Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида вилоят ҳокимлиги томонидан аҳоли учун кенгайтирилган қабул ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг сайёр қабулида турли муаммолар билан келган фуқаролар ва юридик шахсларнинг оғзаки мурожаатлари тингланди. Шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимлари, корхона-ташкилот, бошқарма бошлиқлари, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ҳамда тегишли мутасаддилар аҳоли билан учрашди. Бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилиб, «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури бўйича берилаётган имкониятларни акс эттирувчи стендлар, таъминотчиларнинг маҳсулотлари намойиш қилинди. Жумладан, банк муассасалари, масъул ташкилотлар мутасаддиларига зарур маслаҳатлар берилиб, келиб тушган мурожаатлар юзасидан амалий чоралар кўриш вазифаси юклатилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан йўлга қўйилган бепул тиббий кўрикда фуқаролар ўз саломатлигини назоратдан ўтказиб, зарурий маслаҳатлар ҳамда даволаниш учун йўлланмаларни қўлга киритди.
««Андижон» телеканали орқали берилган эълондан хабар топиб, қабулга келдим. Туман ҳокимининг қабулида ўз масаламни айтдим. Қисқаси, 17 йилдан буён псориаз касаллигидан азият чекаман. Хасталигимни даволаш учун менга Озарбайжон пойтахти Баку шаҳридаги Нафтолан санаторийсига йўлланма бериладиган бўлди. Нефть ваннаси шифо бўлар экан. Мурожаатларни эътиборсиз қолдирмаган мутасаддиларга раҳмат», — дейди Пахтаобод туманининг Маданият қишлоғида яшовчи Р.Мамадалиев.
Кун бўйи давом этган мулоқотда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган жами 2293 нафар андижонликларнинг мурожаатларига мутасаддилар қулоқ тутди. Уларнинг бир ярим мингга яқини ижобий ҳал этилди. 867 нафарига эса тушунчалар берилди ёҳуд ўрганиш учун ижрога йўналтирилди. Хусусан, шаҳар-туманлар кесимида 323 нафар фуқаро мурожаатлари билан танишилди. 131 нафари имтиёзли ва тадбиркорлик кредитлари, 54 нафари электр тармоқлари йўналиши ҳамда 28 нафари сув масалалари бўйича мурожаат қилди. Соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ тизими, прокуратура, ички ишлар, таълим ва бошқа соҳалар юзасидан 1707 нафар фуқаро муаммолари ўрганилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари А.Мавлоновнинг сайёр қабули ҳам ўтказилиб, фуқаролар ўз саволлари юзасидан тегишли жавобга эга бўлди.
Изоҳ (0)