«Дарё» ўтаётган ҳафтада дунё матбуотида кенг ёритилган, кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган мақолалар шарҳига тўхталиб ўтади.
АҚШ ва Туркия ҳали ҳеч қачон бундай жиддий ихтилофга бормаган
АҚШнинг юқори мартабали манбалари хабарига кўра, АҚШ билан Туркия ўртасидаги мисли кўрилмаган нифоқ сўнгги ўн йилликлар ичида НАТОда юз берган энг йирик инқироздир. НАТОнинг икки аъзоси ўртасидаги муносабатлар Трамп маъмурияти томонидан Туркия сотиб олаётган Америкадаги энг мукаммал кўринмас-қирувчи самолётлар борасидаги битим расман бекор қилингач янада ёмонлашиб кетди. Бу президент Эрдўғон Россиянинг C-400 зенит-ракета комплексини сотиб олиш қарорига жавоб эди. C-400 энг яхши қурол тизимларидан бўлиб, бир вақтнинг ўзида бир неча нишонни кузатиш ва уриб тушириш имконига эга. Пентагон амалдорлари Туркиянинг бир неча миллиард турадиган F-35, «Яшин қирувчилар» дастуридан чиқарилиши муқаррар эканини айтди.
Уларнинг гапига кўра, 5 йил мобайнида Туркияга C-400 тизимидан фойдаланишга ёрдам берадиган россиялик техник экспертлар суперкўринмас F-35 яширин технологияси тўғрисида маълумот йиғиши мумкин экан. C-400 ишчи ҳолатига келтирилганидан сўнг (дастлабки қисмлари келтириб бўлинди) Туркия НАТО ҳаво ҳужумига қарши тармоғининг бир қисми бўлмай қолади.
«АҚШ Туркияга F-35 сотилишини бекор қилиб тўғри қилди», – деб Times’га баёнот берди генерал Жек Кин. – Лекин энди НАТОда реал муаммо пайдо бўлди. C-400 тизимини сотиб олиш НАТО сиёсатига қарши, бунга йўл қўйиб бўлмайди. Шунга қарамай, Туркия альянснинг ягона мусулмон давлати сифатида НАТО учун муҳим стратегик жойлашуви ва Яқин Шарқ ҳамда Осиёга йўл сифатида ўз аҳамиятини сақлаб қолаверади».
Эрик Эдельмен (Туркиядаги элчи ва Пентагоннинг собиқ мартабали амалдори) айтишича, «АҚШ ва Туркия ўртасидаги муносабатлар жиддий инқироз даврига киряпти, гумонимча, у чуқур ва давомли бўлади... Туркия – муҳим мамлакат; тўлиғича демократик Туркия АҚШ ва НАТОнинг кучли иттифоқчиси бўлиши мумкин ва бўлиши керак.
Эрдўғон билан Путиннинг битими Россия раҳбари олиб бораётган НАТОни қўпориш борасидаги ўйинида ўз ролини ўйнади.
Туркия C-400 сотиб олиши ва Американинг айнан шу тизимдаги Patriot’ини рад этиши турклар билан ҳарбий ҳамкорликнинг давом эттирилиши борасида жиддий шубҳалар туғдирди.
Пентагон расмийлари Туркияга F-35 сотилишининг тақиқланиши ҳаётий муҳим стратегик муносабатларни ўзгартирмайди, демоқда. Лекин аллақачон Туркия ҳаво бўшлиғи муҳим роль ўйнаши керак бўлган келгусидаги ҳарбий машқлар борасида саволлар туғилмоқда. Шунингдек, Туркия жанубидаги Инжирлик базасидан НАТО фойдаланиши борасида масалалар кўтарилмоқда.
Пентагон ойлар мобайнида Туркияни C-400 сотиб олиниши у F-35 дастурида қатнашишини хавф остида қолдириши борасида огоҳлантириб келди, лекин Оқ Уйдан келган қарама-қарши сигналлар Эрдўғонни самолётларни сотиб олишига ишонтирди чоғи. Туркия сотиб олган тўртта F-35 ҳануз АҚШда турибди ва у ерда қолади. Қолган 100 та самолётга буюртма бекор қилинади.
