Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги жамоасининг Австрияга ишчи ташрифи доирасида ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир билан учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистондаги ислоҳотлар йўналиши ва кўлами, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар батафсил муҳокама қилинди.
ЕХҲТ вакилига Ўзбекистонда ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги сўнгги жиддий ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, давлат раҳбари томонидан мамлакатда сўз эркинлиги ва ОАВ ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳамда Ўзбекистон ОАВни амалда ҳақиқий тўртинчи ҳокимиятга айлантириш йўлида экани билдирилди.
Арлем Дезир хориж ахборот ресурсларига киришдаги техник муаммолар бартараф этилганидан мамнунлигини изҳор қилди. Шунингдек, у мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни ва уларнинг натижаларини катта қизиқиш билан кузатиб бораётгани ҳамда бу жараёнларни юқори баҳолашини таъкидлади. У кенг кўламли ўзгаришларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кучли сиёсий иродаси туфайли эришилгани ва бу ислоҳотлар нафақат давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга, балки мазкур саъй-ҳаракатлар нинг натижаси бутун минтақадаги ҳолатга ижобий таъсир кўрсатишига ишонч билдирди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган маҳаллий ва хориж журналистларининг мамлакат қонунлари ҳамда халқаро этика меъёрлари, стандартларига риоя этиши масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, ижтимоий ва маиший масалаларга қасддан сиёсий тус бериш, ёлғон йўли билан ва фактларни текширмасдан нотўғри маълумотларни узатадиган «Озодлик» радиосининг ўзбек хизмати хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон танқидга қарши эмаслиги, бироқ танқид асосли, холис ва журналистик фаолият мезонлари бузилмаган ҳолда бўлиши кераклиги яна бир бор таъкидланди.
Изоҳ (0)