Жорий йилнинг 10 июль куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2019 йил ўтган олти ойи давомида амалга оширган ишлари ва истиқболдаги режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда журналист Жонибек Маърупов «Дарё»га маълум қилди.
Қўмита томонидан мамлакатда имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳолати ўрганилиб, ушбу юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилди.
Ўрганиш жараёнида имконияти чекланган ўқувчиларнинг таълим олишга бўлган талаби юқорилиги сабабли айрим мактаб-интернатларда белгиланган меъёрдан ортиқ ўқувчилар қабул қилинаётганлиги кузатилди.
Биргина, Тошкент шаҳридаги кўзи ожизлар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатини мисол келтирадиган бўлсак, ушбу муассаса 220 ўринга мўлжалланган бўлса-да, бугунги кунда 350 нафардан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда.
Кўзи ожиз ёшларни ёзиш мосламаси билан таъминлаш ишлари ҳам тизимли йўлга қўйилмаган. Бундай мосламалар ҳомийлик асосида чет элдан (асосан, Жанубий Корея, Германия ва Россия) келтирилиши сабабли муассасани тамомлаган ўқувчи ушбу мосламаларни қолдириб кетишга мажбур бўлмоқда. Олий таълим муассасасида бундай мосламалар билан талабаларни таъминлаш ишлари эътиборга олинмаганлиги оқибатида, ўқишга қабул қилинган талаба бундай муаммо билан такроран тўқнаш келмоқда.
Аксарият ўқув биноларида ва талабалар турар жойларида имконияти чекланган талабаларнинг эркин ҳаракатланиши учун зарур шароитлар яратилмаган. Ҳожатхона ва ювиниш хоналари турли категориядаги ногирон талабалар учун мослаштирилмаган.
«Ушбу масала Қўмита томонидан алоҳида назоратга олинди», — дейди сенатор Зайниддин Низомхўжаев.
Изоҳ (0)