12 июль куни Алишер Навоий номидаги кино саройида ёш режиссёрлар томонидан ишланган «Иммуноблот» ва «Ишора» фильмлари премьераси бўлиб ўтди. Икки кино бир пайтда намойиш этилишининг сабаби – иккиси ҳам қисқа метражли фильм эди. Журналист ва блогер Эльдар Асанов премьерада бўлиб, янги фильмларига баҳо берди.

Гапни мақтовдан бошлай. Умуман, охирги бир-икки йилда премьералар сони кўпайгани, киночиларимиз маиший мавзулардан анча қочиб, турли-туман масалаларга мурожаат этаётгани, фильмларнинг умумий савияси кўтарилгани бор гап (албатта, савия кўтарилиб жуда зўр бўлиб кетмади ҳозирча). Конкрет кечаги картиналарга келсак, қисқа метражли фильмларнинг ҳам катта премьераси бўлиб ўтиши, улар зални тўлдира олиши, шубҳасиз, ижобий ҳолат. Қисқа метражли фильмлар – кинематографнинг жуда муҳим таркибий қисми, бу йўналишнинг ривожи бутун киночиликнинг ривожига улкан таъсир кўрсатади.

Фильмдан кадр

Энди бевосита кинога тўхталсам. Таҳлил учун биринчи намойиш этилган, ёш режиссёр Истам Содиқов муаллифлигидаги «Иммуноблот» картинасини оламан.

Энг даҳшатли касаллик

Фильмни кўришни ният қилганларни олдиндан огоҳлантириб қўяй – қуйида спойлерлар бўлади. Агар сюжетни билишни истамасангиз, тақризнинг шу қисмини ташлаб кетинг. Трейлер билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.

Асарнинг номи ўзига хослиги билан томошабин диққатини тортади. Лекин тасмани кўришни бошлаганингизда, экранда номга мос ўзига хослик кўрмайсиз. Фильм ёмон эмас, лекин олиниш услуби, сюжети ўнлаб бошқа ўзбек фильмларини такрорлайди.

Фильм «Ўзбеккино» томонидан «Бухорийлар» МЧЖ билан ҳамкорликда олингани учун бўлса керак, воқеалар Бухорода бўлиб ўтади. Сюжет ёш келин-куёв Эркин ва Дилноза ҳақида ҳикоя қилади. Бахтли оилавий ҳаётга тўй қилиш учун олинган қарз рахна солади. Қарз узиш ортидан бошланган машмашалар эса пировардида фожиага олиб келади.

Фильмдан кадр

Мавзу жуда яхши танланган. ОИТС – ўта хавфли ва даҳшатли касаллик, унга қарши курашиш инсоният олдида турган энг долзарб муаммолардан бирига айланиб қолган. Мана шундай жиддий мавзуга қўл урган ёш киночилар олдига қўйган вазифанинг устидан чиққанми?

Таъкидлаш керак, фильм томошабинга, озми-кўпми, таъсир кўрсата олади. Актёрлар ижроси яхши, оператор иши, монтаж, овоз, режиссура ўзбек кинематографига хос ўртача даражада – фильм ёш ижодкорлар томонидан кичик бюджет ҳисобига олинганига қарамай, техник томонлама анча яхши, лекин ўзига хос ҳеч нарса кўрсатилмаган. Картинани томоша қилган одам бир лаҳза ОИТС нечоғли қўрқинчли эканини, унга чалиниш ўлим билан баробарлигини ўйлаб даҳшатга тушади, ва бундан буёғи жуда эҳтиёткор бўлишни дилига тугиб қўяди. Хуллас, ёшлар орасида ОИТСни профилактика қилишда фойдаланса бўладиган видеоқатор. Лекин у бизга фильм, яъни бадиий асар сифатида тақдим этилди. Унинг бадиийлиги, санъатга дахлдорлиги қай даражада?

Мана энди камчиликлар ҳақида гапирадиган пайт келди. Фильм воқеалари ўта маиший бўлгани боис ОИТС масаласи иккинчи даражага ўтиб қолгандай гўё. Картина бизга бу бало ҳақида батафсил маълумот беради, сюжет марказида туради деб ўйлагандим. У эса шунчаки қаҳрамонларнинг бахтсизлигини, фожиали ҳаётини янада бахтсизроқ қилиш учун восита бўлиб хизмат қилади холос. Сюжет марказида одамлар эмас, хасталик туришини кутгандим.

