Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан ҳафтанинг ҳар якшанба куни ўтказиб келинаётган сайёр қабуллар нафақат шаҳар ва туман марказларида, балки аҳолига қулайлик яратиш мақсадида энг чекка қишлоқларда ҳам ташкил этиб келинмоқда, бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилади.
Жорий йилнинг 21 июль куни вилоят ҳокими Тўра Боболов ва сектор раҳбарлари Бойсун туманининг вилоят марказидан қарийб 240 километр узоқликда жойлашган тоғли Кенгдала қишлоғи аҳолиси билан ҳам сайёр қабул ўтказди.
«Қизилнавр» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли ушбу қишлоқда ташкил этилган мулоқотда вилоят, туман ҳокимликлари мутасаддилари, секторлар, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, Халқ қабулхонаси вакиллари ва мурожаатчи фуқаролар иштирок этди.
Қабул давомида Кенгдала ва ва унга қўшни бўлган қишлоқлар аҳолисидан кўплаб мурожаатлар тушди. Мурожаатларнинг аксарияти йўл, қишлоқ врачлик пункти, мактабгача таълим муассасаси қурилиши, электр энергия таъминотини яхшилаш билан боғлиқ масалалардир.
«Бизнинг қишлоқда 100 та хўжалик мавжуд. Албатта, аҳолини кўпдан буён қийнаб келаётган муаммолари бор. Қишлоғимиз туман марказидан анча олисда жойлашгани боис, ҳа деганда марказга бориб келишнинг имкони йўқ. Чекка қишлоқларда мана шундай муаммолар борлигини билиб, уларни ҳал этиш учун бугун вилоят ҳокимининг келиши бизни беҳад қувонтирди», — дейди кенгдалалик фуқаро Эркин Хоналиев.
Мулоқот давомида фуқаролардан тушган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Аҳолининг талаб ва истакларни инобатга олган ҳолда носоз аҳволга келиб қолган йўлларни қисқа муддатда таъмирлаш, электр энергия таъминотини яхшилаш, мавжуд умимий ўрта таълим мактаби учун қўшимча яна 50 ўринли бино, шунингдек, қишлоқ врачлик пункти қуриш ва уни махсус тез тиббий ёрдам машинаси билан таъминлаш билан боғлиқ масалаларнинг ижобий ечими бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Вилоятда барча даражадаги раҳбарларнинг энг чекка ҳудудлар аҳолиси билан бевосита мулоқотга киришаётгани, уларга муносиб иш ва турмуш шароити яратиш борасида бор куч ва имкониятлар ишга солинаётгани одамларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириб, яратувчанлик ва ташаббускорлигини оширишга замин яратаётир.
Изоҳ (0)