Марғилонда ўтказилган «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивали якунланди. Бу ҳақда «Дарё»га фестиваль мутасаддилари маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Фестивалнинг якуний босқичи ғолибларига ташкилий қўмита томонидан дипломлар, совринлар ва фестиваль рамзлари туширилган эсдалик совғалари топширилди. 1-ўрин ғолиби 3500, 2-ўрин ғолиблари 2500, 3-ўрин ғолиблари 1500 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланди.

Шунингдек, энг яхши натижа кўрсатган жамоаларга турли номинациялар бўйича пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Фото: «Дарё»

Фестивалда Италия, Германия, Франция, Канада, Жанубий Корея, Малайзия, Россия, Ҳиндистон, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Япония, Эрон, Польша, Мўғулистон, Дания каби 20 га яқин давлат ҳамда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган санъат усталари, фольклор жамоалари, бадиий ансамбллар иштирок этди.

Фото: «Дарё»

Фестиваль доирасида фольклор санъати йўналишида илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган 40 га яқин олим ва мутахассислар иштирокида «Буюк ипак йўлида фольклор санъатининг ривожланиш жараёнлари» мавзуида халқаро илмий–амалий конференция ўтказилди.

Фото: «Дарё»

Янги ташкил этилган «Фарғона пресс клуби»нинг навбатдаги сессияси Ижодкорлар боғида ўтказилди. Пресс клубда чет эллик ижодкорлар ва олимлар иштирокида «Санъатлар уйғунлигида фольклорнинг ўрни» мавзуси муҳокама этилди. Унда Корея, Япония, Эрон, Ҳиндистон, Тожикистон, Туркия каби мамлакатлардан келган фольклоршунос мутахассислар, якка ижрочилар ва дасталарнинг вакиллари қатнашди.

Фото: «Дарё»

Марғилоннинг қадимий масканларидан бири бўлган Саид Аҳмад Хўжа Эшон мадрасасида «Қарғалар учса қарайлик…» деб номланган спектакль намойиш этилди.

Фото: «Дарё»

Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросимида вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари ва хорижлик меҳмонлар иштирок этди.

Фото: «Дарё»