coco cola, Pepsi, Fanta ва энергетик ичимликни муттасил ичиб юрувчи ёшларга кўзингиз тушади. Мутахассисларнинг айтишига кўра, ушбу ичимликлар чанқоқни босишдан кўра кишини ушбу маҳсулотга ўргатиб қўйиш ҳолатлари кўп кузатилади.

— Coco cola, Pepsi, Fanta бренди остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга талаб юқори, — дейди якка тартибдаги тадбиркор Достон Шомуродов. — Шунинг учун дўконимизда бу ичимликлар анча харидоргир. Ўзим ҳам бекорчиликдан кунига 2— 2,5 литр Pepsi ичардим. Анча ўрганиб қолган эдим. Кейинчалик соғлигимда салбий ҳолатлар кузатилди. Ҳолсизланиб қолдим, шифокор маслаҳати билан ҳозир ушбу маҳсулотни кам истеъмол қиляпман. Чанқаган вақтда ўзимизнинг оддий сувимиздан қўймасин, экан.

Ўзини яхши кўрган одамлар ёзнинг жазирамасида салқин ерларда дам олади, оқар сувларда чўмилиб, иссиқ мавсумни мароқли ўтказади. Мутахассисларнинг фикрича, муздек сувдан чиқиб яна муздек ичимлик истеъмол қилиш соғлиқ учун хавфли. Ёзда орттирилган грипп ва шамоллашнинг эса бадали оғирроқ бўлиши ҳеч биримизга сир эмас. Тоғда оқувчи дарёдан, кўл ва очиқ сув ҳавзалари сувларидан истеъмол қилиш ҳам зарар. Ҳатто булоқ суви бўлса ҳам. Одамлар булоқ сувлари шифобахш ва доривор, дея ишонади. Аммо уни истеъмол қилишдан олдин филтрлаш ёки қайнатиш тавсия этилади.

— Ҳар куни ўртача 2 литр сув организмдан ичак, буйрак, ўпка ва тери орқали ташқарига чиқарилади, – дейди диетолог Қаҳрамон Оқилов. — Ўртача 0,5 литр суюқлик инсон соғлом нафас олишини таъминлайди. Агар мана шу чиқарилаётган сув ўрни тўлдирилмаса, организм сувсизланади. Бунда одамни чарчоқ босади, бош оғрийди, мушаклар ҳолсизланади. Оғиз ва кўз намланиши пасаяди, натижада, кишида иссиқни хушламаслик кайфияти пайдо бўлади. Белгиланган тартибда сув истеъмол қилган кишиларнинг юзига ажин кам тушади. Сув озишга ҳаракат қилаётган кишилар учун ҳам ёрдам беради. Бунинг учун тартибли овқатланиш ва сув истеъмол қилиш тартибини белгилаб олиш керак. Қаҳва, чой, ва алкогол енгил пешоб ҳайдовчи таъсирга эга, шунинг учун улардан кейин танадаги суюқлик ўрнини тўлдириш албатта сув истеъмол қилиш керак.

Ичимликлар организмнинг суюқликка бўлган талабини қондириши мумкин, аммо уларнинг таркибидаги калориялар табиий сувдек танага сингмайди. Сут ва шакарли ичимликларни инсон танаси қабул қилиши, танага сингиши учун ҳам организм ичимлик сувини талаб қилади.

Бугун атрофимизда юзлаб турдаги суюқ маҳсулотлар мавжуд. Улар орасида бизга оддий бўлиб кўринувчи аммо бебаҳо сувнинг ўрнини босадигани йўқ. Шундай экан, чанқаганда ҳеч иккиланмасдан сув, сув ва яна сув ичинг!