Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳудудида жойлашган Судочье кўллар тизимида жорий йил 4 июль куни содир бўлган ёнғин кўпчиликни бефарқ қолдирмади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Фото: ЎзА

Икки кундан ортиқ вақт давом этган олов оқибатида 278 гектар майдондаги қамишзорлар ёниб кетган. Жиддий талафотлар, яъни одамларга ва ҳайвонот дунёсига зарар етмаганлиги ҳақида мутасадди ташкилотлар хабар қилди.

Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас яна ўша кўлдаги қамишзорларда ёнғин содир бўлиб, 2-3 гектар очиқ майдонда қамишлар ёнганлиги ҳақида хабар тарқалди.

4 июль кунги ёнғинни Орол денгизига бориб келаётган сайёҳлар расмга тушириб, Нукусга келгандан сўнг тарқатиб юбормаганда, яна қанча вақт хабарсиз қолиб кетиш мумкин эди — айтиш қийин. Ёнғин ҳақида ўз вақтида кўлдаги балиқчиларнинг хабар қилмагани эса тушунарсиз ҳолат. Эксперт гуруҳи анча кеч йўлга отланди. Судочье кўли Нукусга қарийб 200 километр. Унга Устюрт платоси орқали нотекис йўлларда борилади. Maxсус транспортда камида 4 соатлик йўл. Етиб боргани билан сув ўртасидаги қамишзорларга кириб бориш ва ёнғинни бартараф қилиш ҳам осон иш эмас.

Қорақалпоғистон Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси расмийлари қайд этишича, содир бўлган ёнғин қайиқларда сузиб борилиб ўчирилган. Оловнинг сўнишига шу кунлари ёғган ёмғир ҳам маълум даражада ёрдам берган бўлиши мумкин.

Фото: ЎзА

Ҳар йилги куз мавсумида маҳаллий аҳоли томонидан молларга озуқа қилиш учун янгисини ўстириш мақсадида қамишзорлар ёқиб юборилар эди. Маълумки, бу пайтда ҳам Судочьеда қушлар салтанати ҳукм сураётган бўлади. Шимолга учиб кетган қушлар кузда яна жанубга қайтишида Судочьеда маълум вақт дам олиб кетади. Охирги йилларда фламинго қушларининг кўплаб келиши хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг ҳам ушбу кўлга қизиқишини орттирган эди.

Айтганча, бундан буён кўлдаги қамишлар саноат учун ҳам керак. Мўйноқда қад ростлаётган ДСП заводларига ишлатиладиган хом ашёнинг аксарияти айнан шу кўлдаги қамишлардан олинади.

Мўйноқ тумани ҳудудидаги кўллар қамишзорларга бой. Ўзбекистон Республикасида мавжуд қамишзорлар майдонининг 57 фоизи, Қорақалпоғистон Республикасида мавжуд қамишзорлар майдонининг 78 фоизи Мўйноқ туманига, жумладан 50 минг гектардан ортиқ майдонга эга Судочье кўли ҳиссасига тўғри келади.

Фото: ЎзА

Мутахассисларнинг фикрича, кўлдаги муаммолар фақат бу эмас. Кўлдаги сувнинг барқарор бўлмаслиги ва ноқонуний овчилик ҳам табиатга анча зарар келтирмоқда. Судочье кўлидаги балиқчилик хўжалиги ҳам кутган натижани бермайди.

— Судочье кўллар тизими аввал «Мўйноқ аква саноат» ДUK ҳузурида эди ва энди давлат буюртма қўриқхонасига айлантирилмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши экология ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари бўйича котибият мудири Асхат Салихов. —Президентнинг 2019 йил 20- мартдаги «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан мазкур кўллар тизими Давлат экология қўмитаси тасарруфига берилди. Бундан буён ноқонуний овчилик ва қамишларни ёқиб юбориш батамом бартараф қилинади. Қамишларни ўриб олиш ҳам белгиланган тартибда амалга оширилади.