Аризонадаги «Люк» авиабазасида тайёргарликдан ўтаётган барча турк учувчилари ва уларнинг экипажларига 31 июлга қадар АҚШни тарк этиши буюрилган. Бу қарор иқтисодий оқибатларга ҳам олиб келади. Турк ишлаб чиқарувчилари ушбу кўп мақсадли жанговар самолёт учун 900 дан ортиқ қисмларни тайёрлаб келган эди. Энди АҚШ бу қисмларни ишлаб чиқариш борасида бошқа шерикларига мурожаат этади. Бунга ўтиш учун 600 миллион доллар харажат қилишга тўғри келади.
Россияга қарши янги санкциялар қачон амалга киради?
Маълумотларга қараганда, янги санкциялар пакети март ойидаёқ тайёр бўлган, лекин имзоланган эмас. Март охирида Bloomberg Оқ Уй санкциялар пакетини олгани, молия вазирлиги ва давлат департаменти Солсберида Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия заҳарлангани туфайли уни татбиқ қилишни бошлаш учун имзоланишини кутиб турганини хабар қилган эди. Нима учун унинг ортидан ҳеч қандай ҳаракатлар бошланмагани жумбоқ.
Трамп маъмурияти Буюк Британиядаги Россиянинг собиқ жосуси заҳарлангандан кейин саккиз ой ўтса ҳам, унинг вакиллари Конгрессга Москва шунга арзийди деган бўлса ҳам, Россияга қарши санкцияларнинг иккинчи қисмини жорий қилмади. Давлат департаментининг амалдорлари АҚШ 1991 йилда Конгресс томонидан қабул қилинган кимёвий ва бактериологик қуролни тугатиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ санкциялар киритмоқчи деган бўлса ҳам, неча ойдирки ҳеч қандай янгилик йўқ.
Оқ Уй вазиятни изоҳлашни истамади.
Президент Трамп аллақачоноқ Россия билан муносабатларни яхшилашдан манфаатдор эканлигини намойиш қилган. Янги санкциялар туфайли буни амалга ошириш қийинроқ бўлса керак. Трамп июнь охирида Осакадаги катта йигирмалик саммити вақтида Путин билан учрашди.
Улар қуролланишни назорат қилиш ҳамда глобал хавфсизликнинг бошқа масалаларини муҳокама қилди ва муносабатларни яхшилаш ҳар икки давлатнинг ўзаро манфаатларига хизмат қилади деган тўхтамга келди.
Санкцияларнинг иккинчи пакетидан қочиш учун маъмурият 6 ноябргача Россия 1991 йилги қонунда белгиланган критерийларни бажараётганини аниқлаши, шу жумладан, яна кимёвий қуроллардан фойдаланмаётганига ишонч ҳосил қилиши керак.
Санкцияларнинг иккинчи пакети анчагина қаттиқ бўлиши ва Россия иқтисодиётига кучли зарар етказиши керак. Эҳтимол, у Москва билан муносабатларни анчагина кескинлаштиради. Маъмурият тайёрлаган рўйхатда санаб ўтилган санкцияларнинг олтита категориясидан камида учтасини танлаб олиши керак. Буларга АҚШнинг Россияга экспортини янада чеклаш, импортни чеклаш, дипломатик муносабатларни тўхтатиш, АҚШ билан Россия ўртасидаги рус ҳукумати назорат қиладиган авиақатновларни тўхтатиш кабилар киради. Молия вазирлиги ва давлат департаменти бу чоралардан қай бирини афзал кўриши номаълум.
«Танқидчиларнинг сўзларига кўра, маъмуриятнинг ҳаракатсизлиги АҚШ қонунларни бузаётган мамлакатларни жазолашга ножиддий муносабатда бўлинаётганига сигналдир. Баъзиларнинг таъкидлашича, маъмурият санкцияларни тезроқ жорий қилиш мақсадида қабул қилинган қонунни назар-писанд қилмаяпти. Россияликлар жазоланмаяптими, келажакда кимёвий қурол қўлланишига ҳеч ким тўсқинлик қилмайди, бу эса бошқа мамлакатлар бу борада иккиланиб ўтирмаслигига олиб келади», – дейди Обама маъмурияти Мудофаа вазирининг собиқ ёрдамчиси Эвелин Фаркас.
Халқаро муносабатлар бўйича кенгашнинг штатсиз катта илмий ходими Карла Роббинс:
«Буларнинг ҳаммаси президент қонун талаби ва сиёсий вазиятдан қатъий назар калласига келганини қилаётганини намойиш қиляпти, – деди. – Русларни жазолашни эса у ростдан ҳам хоҳламайди».