Фильмдан кадр

Яна бир нарса. Фожиа кўламини кучайтириш, томошабинни янада кўпроқ таъсирлантириш учун «ошириб юборилган» – нотабиий равишда кўп тасодифлар ва кутилмаган кесишувлар сюжет мантиқини бузиб юборган (айниқса охирида). Бу мантиқсизликни тузатиш учун ижодкорлар якунда твист уюштиради ва фильмнинг салмоқли қисми Эркиннинг туши бўлиб чиқади. Аммо бу твист кетидан янги мантиқсизликлар келиб чиқади: Эркин умрида кўрмаган реал шахслар нега унинг тушига кириб чиқди? Агар улар реал шахслар бўлмаса, нега уларнинг тақдири Эркиннинг тушидан олдин кўрсатилди?

Фожиаларни туш билан тушунтиришдан кўзланган яна бир мақсад бор, чамамда: кино ижодкорлари воқеани қайғули тугатишга журъат этмаган – бунақа якун томошабинга ёқмайди. Шу боис чиқиб бўлмайдиган вазиятга киритиб қўйилган қаҳрамонлар бир ғирром приём билан ундан олиб чиқилиб, кино хэппи-энд билан тугатилган. Буни жиддий камчилик деб ҳисоблайман.

Биринчидан, ёш киноижодкорлар ҳалитдан клишелар ортидан югуриши, кутилмаган ечимлар тақдим этишга журъати этмаслиги уларнинг ижодий келажагига ҳам таъсир қилади. Содда қилиб айтганда, томошабин ортиқ улардан «Тахтлар ўйини» сингари шокка туширувчи асар кутмайди.

Иккинчидан, фильм формати эксперимент қилиш имкониятини берарди. «Иммуноблот» – қисқа метр, у пул ёки кенг аудитория учун ишланмаган. Шундай экан, ундан бемалол тажриба мақсадида фойдаланиш, кутилмаган ечимларга мурожаат этиш, режиссура, операторлик ва бошқа жиҳатлардан эксперимент қилиб кўриш мумкин эди.

Фильмдан кадр

Энди асосий эътирозга ўтсам. Гап шундаки, қисқа метражли деб томошабинга тақдим этилган бу фильм аслида унчалик қисқа эмас. Буни тушуниш учун қисқа метражли фильмларнинг ўзи нималигини билиб олайлик.

Қисқа метр

Тарих дарсликларини титкилаб ҳам, мантиқан ўйлаб кўриб ҳам билса бўладиган бир факт бор: эндигина пайдо бўлган йилларида кинематограф тўлалигича қисқа метражли бўлган. Инсониятда ҳали съёмка тажрибаси бўлмаган, бугунги кино қонуниятлари, жанрлари ва аудиторияси шаклланмаган, қолаверса, техник имкониятлар узун фильмлар олишга йўл қўймаган.

Ўтмишнинг кўпгина буюк кинотасмалари бугунги ўлчамлар нуқтаи назаридан қисқа метр ҳисобланади. Бастер Китон иштирокидаги «Кичик Шерлок», қолаверса, Чарли Чаплин ижоди шу жумладан. Шу билан бирга, уларни қисқа метр деб аташ ўша замон нуқтаи назаридан нотўғри бўлади, негаки фильмлар охирги ўн йилликлардагина бир ярим – икки соат давом этадиган тўлақонли бадиий асарга айланди. Бугун ҳатто икки ярим – уч ярим соат давом этадиган картиналар ҳам кўп.

Бир сўз билан айтганда, кинонинг давомийлиги нисбий бўлиб, у замон ўтиши билан ўзгариб туради. Шу боис қисқа ёки тўлиқ метр деганда фақат экрандаги дақиқаларга эмас, кинонинг мазмунига ҳам эътибор берилиши лозим.

«Иммуноблот», чамамда, 50 дақиқача давом этади. Бир қарашда, у бугун қабул қилинган стандартдан (камида бир ярим соат) анча кам. Лекин 50 дақиқанинг ўзи унчалик кам вақт эмас. Экранда бунча давом этадиган тасма қисқа деб қабул қилинмайди. Қолаверса, «Иммуноблот»да тўлиқ метражли фильмларга хос барча жиҳат бор. Биринчи навбатда тўлақонли сюжет бор, ва шу сюжет доирасида қаҳрамонларнинг ўтмишини кўрсатишга, уларнинг характерини очиб беришга етарлича вақт ажратилган. Сюжетда пролог, экспозиция, тугун, эчим – ҳаммаси мавжуд. Кечирасиз, буни қисқа метр деб қабул қила олмайман.

