Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани М-34 трасса йўлида ҳаракатланаётган Isuzu автобуси йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилиб кетди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг «Дарё»га маълум қилишича, ҳодиса 11 июль куни соат 10:48 ларда содир бўлган.
Оқибатда 16 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. Беморларга зудлик билан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 9 нафари Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё вилоят филиалига ётқизилган, 7 нафарига эса жароҳати енгил бўлганлиги сабаб амбулатор шароитда тиббий ёрдам кўрсатилган. Вафот этган беморлар йўқ.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича қўшимча чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида ҳалокат оқибатида жабрланган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тезкор гуруҳ тузилган. Шунингдек, улар учун зарур тиббий дори-дармон ва тиббий воситалар етказиб берилган.
Изоҳ (0)