У қўшимча қилиб «санкциялар кечикаётганининг сабабини билиб бўлмайди, чунки бу борада Оқ Уй мутлақо ношаффоф», деди.
Стратегик ҳужум қуролларини чеклаш битими қайта имзоланмайдими?
АҚШ ва Россия делегациялари 2019 йил июлининг ўрталарида Женевада стратегик ҳужум қуролларини чеклаш тўғрисидаги янги битим амал қилишини узайтириш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида учрашишни режалаштирмоқда. Қуролланиш соҳасини назорат қилиш бўйича муҳим бўлган бу битим Америка ва Россия ядро қуролларининг қудрати ва ҳажмини чеклашни назарда тутади.
2010 йилда имзоланган бу битим Россия ва Қўшма Штатларга чекловлар ўрнатади. Унга мувофиқ, икки томон 1550 стратегик ядровий каллаклардан ошмаган, максимал сони 700 га етган ҳолатдаги стратегик бомбардимончи ва қитъалараро баллистик ракеталарга эга бўлиши мумкин холос. Лекин бу битимнинг амал қилиш муддати 2021 йилда тугайди. Экспертлар эса Трамп маъмурияти, хусусан, унинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон бу битимни узайтиришни саботаж қилиш ва шу орқали чекланмаган ядровий қуролланишга йўл очишни режалаштирмоқда деб хавотирланмоқда. Японияда ўтган G-20 саммити олдидан Владимир Путин Дональд Трампни СҚЧ бўйича янги битимни узайтиришга кўндиришни режалаштираётганини айтган эди. У америкаликлар томонидан бу борада ҳеч қандай ташаббус кузатилмаётганини таъкидлаганди.
АҚШлик эксперт Дерил Кимболга кўра, «Болтон Трампни янги СҚЧни рад қилишга ундаётгани очиқ кўриниб турибди. Болтоннинг ўзи 2019 йил июнида бу борада ҳеч қандай қарор йўқ, бўлиш эҳтимоли ҳам кам, деганди».
АҚШ давлат котибининг ўринбосари Жон Салливан Женевадаги музокараларда Давлат департаменти, Миллий хавфсизлик кенгаши, Мудофаа вазирлиги, штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси ва миллий хавфсизлик агентлиги ходимларидан иборат Америка делегациясини бошқаради. Россия ташки ишлар вазирининг ўринбосари Сергей Рябков ўз давлати делегациясини бошқаради.
Трамп маъмуриятининг янги СҚЧнинг эҳтимолий саботажини яшириш учун келтираётган асосий далили шуки, АҚШ ядровий қурол соҳасида янги, уч томонлама битимга эришишни истаяпти. Аммо бу режа қабул қилинган ҳолда ҳам эсда тутиш керакки, уч томонлама битим тузиш бўйича музокаралар йиллаб давом этиши мумкин, қолаверса, бундай вариант СҚЧ бўйича янги битимни узайтиришни чекламаслиги керак.
«Россия ва Хитой билан кўпроқ қамровли, тантанавор битим тузиш умидида янги СҚЧдан воз кечиш нотўғри бўлади, – деб таъкидлади Кимбол AP’га берган интервюсида. – Халқаро хавфсизлик ва қуроллар назорати соҳасида Қўшма Штатларнинг мақсадларига Болтоннинг ҳалокатли таъсири Конгресс томонидан муайян ҳаракатларни талаб қилади. У қурол назоратига ақл билан ёндашишни сийқалаштиришга йўл қўйилмаслигини тушунтириб қўйиши керак».
Демократ Элиот Энгел ва республикачи Майк Маккол томонидан вакиллар палатасига киритилган қонун лойиҳасида Россия СҚЧ битимини бажарар экан ёки янги имзоланган битим кучга киргунга қадар СҚЧга амал қилавериш ҳақида гап боради.
Бу орада сенатор-демократ Эдвард Марки ва Элизабет Уоррен янги СҚЧ кузда тутган ҳар қандай чекловларни бузадиган ядровий қуролланишни ҳар қандай молиялаштиришни тақиқлайдиган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Бу воқеада гаровлар улкандир. Агар Трамп Болтоннинг маслаҳатига қулоқ тутаверса ва янги СҚЧ амалдан тўхтатилишига йўл қўйса, янги ва янада хавфлироқ ядровий қуролланиш пойгасига йўл очиб беради.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)