Бугунги кинематографда қисқа метражли фильмлар ўзига хос форматга, йўналишга эга. Режиссёрлар улардан катта фильмда айтиб бўлмайдиган нарсаларни айтишда фойдаланади. Қисқа метражли картиналарда тўлиқ сюжет кўрсатилмайди, балки жуда кичик бир воқеа ёрдамида катта маъноларни очиб беришга, томошабинга ноодатий бирор нарса кўрсатишга ҳаракат қилинади.

Ҳозирда қисқа метражли фильмларнинг ўртача давомийлиги 5–10 дақиқа атрофида. Юқорида айтилганидек, бу қатъий ўрнатилган қоида эмас – ярим соатлик жуда зўр фильмлар ҳам бор. 5–10 дақиқа – бугунги кинематографдаги мода (тўлиқ метрдаги «бир ярим соат» модаси сингари).

Замонавий қисқа метражли фильмларнинг энг яхши намуналарини эслайлик. Замонамизнинг энг кучли режиссёрларидан бири Кристофер Ноланнинг «Қўнғиз» фильми – салкам уч дақиқа. Лекин томошабинни шокка туширишнинг уддасидан чиқади, уни ўйлантириб қўяди.

Норвегиялик ижодкорларнинг «Тунги меҳмон» ва «Тўшак остида» фильмлари ундан ҳам камроқ давом этади, лекин шу вақт ичида томошабинни қўрқита олади. Юраги чатоқларга тавсия қилмайман.

Янада чуқурроқ, фалсафий картиналар бор. Эроннинг «2x2=5» киносини олайлик. Бунақа кучли асарлар ҳозир киноаттракционга айланиб қолган, томошабинни ўйлантириш эмас, дам олдириш вазифасини бажараётган тўлиқ метрлар орасида ҳам йўқ ҳисоби.

«Сониянинг бир лаҳзаси» фильми ҳам эмоционал кучи ва томошабинга берадиган маънавий озуқаси жиҳатдан ундан қолишмайди. У бор-йўғи беш ярим дақиқа давом этади.

Қисқа формат томошаби учун ҳам жуда қулай – у жуда кам вақт сарфлаб, яхшигина эстетик завқ олади.

Айтмоқчи бўлганим, қисқа метражли фильм деганда тўлиқ метражли маиший фильмнинг бироз кесилган вариантини эмас, тепада эсланганлар сингари қисқа, аммо кучли, ўзига хос, эсда қоладиган асарлар тушунилишини истаган бўлардим.

Ўзбек қисқа метрининг келажаги борми?

Юқорида айтганимдек, охирги пайтлар қисқа метражли фильмларга эътибор қаратилаётгани, улар турли халқаро танловларда қатнашаётгани, ҳатто кечагидай премьералари уюштирилаётгани – қувонарли ҳолат. Энди фильмларнинг сифати устида янада жиддийроқ ишлаш талаб қилинади.

Қисқа метражли фильмлар – бутун дунё кинематографида кенг тарқалган ҳолат. Айрим давлатлар киночилари айнан қисқа метр воситасида дунёга донг таратган. Бундай формат ўзбек киносига жуда мос келади деб ўйлайман.

Тан олиш керак, тўлиқ метражли фильмлар бобида Голливуд, Болливуд, Европа тугул, Россия билан ҳам беллашишимиз қийин. Улар сарфлаётган пул, олиб бораётган агрессив реклама кампаниялари жаҳон бозорида биз каби кичик кино марказларига деярли нон қолдирмаяпти. Мана шундай вазиятда айнан қисқа метражли фильмлар ёрдамида ўзимизни кўрсатишимиз мумкин.

Қисқа метр кўп вақт ва пул талаб қилмайди. 5–10 дақиқалик видеотасма яратишга етарли пулни ошиғи билан топиш мумкин. Дейлик, бир ярим соатлик кинога 50 минг доллар сарфланса, у, табиийки, унча сифатли чиқмайди. Лекин беш дақиқалик кинога 10 минг доллар сарфланса, у жуда сифатли, юқори савияда ишланиши мумкин.

Қолаверса, бу ёш ижодкорларга тажриба майдони ҳамда янги имконият бўлади. Ҳамма машҳур режиссёрлар қисқа метрдан бошлаган. У ерда омадга эришганлар катта кинога кириб келган. Бу жуда яхши синов майдони бўлиши мумкин.

Каттакон пул эвазига фильм олиб, қарздор бўлиб қолишдан қўрқиб, ҳамма томошабинга ёқадиган шаблон ва стереотипларга тўла хом-хатала фильм олгандан кўра арзимаган пулга ишлаган маъқул, шунда киночи қўрқувлардан қутулиб, бемалол ижод қилади, фантазиясига эрк беради. Шу аснода дурдона картиналар ишланиб қолса не ажаб.

Муаллиф фикри таҳрири нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.