Uzbekistan Airways россиялик сайёҳларни Грузияга олиб бориш бўйича ўз хизматларини таклиф қилмоқда, деб хабар қилмоқда Sputnik.
«Uzbekistan Airways 16 июлдан бошлаб Тошкент–Тбилиси йўналишида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўяди. Ушбу парвозлар транзит йўловчилар, хусусан россиялик туристлар илинжида очилмоқда», — дейилган хабарда.
Парвозлар ҳафтасига икки маротаба A320 самолётларида амалга оширилади – сешанба ва жума кунлари. Шунингдек, авиакомпания Грузия шаҳарлари орасида тўғридан-тўғри чартер парвозларни йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб бормоқда.
Uzbekistan Airways вакилининг сўзларига кўра, ушбу парвозлар Узоқ Шарқ ва Сибирь ўлкасидан Грузияга келаётган сайёҳлар учун қулай бўлиши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам Грузияга сафар қилишни истаётганлар сони кўп.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Грузияда бўлиб ўтган Россияга қарши митинглардан сўнг Владимир Путин ушбу мамлакатга туристлар юборишни ва парвозлар амалга оширишни тақиқлаб қўйган эди. Иқтисодчилар ушбу вазият туризмга ихтисослашган Грузия иқтисодига катта зарар етказиши мумкин демоқда, чунки Грузияда ҳар бешинчи сайёҳ – россиялик.
Изоҳ (0)