2019 йилнинг январь – май ойлари давомида Ўзбекистонда хизматлар соҳаси 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 13%га ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таяниб Sputnik хабар қилмоқда.
Ҳисоботга кўра, аҳоли истеъмол қилган хизматлар орасида энг катта улуш – транспорт хизматларига тегишли бўлиб, у жами хизматларнинг 29,5 фоизини ташкил қилган. Ундан сўнг савдо хизматлари – 25,3 фоиз, молиявий хизматлар – 17,9 фоиз, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари – 5,6 фоиз ва бошқалар.
Шу ўринда улуши энг кичик бўлган хизмат турларини ҳам санаб ўтамиз. Улар соғлиқни сақлаш соҳасида – 1,4 фоиз, компьютерларни таъмирлаш – 1,6 фоиз, меъморчилик – 1,7 фоиз, ижара хизмати – 2 фоиз.
Ўтган давр мобайнида фойдаланилган хизматлар ҳажмининг ўсиш суръати бўйича молия соҳаси етакчилик қилмоқда. 2019 йилнинг январь май ойларида молиявий хизматлар салкам 60 фоизга ошган. Ундан сўнг меъморчилик ва муҳандислик соҳаларидаги хизматлар – 30 фоиз, таълим соҳасидаги хизматлар – 21 фоиз, соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар эса18 фоизга ошган.
Фойдаланилган хизматлар ҳажмига ҳудудлар кесимида назар солганда, Тошкент шаҳри яққол ажралиб турмоқда. Ўзбекистонда кўрсатилган жами хизматларнинг учдан бири, яъни 33,1 фоизи Тошкент шаҳрида кўрсатилган. Иккинчи ўринда Тошкент вилояти – 7,2 фоизни, учинчи ўринда эса Самарқанд – 6,5 фоизни, кейинги ўринларда Фарғона – 6 фоизни, Андижон – 5,2 фоизни ташкил қилмоқда.
Хизматлар соҳасининг ривожланиши бўйича чемпион – Жиззах вилояти бўлди. Бу ерда хизматлар соҳаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга ўсган. Сирдарёда – 20 фоизга, Хоразмда – 15 фоизга, Бухоро ва Наманган вилоятларида – 13 фоизга, қолган вилоятларда хизматлар соҳаси ўртача 9-12 фоизга ўсган.
Изоҳ (0)