Хабарингиз бор, Украинада бўлиб ўтган илҳомбахш сайловда катта фарқ билан халқ қўллаб-қувватловида собиқ қизиқчи Владимир Зеленский ғолиб чиқди. У президентлигининг дастлабки бир ойида нималар қилишга улгурди?
Пётр Порошенкони (Украинанинг собиқ президенти) дебатларда юқори энтузиазм билан мағлуб қилган Владимир Зеленский ва унинг жамоаси дастлабки қадамларданоқ нафақат Украина, балки МДҲ давлатлари аҳолисининг муҳаббатини қозонди. Хусусан, у дебатларни Украинанинг марказий стадионида бутун халқ иштирокида ўтказгани ҳам демократик ва шаффоф сайлов сари катта қадам бўлди. Бу дебатларда бевосита халқ иштирок этди.
Албатта, бунинг сабаблари бор. Президентлик сайловида ғалабага аввалроқ экранларга чиққан «Халқ хизматкори» сериали катта туртки берди, деб бемалол айта оламиз. Айнан шу сериалда енгил юмор орқали президентга талаблар, бошқарув органларидаги сиёсий ўйинлар, амалдорларнинг кирдикорлари очиқ ёритилган. Бундан ташқари, сериалда амалдорлар халқ ҳаққига хиёнат қилмаслиги, ортиқча ҳашаматга берилмаслиги ҳамда бир қатор халқ орзулари акс этган.
Хўш, фаолиятининг дастлабки ойида Владимир Зеленский қандай ишлар қилди?
Бу ҳақда 19 июнь куни «Халқ хизматкори» партияси номидан Ирина Верешчук News One каналига маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, президентликнинг дастлабки 30 куни ижобий руҳда ўтган. Президент бу муддат ичида бир қатор шахарларда, хусусан, Донбасс, Мариуполь ва Львов вилоятларида бўлди. Кончилар фаолияти билан танишиб, уларнинг қолиб кетган маошларини ҳал қилиб берди. Роттердам+ шартномасини бекор қилиб, коммунал тўловлар тарифини 7 фоизга туширди.
Зеленский халқаро муносабатларни яхшилаш учун бир қатор муҳим давлатлар: Бельгия, Франция, Германияга борди ҳамда француз лидери Макрон ва Германия канцлери Ангела Меркель билан учрашди.
Бу учрашувлар самараси ўлароқ шу йилнинг июль ойида Евроиттифоқнинг муҳим саммитларидан ҳисобланган Нормандия тўртлиги ва НАТО музокаралари Украинада ўтказиладиган бўлди. Тез орада президент Канадага бориши ва АҚШ ҳам жиддий таклиф қилгани маълум қилинди.
Бундан ташқари, Зеленский 7 июнь куни президентнинг шаҳар ташқарисидаги қароргоҳида журналист ва блогерлар билан очиқ ва эркин руҳдаги учрашув ўтказди. Бу учрашувда иштирокчилар ва ҳатто президент ҳам ёстиқчали ўриндиқларда ўрмон ичида ўтирду. Танаффус вақтида эса шароб, шаурма ва пиво тарқатилган. Асосий саволларга тўлиқ жавоб берган Зеленский матбуот анжумани президентликнинг 100 кунлигида ўтказишини маълум қилди.
Владимир Зеленский бир муддатга сайланишини қайта-қайта такрорлагани ва инуагурацияда айтган сўзлари халқ меҳрини қозонди. Кейинги фаолиятини ҳам кузатишда давом этамиз.
Абдулазизхон Акрамов
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)