Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳарбий қисмларидан бирида ўзбек ва қорақалпоқ халқининг фахрига айланган, афсонавий жировлар шогирди, «Ниҳол» мукофоти совриндори Саломат Аяпов билан ижодий учрашув уюштирилди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Айни вақтда Нукус гарнизони Сафарбарлик чақируви резерви батальони хизматчиси Саломат Аяпов бир ойлик ҳарбий хизматни ўтамоқда.
Саломат Аяпов – 2011 йили Нукус маданият ва санъат коллежининг чолғу ижрочилиги (қўбиз) мутахассислигини тамомлаб, шу йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг бакалавр босқичига ўқишга киради. 2016—2018 йилларда Самарқанд давлат университетининг магистратурасида таҳсил олади. Болалик чоғлариданоқ мусиқа санъатига ошно бўлган Саломат қўбиз чолғу асбобида жиров айтишнинг сир-сабоқларини чуқур ўрганиб, шу санъат тури бўйича кўплаб ютуқларни қўлга киритади. Венгрия, Бошқирдистон, Туркия, Қирғизистон, Эстония ва Қозоғистон каби давлатларда бўлиб ўтган халқаро достон ижрочиларининг танлов ва анжуманларида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритади.
Олис вилоятлардан келган муддатли ҳарбий хизматчилар учун ташкил этилган ижодий учрашувда Саломат ёшларга жиров санъат тури ва қўбиз миллий чолғу асбобининг яратилиш тарихи ҳақида қизиқарли маълумотларни айтиб берди. У «Алпомиш», «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам», «Едиге» каби достонлардан парчалар куйлаб, аскарларни ҳайратда қолдирди.
«Бахшичилик ҳақида эшитгандим. Бугунги учрашувдан кейин ўзим учун яна бир янги санъат турини намоён қилдим», – дейди тошкентлик муддатли ҳарбий хизматчи Муслим Қурбонов. – Жировлар фақатгина ботирлик ва қаҳрамонлик достонларини куйлар эканлар. Жиров куйларида қўбиздан чиқаётган оҳанг достоннинг янада таъсирчанлигини ошириб, қорақалпоқ халқининг миллий маданияти куйлар сеҳрида жилваланашини ҳис этдим. Ҳар бир халқ маданияти ўзига хос ва ранг-баранг. Хизматим туфайли қорақалпоқ халқи ва маданияти билан танишишлик менда катта тассурротлар уйғотмоқда.
Тадбирда СЧР батальони хизматчилари Саловат Хўжамуратов ва Нурсултан Хўшанов миллий чолғу асбоблари ёрдамида ижро этган шўх куй ва қўшиқлар йиғилганлар олқишига сазовор бўлди.
https://www.youtube.com/watch?v=0TOJJ8OcgSU&feature=youtu.бе
Изоҳ (0)