Гулнора Каримованинг қизи Имон Instagram’даги саҳифасида онасига тегишли эканлиги тахмин қилинган ва ҳозирда ўчирилган аккаунтдан олинган баёнотни жойлаштирди.

Фото: Sputnik

6 йил давомидаги илк мурожаат эканлиги айтилаётган матнда Гулнора Каримова кутишларни оқламагани ва ҳафсалаларини пир қилгани учун халқдан узр сўраган. Ўзи олиб юрган фамилия учун масъулиятни ҳис этган ҳолда ихтиёрий ёки бундай бўлмаган ҳаракатларини англаб етишга вақти бўлганини қайд этган.

Аввалги қарорлари ва қилмишларини қоралайдиган даражада ўзгарганини таъкидлаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилган.

Foto: Instagram / Имон

«Биринчи сўровларданоқ маблағларим мамлакат ривожи учун хизмат қилиши мақсадида ҳамкорлик қилишни бошлаганман. Бу пуллар Ўзбекистон учун наф келтирадиган лойиҳаларда салмоқли ўрин тутади, деган умиддаман. Прокуратура давлат фойдасига мусодара қилинган мол-мулк ва воситаларни аниқ ҳисоблаб бўлмаслигини даъво қилган бўлса-да, Ўзбекистон ҳудудидаги 1,2 миллиард доллар миқдоридаги шахсий активларим менга тегишлиликдан чиққани ва республика бюджети учун ишлаётганини билдирмоқчиман. Бу ҳолат бир неча маҳаллий текширувлар давомида ўз тасдиғини топган», — дейилган баёнотда.

Шунингдек, баёнотда Швейцариядаги ҳисоб рақамларда музлатилган маблағлар масаласига ҳам аниқлик киритилган.

«Бу масала фақат менга тегишли ёки боғлиқ эмас. Уларга бошқа давлатлардаги кўпчилик даъвогарлик қилади. Ваҳоланки, уларнинг барчаси менинг активларим. Бунда мен томонимдан ишга туширилган йирик компаниялар Ўзбекистонда 15 минг кишини иш билан таъминлаганини ҳам ҳисобга олиш лозим», — таъкидланади баёнотда.

Мазкур баёнотга ҳозирча расман изоҳ берилмаган.