Сурхондарё вилоятида ўтказилаётган «Қора дори-2019« тадбирларида гиёҳванд модда парваришлашни касб қилиб олмоқчи бўлган шахслар қўлга олиниб, қонуний чора кўрилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Бойсун туманида ўтказилган тадбирда «Мунчоқ» маҳалласида яшайдиган вақтинча ишсиз Қулдов Ризаев (исм-шарифлар ўзгартирилди)нинг томорқасида парваришланаётган 20 туп наша ўсимлиги ҳужжатлаштириб олинди.
Сариосиё туманидаги тадбирда Чанглоқ қишлоғида яшовчи Валиқул Сафоев томорқасида етиштираётган 12 туп наша ўсимлиги билан қўлга тушди.
Денов туманидаги тадбирлар чоғида «Оҳлар» маҳалласида яшовчи пенсионер Тўра Бобоев ўз томорқасидаги помидор кўчатлари орасида гиёҳванд модда ўсимлиги парваришлашни синовдан ўтказаётганига дуч келинди. Ички ишлар ходимлари соқолига оқ оралаган бобонинг помидор кўчатлари орасидан 9 туп наша ўсимлигини тегишли тартибда расмийлаштирди.
Денов туманидаги «Даҳана» маҳалласида яшайдиган, тумандаги коллежлардан бирининг мураббийи Элёр Қораевга тегишли томорқа кўздан кечирилганида 34 туп наша ўсимлиги парваришланаётгани аниқланди.
Айни пайтда мазкур ҳолатлар бўйича кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)